Каримовнинг ёлғонлар тўлган пуффаги…

Ёдгор Турлибеков,
АҚШ.

Кимки ёлғончилик уруғин экса,
у албат расволик мевасин олажак!

( Алишер Навоий ).

Юқоридаги икки сатр мазмуни улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг асрлар оша долзарблигини йўқотмаган, дурдона насиҳатларидан бир шингилдир холос. Зероки, суҳбатдошингизнинг бир оғиз ёлғон сўзи замирида бирорта иғво-ҳасад, балки қора нияти ҳам ётиши мумкин. Бундай кичик бир ёлғоннинг ўзи кечагина мустаҳкам, бир оилани парчалаб юборишга қодир бўлса, бугунги Ўзбекистонда ёлғонлар бутун бир мамлакатни эгаллаб, мислсиз улкан даражага етганда бунинг оқибати нима бўлишини ҳис этаётирсизми?

Унда эшитинг, бундай улкан ёлғон, мисоли хайқириб тошган бўронли денгиз тўфонидек,
бутун бир мамлакатни вайрон этаркан, хуллас сув бузган эл қачондир тузалар, аммо ёлғон бузган эл ҳатто юз йилларга узайиб, бундай юрт миллати атрофга бодроқдай сочилиб кетиши мумкин экан. Бундай миллатнинг бошига тушган битмас – туганмас ташвишлардан унинг бир неча авлоди манқуртларга айланиб, эссиз шунча йиллар азоб-уқубатлару, қашшоқликка маҳкум бўларкан.

Ёлғон кўпайса хақиқат сўниб, хақиқат эса, бу адолат демак бўлиб, Амир Темур бобомизнинг: “Куч, — адолатдадир,” деганларидек, ёлғонлари кўпайиб адолат қолмаган бундай мамлакатда биргина куч қолар, у ҳам бўлса – бундай куч ўз халқини ҳимоя қилиш ўрнига уни ҳар томонлама хўрлаб эзувчи кучга айланар экан. Элим ва юртим шундай хароб бўлмасин ва адолат бу юртдан қочмасин деган

Шарқнинг кўп доно подшолари ёлғонларнинг у қадар кўпайиб кетмаслиги ва асл хақиқатни билиш учун, жулдур чопонни елкага ташлаб, ўзини ора-чора авом халқ орасига уриб турар эканлар. Бундай подшолар агар авом халққа ёлғон айтиб, уни алдаб талаётган бирор мулозим ёки амалдорларни аниқласалар, зудлик билан халқини йиғиб, унинг кўзи олдида бундай ёлғончи амалдорларни дорга тортар,

ёки унинг оғзига қайноқ қўрғошин қуйдириб ўлдирар эканлар. Бундай қаттиқ жазо ўрнатилган мамлакатнинг қозиларидан тортиб, амалдору мулозимларигача одил бўлиб, ёлғонлардан пок бу ўлкага оллоҳдан барака ёғилиб, ҳамма тўқ ва иноқ яшаб ўтаркан. Бу тарихимизда бор нарса бўлсада, ҳозир ривоятга айланган фикрдан жуда қизиқ бир савол ҳам туғиладики,

хўш ўша юртни бошқарган юртбошининг ўзи агар зоти паст қасамхўри ва ёлғончи чиқиб қолса нима бўлади? Бу саволга жавоб олиш учун, сўзбошимиздаги мисраларни қайта ўқишингизга тўғри келади: юрт, мисоли хайқирган бўронли денгиз тўфони остида қолиб вайрон бўлади! Энди замонамизга қайтсакда, “келажаги буюк давлат» дейилган маржондек тизилган

Каримовнинг ёлғонлари қай даражага етганини бир мулоҳаза қилиб қарасак қандай бўларкин? Барча ёмондин яхши ва яхшидин ёмонни топиш мумкин бўлганидек, советларнинг 70 йиллик сиёсатидаги ёмон тарафларидан чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз Каримовнинг олиб бораётган 20 йиллик икки юзламачилик гулханида ёниб товланаётган ёлғонларини ўша

“советлар зулми”дан неча юз марта ортиқ даражага етганини тан оласизми? Аммо ўша бугун тахқирланаётган советлардаги халққа қилинган жуда кўп инсонпарварлик ғамхўрликлардан диктаторнинг сиёсатида ҳам, унинг амалида ҳам заррача топиб бўлмаслигига ишончингиз бўлмаса, яқинда умрлари ўтиб адо бўлиб бораётган қари момо ва боболарингиздан сўраб кўрсангиз улар тўғрисини айтишади-ку.

