Темур Хўжа бутун умри ва кучини туркий халқлар маданияти ва тарихи борасидаги изланишларга бахшида этган.
У туркий халқлар олами, Марказий Осиё маданияти тарихи, жадидчилик, Шўро даври ва мустақилликдан кейин Марказий Осиё республикаларида кечаётган сиёсий ўзгаришлар, демократия ва диктатура мавзуларида тинимсиз меҳнат қилаётган фидокор олимлардан бири. Темур Хўжа Туркистоннинг маданий ва сиёсий тарихига бағишланган 120га яқин мақолалар ёзган. Уларнинг аксари турк ва инглиз тилларида, Туркия, Америка Қўшма Штатлари, Оврўпо давлатлари, Ҳиндистон ва Япония каби давлатларда чоп этилган. Темур Хўжа ҳозирда жадидчилик даврида хотин-қизлар фаолияти хусусида тадқиқот олиб бораётганини айтади.
Унинг илмий фаолияти Афғонистондаги ўзбеклар мавзусини ҳам четлаб ўтмаган. Шунингдек, Темур Хўжа Шарқий Туркистондаги вазият ва уйғурлар фаолиятини яқиндан кузатишини, Жаҳон Уйғурлари Конгрессининг раҳбари Робия Қодир ҳақида китоб ёзаётганини айтади. Темур Хўжанинг 1992-йилда «Туркий олам сўзлашгичи», 2001-йилда «Туркистонда инқилоблар ва ислоҳотлар: 1900-1924» деб номланган китоблари босмадан чиққан. Бундан ташқари у Қрим, Россия, Литва, Польша ва Украинада истиқомад қилувчи қарайим деган туркий қавм сўзлашадиган тил бойлиги таҳлил этилган китоб ҳам ёзган. Китоб 2006-йил Олмониянинг Мюнхен шаҳрида нашр этилган. Темур Хўжа назмда ҳам қалам тебратади. Унинг қатор шеърлари ва баъзи мақолалари Ўзбекистоннинг қатор журнал ва газеталарида ҳам босилган. Темур Хўжа қатор шеърий таржималар муаллифи ҳам.
«Мен Туркистон адабиёти, шеъриятидаги энг буюк уч исм- ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпон, уйғур шоири Абдухолиқ Уйғур ва қозоқ шоири Мағжон Жумабой ўғли қаламига мансуб шеърларни инглиз тилига ўгирдим ва уларни «Озодлик ва муҳаббат тўғрисида: овросиё водийларидан лирика» деб номланган китоб ҳолига келтириб қўйдим. Уни яқинда Америкада чоп этиш ниятим бор»,-дейди олим. Бухоро жумҳуриятининг биринчи раиси Усмон Хўжанинг ўғли Темур Хўжа 1947-йил Истанбулда туғилган.
Темур Хўжа бир неча йиллар «Озодлик» радиосининг ходими сифатида ҳам фаолият олиб борган. Профессор Темур Хўжа ҳозирда Истанбулдаги Қуч Университетида ишлайди. У турк, ўзбек, форс, урду, инглиз, немис ва рус тилларида сўзлашади. Таниқли туркшунос олим Темур Хўжа Би-би-си мухлислари саволларига жавоб берди: Бугунги Би-би-си меҳмони таниқли туркшунос олим, профессор Темур Хўжа бўладилар. Темур ака Би-би-си дастурига хуш келибсиз! Темур Хўжа: Ассалому алайкум. Сизларга яхши кунлар тилайман! Би-би-си: Раҳмат катта! Тингловчиларимизнинг Сизга дунёнинг турли бурчакларидан саволлар йўллашган. Улар аввало Сизни муқаддас Рамазон ойи билан қутлашган. Ана шундай саволлардан бири Америка Қўшма Штатларидан. Аҳмад исмли тингловчимиз отангиз ҳақида гапириб беришингизни сўрабдилар. Лондондан хат йўллаган Темур Фарҳод ўғли ҳам отангизнинг Бухородаги сўнгги ҳаётлари ҳақида гапириб ўтишингизни илтимос қилганлар. Марҳамат!
