Аввал хабарлаганимиздек, Самарқанд вилоят ЖИБ Тайлоқ туман судининг Н.МИРМУҲАМЕДОВ раислигида шу йил 30 июль куни Дилмурод Саидов (Саййид ва бошқалар)га нисбатан ўқиган ҳукми қонунга тўлиғича хилоф бўлиши билан бирга маълум бир МАНФААТни кўзлаб ўқилган. Судья Н. МИРМУҲАМЕДОВ қонундан манфаатни устун қўйиб, иш кўрганлигига бошқа аниқ мисол ҳам келтириш мумкин. Яъни: 2009 -йил 23 январ куни ЎзР ЖК 97-моддаси 1-қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) билан айбланган Ш. Азизга нисбатан Н. МИРМУҲАМЕДОВ чиқарган ҳукмда судланувчига ЎзР ЖПК 57-моддаси қўлланилиб, 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Жабрланувчи Қ. ШАФОАТнинг эътироз ва талаблари инобатга олинмаган. Ноилож жабрланувчи Қ. Шафоат боқувчиси (марҳум эри Нуриддин Х.) ни йўқотганлигини, суд унинг асосли эътирозларини инобатга олмаганини арз қилгач, вилоят прокурорининг 2009- йил 2 июндаги протести билан ЖИБ вилоят суди томонидан суд ҳукми бекор қилиниб, 5 август куни ЖИБ Самарқанд туман судида “Иш” қайта кўрилган.
Тушунишимизча, Н. МИРМУҲАМЕДОВ қотиллик жинояти учун ЖПК 57-моддасини қўллашлик сабабини ҳатто “ҲУКМ”да ҳам асослаб бера олмаган. Қизиқ жиҳат: исботини топган қотиллик қилмиши учун енгиллик беришга уринган қози Н. МИРМУҲАМЕДОВ ҳеч бир исботсиз ҳолат юзасидан Д. САЙЙИД (ва бошқалар)га “Отнинг калласи”дек жазоларни тайинлади.
Қонун қозининг маҳрига тушган СЕП эмас-ку! Олий Суддаги масъуллар ушбу ҳолат юзасидан бир тўхтамга келишар!
АБДУЛ НАБИЙ
ТАЙЛОҚ.