Ҳа, ажабланманг, Сирдарё вилоят Гулистон шаҳар ҳокимининг номи Бахтиёр Эргашевич Ибрагимов эмас, энди фуқаролар тили билан айтганда “ КИЧИК ДИКТАТОР”дир. Бундай дейишларига сабаблар жуда кўп. Бир бошдан сўзласак “Минг бир кеча” эртаги ҳақиқатга айланиб кетади, яхши томонга эмас, аксинча салбий томонга. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб белгилаб қўйилган. Ҳа, белгилаб қуйилган, аммо амалда-чи? Мансабдор шахслар мансаб курсисига ўтиргунга қадар “халққа қараб қўли кўксида бўлади. Мансаб курсисига ўтиргач эса фуқароларни танимай, эшигидан киритмай қўяди.
Гулистон шаҳар ҳокими шундайлардан биридир. Кўплаб фуқаролар унинг кимлигини юз тузилишидан танишмайди. Ҳар ҳафтанинг шанбаси қабул куни қилиб белгиланган бўлишига қарамай, у йиллаб фуқароларни қабул қилмайди. Бирон – бир кишининг ҳолидан хабар олганини ҳеч ким эслай олмайди. У гўёки осмондан тушган бир фаришта.
Гулистон шаҳар “Маҳалла – темир йўл бекати” маршрутида қатновчи “Бахтияр” автофирмаси бошлиғи Ремзи Аджиосманов шаҳар ҳокими тўғрисида қуйидагиларни баён қилади: ”Гулистон шаҳар “Маҳалла – темир йўл бекати” маршрутини ўзим очганман, маршрут масофаси жами 14 километр. Шундан шаҳардан маҳалла қисмига ўтгунча 4 километри йўл асфалт бўлиб,
қолган 10 километри уйдим – чуқур тош йўлдан иборатдир. “Отайўл” маркали автобусимиз ушбу ўнқир – чўнқир йўлларда юриб, бир йил ичида тўкилиб, тамом бўлди.
Кредит бўйича минг машаққат билан янги “Исузи” автобуси олдик. Ҳеч қанча муддат ўтмай у ҳам шақирлаб қолди. Барчасига йўлларимиз сабабчи. Бу ҳол раҳбарларнинг парвойига ҳам келмайди.
Қанчадан – қанча йўллар асфалт қилинди деб ҳисобот беришади, аммо амалда ҳеч вақо йўк. Маршрутимиз йўналишидаги Дониёров кўчасида Академик лицей қурилди. Лойиҳада йўллар асфалт қилиниши назарда тутилган бўлишига қарамай, асфалт қилинмади. Демак, маблағи талон – тарож қилинган. Шаҳар ҳокими Б.Э.Ибрагимовга келсак,унинг топшириғига биноан фирмамиз томонидан
“Умид ниҳоллари – 2009 йил” спорт анжуманига тайёргарлик кўриш жараёнида икки ой янги автобус билан хизмат қилдим. Юқоридан келган барча раҳбарларни шу автобусда олиб юрдим. Шундай пайтларда шаҳар ҳокимининг олдимда туриб, меҳмонларга қараб: “Автобус Гулистон шаҳарига тегишли, автобусни олишда ўзимиз ёрдам берганмиз” деб ёлғон гапиришларига ҳайрон қолар эдим.
Наҳотки ёлғон сўзлаганда, ҳатто адашмайди ҳам деб икки ой, яъни олтмиш кун узлуксиз хизмат килган бўлсам-да, иш ҳақини олишимда муаммоларга дуч келдим. Шаҳар ҳокими Б.Э.Ибрагимов ваъдасига вафо қилмай, бор -йўғи ўн кунлик иш ҳақимни берди, қолганини ўзи ҳазм қилиб юборди. Шу масалада яқинда қабулига кириш учун ҳокимият эшиги олдида келишини кутиб турдим.
Келгач югириб бориб сўрашдим, шунда шаҳар ҳокими: “Ремзи ака, келинг” деб сўрашгач, қабулига кирмоқчи эканлигимни маълум килдим. У: “кечқурун соат 21.00да келинг, бафуржа гаплашамиз” дегач қайтиб кетдим. Кечкурун белгиланган вақтдан олдин соат 20.00да қабулга келдим ва роппа-роса 23.00гача кутиб турдим. Қабулида ҳеч ким бўлмаса-да, олдига киритмади.
Ёрдамчисидан талаб қилганимдан кейин чиқиб: “Мен қабул килмайман, шанба куни фуқаролар қатори қабулимга ёзил” деб қабулхонадан қувиб юборди. Айтганидек шанба куни барча ишимни ташлаб қабулига келдим ва киришга навбатда турган фуқароларни кўриб ҳайрон қолдим. Ахир, навбатдаги фуқароларнинг охири кўринмас эди-да.
Уларнинг норози ҳолатда гапирган гапларидан ҳайрон қолдим: “Ҳар шанба куни келавериб чарчадик, бундай бюракратни шаҳримиз кўрмаган эди. Ким қўйди бундай ҳокимни? Фуқаролар дарди билан қизиқмайди. Қабулхона эшигига яқинлаштирмайди, орамизда қабулига йиллаб қатнаётган фуқаролар бор. Биронтамизнинг ишимиз ҳал бўлгани йўқ. Бундай кичик диктатор жонга тегди.”
Яна бир гап. Айтишларича, Гулистон шаҳар ҳокими Б.Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Қўмитаси раиси Р.Иноятовнинг нақ туғишган, эркатой жияни экан. Унинг ҳатти- ҳаракатларидан норози бўлиб, юқори ташкилотларга мурожаат қиламиз десак, ҳокимиятдаги ходимлар: “қўлларингиздан ҳеч нарса келмайди, чунки у
Р.Иноятовнинг нақ туғишган, эркатой жияни бўлади, сизлар ёзавериб қуруқ қолаверасизлар” деб жавоб беришади. “Бу ҳақиқатдан ҳам тўғрига ўхшайди” деган норозилик хитобларини эшитиб, ҳали кўп қатнашим кераклигини тушуниб етдим.
Шунда бир воқеа ёдимга тушди. Гулистон шаҳрида бўлажак “Умид ниҳоллари – 2009 йил” спорт анжуманига тайёргарлик кўриш жараёнида янги
“Исузи” маркали автоуловимда хизмат қилган вақтимда раҳбарлар бир объект олдида жам бўлишиб, бир масалани муҳокама қилиб туришганида юқоридан келган раҳбарлар ичидан бир киши: “Гулистон шаҳар ҳокимини чақир” деб вилоят ходимларидан бирига буйруқ берди. Шунда шаҳар ҳокими Б.Ибрагимов югуриб унинг олдига келганида, унга ўдағайлаб: “қачондан бери сен менга жиян, мен сенга тоға бўлиб қолдим?
Югуртакларинг аҳоли ўртасида яна шундай ташвиқот олиб боришса, шўрингни қуритаман, бор йўқол” деб ҳайдаб юборди. Мен шунда бу киши Р.Иноятов эканлигини билдим. Ким билади дейсиз, балким у ҳақиқатдан ҳам Гулистон шаҳар ҳокими Б.Ибрагимовнинг тоғасидир. Эл кўзига “жўрта”га уришиб қўйгандир. Агар бегона бўлганида танбеҳ олган ҳоким фуқароларга нисбатан фикрини ўзгартирар эди.
Аммо бу тепса – тебранмас сира ўзгармади. Шаҳар ҳокими Б.Ибрагимовнинг “диктатор”га ўхшаб қилаётган ҳаракатларини ўз кўзим билан кўрмаганимда, бошимдан ўтказмаганимда миш-мишларга ишонмаган бўлардим. Аммо ҳалқ: “шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди” деб бекорга айтмайди. Ҳа, бу чин ҳақиқатдир!
Мен ҳар қанча уриниб ҳали ҳам ҳоким қабулига кира олганим йўқ. Шунинг билан бирга умидимни узганим ҳам йўқ. Чунки мен ўз автоуловим билан харобаси чиққан маҳалла кўчаларида чанг ютиб, аҳолининг узоғини яқин қилмоқдаман. Шаҳар ҳокими меҳнатим эвазига тўланадиган ҳакни “Умид ниҳоллари – 2009 йил” спорт анжуманига ажратилган маблағларга кўшиб ўз манфаатида “туя” қилиб юборганига ҳеч чидай олмаяпман.
Чунки автоуловни мен кредитга олганман. Яна катта фоизлар эвазига. Кредитни қайтариш учун энг паст нархда аҳолига хизмат қилиб, тийинлаб йиғиб, тушган пулларни банкка тўлаб, кредитдан қутилишга ҳаракат қилмоқдаман. Раҳбарлар юқоридаги “тоға”ларига ишониб, фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. “Диктаторлик” қилиб, шаҳарнинг ободончилигию,
фуқароларнинг тақдирини аянчли гирдобга ташлаб қўймоқда. Ўзларининг шахсий манфаатини ўйламоқда, холос. Биз оддий фуқароларнинг ҳам дардини тинглайдиган “раҳбарлар” топилармикан” деб куйиб – ёниб ўз дардини тўкиб солди фуқаролар хизматидаги автобус ҳайдовчиси. ”Маҳалла – темир йўл бекати” маршурути бўйича маҳалла аҳолисига холис хизмат қилаётган
Гулистон шаҳар “Бахтияр” автофирмаси бошлиғи Ремзи Аджиосмановнинг сўзларини тинглар эканман, унинг ҳақлигига “юз фоиз” ичимдан қўшилдим ва ўз фикримни айтишга ҳожат сезмадим. Чунки унинг ҳақиқатни айтаётгани, бундай ҳолатни барча шаҳар ахолисидан эшитиш мумкинлиги ойдай равшан. Ҳақиқатдан ҳам Гулистон шаҳар аҳолисининг тақдири ўз ғаразли манфаати учун ишлаётган мансабдор шахс қўлига топшириб қўйилган.
Буни барчамиз билсак ҳам автобус шафёрининг сўзини тинглай туриб, бир сўз айта олмай бошимиз эгик, тилимиз лол эди. Бундай ҳол “ҳокимдан қўрқиш эмас” аксинча, автобус шафёрининг ишдан кўнгли совишига сабабчи бўлиб қолишдан ташвишланиш эди. Зеро, автобус юрмай қолса, маҳалла аҳолиси 14 километр масофага, яни шаҳар марказига пиёда бориб келишига тўғри келади.
Дарҳақиқат, Ремзи Аджиосмановнинг гапида жон бор. Давлатимиз томонидан қишлоқ фаравонлигига катта эътибор қаратилишига қарамай, шаҳар чети, аҳоли гавжум ерларга раҳбарларнинг эътибор қаратмаётгани ажабланарли ҳолдир. Ҳеч бўлмаса маршрут йўналишидаги йўллар асфалт қилинганида эди, аҳоли шаҳар ҳокимига нисбатан сал бошқачароқ фикрда бўлишармиди?
Яна ким билади дейсиз…
“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё вилоят бўлими.