Келаси саволимиз: Хўш ёлғон ва адолатсизликлар билан муросасиз курашган, аллома Алишер Навоий яшаб ижод қилган Ўзбекистонда, бугун ёлғончиликларнинг даражаси қанча? Улардан ким роҳатда-ю, кимлар азобда?! Бу саволларга бирдан очиқ жавоб берадиган киши, ўз боши устида Каримов қўлидаги ўйнаб турган қонли шамширни кўрмайдиган гўё сўқир, ёки бунга ақли етмас нодон бўлиши керак.

Аммо, бу саволларга хақиқатни очиқ айтиб бераоладиган ва ўлимдан ҳам қайтмайдиган кишилар, масалан ўзбекларнинг хозирги замон Алишер Навоийдек улуғ шоиримиз Юсуф Жумадек қўрқмас кишиларнинг халқимиз орасида оз бўлсада топилиши – бу миллатимизнинг хали тирик ва унинг бу дунёдан яхши умидлари бор эканини англатади.

Ёлғонларни алоҳида виқор ўқиётган телевидения ва радио суҳандонларининг диктатор Каримовга малайлик қилиб, қип-қизил ёлғонларни тўқиб, президентни халққа меҳрибон деб кўрсатиб, халқнинг ишсиз ва пулсиз қолган оғир аҳволини улар фаровон яшаётир, дейдиган маддоҳ журналистларга миллатининг кимлари дейиш мумкин!? Бундай ўз халқига эмас, президентларига парвона тоифалар,

Каримовнинг ўша 20 йиллик раҳбарлигидан бери унинг синалган арзандалари ҳисобланиб, улар юзлаб нафар Вазирлар Маҳкамасига, парламентларга, ҳокимиятларга ўрнашиб, президент Каримовнинг содиқ тўлиқ ҳимоячисига айланганлар. Айнан улар подшолар халифалик саройларидаги мулозимларни эслатиб, оқсаройларию-кўксаройларини тўлдириб парламентлар туздилар,

давлатчиликнинг жаҳондаги хўжакўрсинга сохта бир кўринишини яратдилар. Фақатгина ҳаммага ўз айтганини қилдирган юртбоши, бу юртга хақиқатан халифалик қилмоқда.
Айби мачитга бориб номоз ўқиш бўлганларни, улар конституцион тузимни ағдариб халифалик тузмоқчи, деб ўн минглаб бегуноҳ ёшларни 10-15 йиллик қамоқларга тиққан Каримовнинг ўзи, конституциянинг бирор моддасига ҳам итоат қилмай,

бу тузумни унинг ўзи аллақачрн ағдариб ташлаганку!. Демократик давлатларда конституцияга президентнинг ўзи биринчи бўлиб итоат қилиши керак. Фақат шундай мамлакатдагина конституцион тузим бор дейиш мумкин. Жуда қизиқ, Каримовнинг ўзи конституцион тузимни ағдариб ташлаган бўлса, унинг ўзини ЎзЖКнинг 159 моддаси билан аллақачон жазога тортиш керак эмасмикан дейсиз!?

Президент ўз обрўси учун важоҳатли қурилишларни кўпайтириб бу билан халқини ва хорижликларнинг диққатларини чалғитиб ўз курсисида умирбод қолишига уриниб келмоқлар. Халқ эса, ХХ1 асрнинг ҳуқуқсиз қолган қулларига айланди ва советлар давридаги мазалик таомларидан айрилиб, унинг ҳатто байрам дастурхонларида қора нону, чойдан бўлак нарса қолмади.

Халқ севган байрамлар йўқотилиб, мотамга айлантирилди. Ёлғонлар тўғрисидаги бу мақолада ўтган асрнинг 80-нчи совет йилларида Ўзбекистондаги қўшиб ёзиш каби ёлғонлар кўпайиб, москвалик терговчилар қанча ўзбек раҳбарларни қамаб юборган даврни, бугунга солиштириб, халқ учун советлар “мустабидлиги” соз бўлганми, ёки Каримовнинг “мустақиллиги”!?,- деган савол ҳам пайдо бўлади.