Темур Хўжа: Бу тўғрида савол йўллаганларга ўз миннадорчилигимни билдираман. Ҳаммани Муборак Рамазон ойи билан табриклайман! Усмонхўжа тўғрисида мен 2001-йил бир китоб чиқаргандим. Ўша китобда тўлиқ маълумот бор. Албатта, у киши тўғрисида гапиришга вақт ҳам етмайди. Усмон Хўжа Туркистоннинг жуда бир қийин замонида яшаб ўтган. Айниқса, чор мустамлакачилигидан Совет мустамлакачилигига ўтиш даврини у киши кўрган. Усмонхўжа дастлаб жадидчилар ҳаракатида фаол рол ўйнайди. Бухоро амирлигида жадид мактабларини очиш, халққа, ёшларга таълим-тарбия бериш, яъни замонавий таълим-тарбия беришга ҳаракат қилади. Кейин ёш бухороликлар сиёсий ҳаракатида қатнашиб, Бухоро амирини 1920-йилда ағдариб, ўрнига Бухоро Халқ шўролар жумҳурияти номи остида янги бир давлат тузадилар. Бу давлат ҳали марксистик тузумни маъқуллаган давлат эмас эди. Жадидчилар 3-4 йил Бухорода таълим-тарбия ва бошқа соҳаларда хизмат қилишади. Лекин, Усмон Хўжа 1922-йилнинг охирида Бухородан чиқиб кетишга мажбур бўлади. 1923-йилда Совет ҳокимияти Бухорода жойлашиб, 1923-йилнинг охирида Бухоро Халқ шўролар жумҳуриятининг номи Бухоро Халқ Совет Республикаси деб ўзгартирилади. 1924-йилда Ленин ва Сталиннинг режаси бўйича Марказий Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати олиб борилади. 1925-йилдан бошлаб Бухоро ва Хоразм жумҳуриятлари йўқ қилиниб, ўрнига ҳозирги Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон деган бешта давлат тузилади. Усмон Хўжа Афғонистонга 1922-йил охирида чиқиб кетганидан кейин, у ерда бир йил туради. Сўнг Туркияга келиб, Туркияда яшайди. Туркияда жуда ҳам узоқ яшайди. У киши 90 ёшида 1968-йилда оламдан ўтади. Унгача у, албатта, ўз ватани-Туркистоннинг озодлиги ва мустақиллиги учун курашиб, 1927-йилдан бошлаб Истанбулда «Янги Туркистон» деган журнални нашр қилади, Туркистон тарихи тўғрисида турли анжуманларда иштирок қилади. Ва шу билан умр ўтказади. Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Рустам Файзулла Хўжаев ҳақида маълумот беришингизни илтимос қилибдилар. Париждан хат йўллаган Муниса Эшонхўжаева ҳам: Файзулла Хўжаевни Бухоро учун жонини фидо қилган халқпарвар инсон деб айтишади. Лекин, айрим жойларда сотқин деб ҳам таърифлашади. Шунга Сизнинг муносабатингиз?-дея савол йўллаганлар. Темур Хўжа: Албатта, Файзулла Хўжа ҳақида Ўзбекистонда ҳам нашр этилган илмий асарларда анча маълумот кўпроқ. Аммо, албатта, мен охирги саволга жавоб беришим мумкин. Файзулла Хўжани яхши таниш учун шуни билиш керак, албатта у киши бошланишда коммунизмга самимий ишонарди. Бу янги тузумнинг Туркистон халқига, айниқса Бухорога ҳам яхшилик келтиришига ишонарди. Бироқ, у даврда ишонмаган кишилар ҳам бор эди. Масалан, у кишининг амакиваччаси бўлган Усмон Хўжа коммунизмга қарши эди. Аммо, албатта Файзулла Хўжа хоин эмас эди, бу фақат идеология жиҳатидан коммунизмга ишонади, аммо ҳеч қачон Бухоронинг Совет мустамлакасига айланишини орзу этмас эди. Кейин у киши Бухоро йўқ қилиниб, ўрнига Ўзбекистон бўлганида, Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби бўлиб, Ўзбекистонни 1938-йилгача бошқариб келди. Лекин, у киши ўша даврда, демак, Сталин даврида судга тортилиб, хоин деб ўлдирилади. Албатта, биз Файзулла Хўжага ўзбек тарихи нуқтаи назаридан қарасак, у киши хоин эмас эди, халқпарвар бир киши эди. Ўзбекистон, кейин Бухоро халқи учун жон фидо қилиб ишлади. Лекин, совет тузумида, албатта кўп нарса қила олмас эди ва кейин уни ҳам йўқ қилиб юбордилар. Би-би-си: Америкадан Аҳмаджоннинг иккинчи саволлари: Маҳмудхўжа Беҳбудийни ким ўлдирган, бу ҳақдаги фикрингиз? Бухородан Ҳусайн номи билан мактуб йўллаган мухлисимиз эса, сўраяптилар: Ўтган асрнинг дастлабки ярми давомида олиб борилган қатағонлар ўзбек аристократияси (зодагонлар) қатламини тўла йўқ қила олган деган фикрга қўшиласизми? Темур Хўжа: Албатта, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг катта раҳбарларидан бири, балки-да, энг аҳамиятлиси Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Усмонхўжа ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шогирди, талабаси эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тарихи, манбалардан билишимизча, 1919-йилда Қарши шаҳрида Бухоро амири Олимхоннинг жаллодлари томонидан ўлдирилган, қатл қилинган. Бунда Московнинг ҳам роли бор деган фикрлар ҳам бор, аммо бу тўғрида ҳали ишонарли манбаларга эга эмасмиз. Албатта, Беҳбудийнинг фаолиятларидан хурсанд бўлмаган Бухоро амири Олимхон томонидан ўлдирилган деб биламиз. Албатта, бу қатағонлар, бошқа нарсаларда фақат ўзбек халқининг бойлари, илғор зиёлилари эмас, халқ қатламидан ҳам кўп кишилар қурбон этилди. Биринчиси, бу очарчилик даврида, коллективизация даврида турли кишилар қатағон қилиниб, қулоқ қилинди. Ундан кейин Станлиннинг зиёлиларни йўқ қилиш даври келди. Демак, совет даври жуда қонли бир давр. Ва бу даврда халқ қатламидан ҳам, зиёлилар қатламидан, бойлар қатламидан ҳам кўп кишилар ўлдирилди, аммо батамом йўқ қилинди, деб айтиш мумкин эмас. У кишиларнинг авлодлари совет даврида ҳам яшаб ўтган ва ҳали ҳам уларнинг авлодлари бор. Би-би-си: Олмониядан Муродбек Сизнинг жадидчилик ҳақидаги китобингизни ва отангиз Усмон Хўжа ҳақида ҳам ўқиганларини айтганлар. Жадидлар, айниқса Беҳбудий «фақат илм миллатни қолоқликдан олиб чиқади» деб айтганлар. Бу фикрлар 100 йилдирки долзарб бўлиб қолмоқда ва биз яна 100 йилдан кейин шундай бошқа халқлардан қолоқ бўлиб қолаверамизми, бундай бўлмаслиги учун нима қилишимиз керак?-деб сўрабдилар. Темур Хўжа: Бу жуда ҳам яхши савол. Беҳбудий бир мақоласида: «Замон тараққиёт замони, бу тараққиёт замонида жаҳолат билан давом этиш мумкинми, мумкинми?» деган саволни берган эди. Жадидчилар биринчи кўтариб чиққан шиор ҳам аҳолини билим билан таъминлаш ва таълим-тарбия бериш эди. Чунки, шу орқалигина тараққиёт сари қадам ташлаш мумкин. Би-би-си: Дунёнинг турли бурчакларидан хат йўллаган яна қатор тингловчиларимиз Ўзбекистондаги ҳозирги вазият ва унинг келажаги ҳақида фикрингизни билишни исташган. Масалан, Ўзбекистондан Аброр: Сизнингча, Ўзбекистонда кейинги раҳбар ким бўлади ва қанақа бошқаради мамлакатни?-дея сўраганлар. Истанбулдан Улуғбек Шарипов ҳам худди шунга ўхшаш савол йўллаганлар: Ўзбекистонда ҳам инқилоб бўлиши эҳтимоли борми? Озод ва демократик Ўзбекистонни кўриш учун биз ўзбек ёшлари нима қилишимиз керак? Париж шаҳридан Ислом Болтаев ҳам худди шу мазмунда хат йўллаб, Сизга чуқур ҳурмат билдириб қолибдилар. Марҳамат. Темур Хўжа: Келажакда Ўзбекистонга ким бўлади деган саволга шуни айтиш мумкин, буни ўзбек халқининг ўзи белгилайди. Дунёнинг барча жойларида аҳоли ва ўша мамлакатнинг фуқаролари раҳбарни сайлайдилар. Чунки, раҳбар сайланиши керак. Агар бирон раҳбар зўравонлик билан бошга келса ёки сайлов билан келса ҳам, ҳокимиятда туришини зўравонлик билан давом эттирса, албатта, халқдан узоқлашиб қолади. Халқдан узоқлашиб қолган ва унга ишонмаган раҳбар давлатни бир милиция давлатига айлантиришга мажбур бўлади ва диктатура тузими ўрнатилади. Шунинг учун, бир нарса айтиш мумкин, келажакда Ўзбекистоннинг раҳбарини ўзбек халқининг ўзи белгилайди ва бу фақат ҳуқуқ ўзбек халқининг ўзида. Албатта, мамлакатнинг келажагини фақат ёшлар белгилайди. Туркия раҳбари Мустафо Камол Отатурк ёшларга шуни айтган эди: «Ман бир кун ўламан, раҳбарлар ўлиб кетишади, лекин мамлакатнинг истиқболини, келажагини фақат ёшлар белгилайди». Ёшлар таълим-тарбия олиб ўсганларидан кейин мамлакатни улар бошқаради. Ёшлар нима қилишлари мумкин? Албатта, ёшлар демократик фикрларни ёйишлари, тарқатишлари керак. Бир мамлакатда диктатура тузими бўлса ҳам, уни фақат демократик йўл билан ўзгартириш мумкин. Қон билан, куч билан ўзгартириш ҳеч бир вақт фойда келтирмайди. Демократияни жойлаштириш учун ҳам демократия керак. Қурол кучи билан бу бўлмайди. Қурол кучи билан бўлган нарса келажакда бошқа фалокатларни ҳам олиб келади. Албатта, баъзилар: «бир диктатор жуда ҳам зўравон бўлса, қўлида бутун қуролли кучлар бўлса, буни қандай қилиб демократия билан ўзгартириш мумкин?» дейишади. Токи, аҳоли, фуқаро қатламларининг барчасига демократия тушунчаси мустаҳкам сингдирилса, бу албатта мумкин бўлади. Би-би-си: Қаердан эканларини ёзмаган Тоҳир аканинг мактубларининг ўқиб берсам: Темур Хўжа билан мулоқот уюштириб, яхши қилибсиз. Чунки у киши яхши олим ва яхши сиёсатчи эканини биламан. Темуржонга саволим: 1991 йилнинг охирида, Ўзбекистон мустақил бўлгач, бу ерга келганингизда давлат раҳбарининг қабулида бўлиб чиққач, менга: «модомики мавжуд тузум сақланар экан, Ўзбекистонга бошқа келмайман» деган эдингиз. Орада 18 йил ўтиб, фикрингиз ўзгардими? Темур Хўжа: Азиз дўстим Тоҳир ака, у киши менинг азиз дўстим бўладилар, бироқ, берган саволларида орадан ўтган 18 йил боисми, баъзи нарсаларни аралаштириб қўйганлар. Мен 1991-йил охирларида эмас, 1990-йил охирларида, ҳали Ўзбекистон мустақил бўлмаган пайтда Ўзбекистонга борганман. У киши ҳам яхши билади, Тошкентда мени кутиб олишган эди. Демак, мен 1990-йил октябр ойида Ўзбекистонга қадам ташлаганман. Лекин, яна бир нарсада у киши янглишиб қолган- мен «агар Ўзбекистонда бу тузум давом этар экан, Ўзбекистонга қайта келмайман», деб айтган эмасман. Биринчидан, у ерда ҳали совет тузами бор эди. Яъни, Горбачёвнинг ошкоралик ва қайта қуриш пайтида борганман Ўзбекистонга ва ҳеч қачон бундай гапни айтмаганман. Кейинроқ ҳам айтмадим. Ўзбекистон, умуман, Туркистон менинг ота юртим, ҳеч қачон ман ўз юртимдан хафа бўлиб, юзимни бошқа томонга ўгириб, у ерга бошқа бормайман деган бир фикрда бўлмайман. Албатта, тузумлар баъзи даврларда оғир бўлиши мумкин. Лекин, тузумга қараб инсон ўз ватанидан юз ўгирмайди. Мен ҳам Ўзбекистондан юз ўгирган эмасман, чунки Ўзбекистоннинг келажагига, истиқболига ишонаман. Манда ҳар доим ватанимга бориш орзуси бор. Би-би-си: Тоҳир аканинг иккинчи саволлари Ўзбекистон мухолифатига оид экан. «1990-йиллар мухолифати тажрибасиз бўлса-да, лекин жамиятнинг эрксевар кучларини озми-кўпми ўз ортидан эргаштиришга, улар ўртасида ҳурмат қозонишга муваффақ бўлган, унда маълум маънода ўзига хос маданият бор эди. Сизнинг ўзбек мухолифати ҳақида фикрингиз?« Темур Хўжа: Бу ҳам жуда яхши савол. Албатта, Тойир ака айтганидек, сиёсий маданият, инглиз тилида буни political culture дейилади, сиёсий маданият бир мамлакат учун жуда зарур бир нарса. Ўша Горбачёв даврида бошланган демократик сиёсий маданият илдиз ураётган бир пайтда Ўзбекистон мустақил бўлди ва кейин афсуслар бўлсинки, ўша сиёсий маданият йўқ қилинди. «Бирлик» халқ ҳаракати, «Эрк» Демократик Партияси, «Деҳқонлар» партияси, «Туркистон миллий ҳаракати» деб ўнлаб ижтимоий-сиёсий ташкилотлар тузилган, хабарномалар эркин нашр этилаётганди, шундай бир сиёсий маданият илдизи, афсус, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин йўқ қилинди. Ҳолбуки, агар сиёсий, демократик мухолифатга рухсат берилса, ўша Горбачёв даврида бошланган демократик йўналишлар мустақиллик даврида яшаса эди, бугун Ўзбекистон демократик соҳасида кучи бир маданиятга эга бир давлат бўларди. Лекин, ўша демократик йўқ қилингани учун, Ўзбекистондаги сиёсий маданият ҳам йўқ бўлди. Ўзбекистондаги мухолифат ҳам ўз кучини йўқотди. Сиёсий маданият қайта аста-секин Ўзбекистонга қайтиши керак. Чунки, бусиз бир мамлакатда бир демократик тузум ўрнатиш мумкин бўлмайди. Би-би-си: Бухородан Жамшид Маликов: Бухоронинг энг сўнгги амири Саид Амир Олимхоннинг чор Россиясига мағлубиятининг асосий сабаби нимада эди, деб ўйлайсиз? Бошқа бир тингловчимиз Саид Амир Олимхоннинг шахсига муносабатингизни сўраганлар. Темур Хўжа: Демак, Амир Темур марказий давлати йўқ бўлиб кетиб, ўрнига турли хонликлар, олдин шайбонийхонлар, кейин Бухоро амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонликлари тузилганди. Ва Туркистон турли парчаларга бўлиниб қолганди. Ўша пайтда бу кичик-кичик давлатлар ўзаро жанжал билан ҳам бир-бирларини заифлаштиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда Россия 16-асрдан бошлаб кучли бир давлатга айланади… Аввал Олтин Ўрдани, кейин Қозон хонлиги, Қрим хонлиги, Астрахан, Сибир хонлигини йўқ қилади. Ундан сўнг, Қофқоз ва Туркистон сари ҳужумга ўтади. Туркистондаги кичик-кичик хонликларни, кейин Хоразм, Бухоро, Қўқон хонлигини йўқ қилади. Бундай бир шароитда Олимхон ҳам, зотан, бир нарса қила олмас эди. Бухоро амирининг ўз шахсига келинса, албатта, ҳеч бир шахсни батамом ёмон ёки батамом яхши деб бўлмайди. У кишининг ҳам турли қиррали жиҳатлари бор эди. Аммо, умуман тарихий жиҳатдан олсак, Олимхон ўз ҳокимияти даврида катта хатоликларга йўл қўйган бир раҳбар эди. Би-би-си: Кўплаб тингловчиларимиз, жумладан Жамшиджон: Бухорои Шарифни зиёрат қилгани тез-тез келиб турасизми? Бухоронинг алоҳида давлат бўлиб Ўзбекистондан ажралиб чиқиш имкониятлари борми? -дея савол йўллаганлар. Истанбулдан Улуғбек Шарипов ҳам, Ёш бухоролик номи билан хат йўллаган тингловчимиз ва бошқа қатор Би-би-си мухлислари худди шу мазмунда савол йўллашган. Марҳамат: Темур Хўжа: Мен Бухорога фақат бир марта борганман. У ҳам шу 1990-йил октябр-ноябр ойида Ўзбекистонда бўлганимда азиз шоир дўстим Жамол Камол билан бирга борганмиз. Бухоро алоҳида давлат бўладими? Албатта, Бухоро ўтмишда бир давлат эди. Ҳозир Бухоро Ўзбекистоннинг бир парчаси. Ҳозир унинг алоҳида бир давлат бўлиши кўнгил истамаган нарса бўлади. Йўқ, Бухоро алоҳида бир давлат бўлиши мумкин эмас. Би-би-си: Оврўподан савол йўллаган Ринат: Ҳурматли Темур Хўжа ака, 90-йиллар бошларида очилган Ўзбек- Турк мактабларида энг илғор ва оддий оилаларнинг болалари ўқишар эди. Бу мактабни битириб чиққан ўқувчилар энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга киришга муваффақ бўлишганди. Мен ўзим ҳам шу мактабларда таҳсил олганман. Бизга ҳеч қандай диний дарслар берилмас эди. Шу мактабларнинг ёпилишига қандай қарайсиз? Темур Хўжа: Албатта, бу мураккаб бир савол. Бунга бир аниқ жавоб айтиш мумкин эмас. Фақат биринчидан, у киши айтганларидек, тўғри, бу мактаблар Ўзбекистон учун жуда фойдали ишлар қилган. Ва у киши айтганидек, бу мактабларда ҳеч қандай бир диний берилган эмас. Аслида диний тарбия берилишининг ёмон жиҳати йўқ. Фақат бу ерда маълум бир сиёсий, яъни динни сиёсий мақсадда қўллаш учун бир идеология берилганми, йўқми бунга қараш керак. Динни идеология қилиб ишлатиш ҳам динга қарши, ҳам демократияга қарши бир ҳаракат бўлади. Аммо, бу лицейлар бугун Туркманистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда, қолаверса, Озарбайжонда давом этиб келяпти. Ўзбекистонинг ўзида булар ёпилган. Бу ҳам ўша Ўзбекистоннинг тузумидан келиб чиққан бир нарса. Би-би-си: Лондондан хат йўллаган Фарҳод Ҳамид ўғли: Ўзбек-турк муносабатларининг узоқлашиб кетишига сабаб нима? Бунга ҳам Каримов айбдорми ёки турклар тарафми?-дея савол йўллабдилар ва умуман Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг бугунги вазиятига баҳонгизни билишни истабдилар. Темур Хўжа: Бу мавзуни яхши билиш учун Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳам муносабатларига кўз ташлашимиз керак. Бугун Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳам муносабатлари яхши эмас. Бугун Ўзбекистон билан Қирғизистон, Ўзбекистон билан Тожикистон, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида жуда ҳам жиддий муаммолар бор. Ва бу қўшнилар бир-бирига ишонмайди. Ва бир-бирларига қарши сиёсатлар олиб боряптилар. Шу нуқтаи назардан қарасак, Ўзбекистоннинг бошқа чет давлатлар билан ҳам-Америка Қўшма Штатлари, Оврўпо мамлакатлари билан ҳам муносабатлари яхши аҳволда эмас. Шундай бир аҳволда қандай қилиб Ўзбекистоннинг Туркия билан муносабатлари яхши бўлсин? Туркманистонга қарайдиган бўлсак, Сапармурод Ниёзов даврида тарафсиз бир давлат бўламан деб, Туркманистонни бутун дунёдан четлатиб қўйди. Ўзбекистон учун ҳам шу хавф бор. (Давоми бор) |