Хозир Ўзбекистонда 500 000 дан ортиқ кишилар ўз ариза ва шикоятларига неча йиллаб югуриб, қониқарли жавоб ололмай, идорама-идора югура бериб уларнинг силласи қуриб умидлари пучга чиқиб бўлган дейиш мумкин. Ўзбекистонда умуман тўғри ишламоқчи бўлган амалдорларга ўрин қолмади, чунки улар ёлғончилик қилишга виждонлари йўл бермаган бундай

раҳбарларнинг халқ учун ҳалол хизматлари ёлғончиларга ёқмади ва улар секин аста ўз аризаларини ёзиб ишдан бўшаб кетишга мажбур қилинди. Тобора кўпайиб бораётган халқнинг норозилигидан чўчиган идораларнинг фақат туғруқхонадан бошқаси ўзларини темир панжараларга ўраб олдилар. Уларнинг ўзи истаган кишиларинигина ичкарига қўйиб, пора олаётганини кўрган туғруқхона ходимлари ҳам энди,

террористлардан чақалоқларни асраш баҳонасида, пора ва совға саломлари уччига чиққан туғриқхоналар ҳам атрофига панжара қуриб бошлаганлар. Баъзилар эзилганидан ўз хуқуқларини ўрганишга мажбур бўлиб, энди уларни қаттиқ туриб талаб қила бошладилар. Аммо темир панжаралардан ичкари қўйилмаган дарғазаб кишилар ҳам кўпки, улар бу адолатсиз тизимини бугуноқ ағдаришга тайёрлар.

Хуллас Каримов эккан ёлғончилик дарахти 10 йилда ўзининг ёлғончилик берган серҳосил расволик мевасини берабошлади. Қандай бўлсада муддати келган охирги вақтларда қора булутлар Каримов устида тинмай айланмоқда. Бобомиз Навоий айтганларидек, ўзи танлаб ўзи эккан бу етилган захар-заққум мевадан энди, Каримовнинг шахсан ўзи татиб кўришга мажбурга ўхшамоқда.

Советларда ёлғончи амалдорлар назорат қилинган, саксонинчи йилларида Ўзбекистонда амалдорлар неча юз минг тонна пахтани бор кўрсатиб, бу ёлғондан улар бойиб вояга етмаган эркатойларигача машина ва ховлилар олиб бердилар. Бундан Москвага бир неча шикоятлар тушгач, текширишлар бошланиб, Тошкентдаги оператив марказга москвалик Гдлян ва Ивановлар раҳбарлик қилди.

Текширишда турли оғир жиноятлар, ҳатто партия билетлари ҳам 2-3 минг рубльдан сотилаётгани аниқланди. Пуллари кўп эркатойлар маст бўлишиб, камбағаллар қизларини зўрлаб, яна уларнинг ота-оналарига ва ҳатто милицияга дўқ қилишгача етиб бордилар. Маҳаллий милиция ва прокуратура бу эркатойларнинг оталаридан қўрқиб, уларнинг жиноятларини яширишга мажбур бўлдилар.

Терговчилар бунлай айбларини исботлаб райком, обком секретарлари, ҳатто республиканинг масъул ходимларигача қамаб юборилди, камбағаллар бундан хурсанд эдилар, чунки жазоланганларнинг ичида бирор оддий деҳқон йўқ, уларнинг энг кичиги пахта пунктга тарозибон, ёки сохта ведомостларнинг устаси, кассирлар эди. Ўша давр маҳсулоти

“Шоқоллар” стерео фильмини кўрганлар, ундаги ўзбек мафиясининг Иттифоқдаги ўрни анча баланд эканини кўришган. Асосий ролларни ўзбек актёрлари ўйнаган бу фильм, Иттифоқ кино экранларида катта шов-шувлар уйғотди. Аммо Ўзбекистонда, бу фильм экранларга чиқарилишига ривожланб улгурган мафиоз қабат йўл қўймади, фильмнинг ҳамма сеанс билетлари улар томонидан сотиб олинган эди.

Фильмда Ўзбекистондаги мафия гуруҳларининг ҳаёти, айниқса бир кексароқ милиция капитанини бир тўда маст бойваччалар фонтанга тушириб, ўртада уни масхара қилганлари, раҳмингиз келарлик ва ишонарлик даражада ифода этилган эди. Хуллас Ўзбекистонда бугун Каримовнинг 20 йиллик юбилей арафасидаги ёлғончилик пуффаги унинг томонидан тинмай пуфланаркан бу зўриқиб турган пуффак пақ этиб ёрилишига иншооло жуда яқин қолмоқда!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares