Марғуба Жўраеванинг ўз шериги!

Судланувчи Марғуба Жўраеванинг кўрсатувида кутилмаган маълумотлар очилди.

-Аслиддин Ўринбоевдан олган пулларимдан Исроил Маҳмудов (А.Ўринбоевнинг инженери!)нинг улуши бор эди. Шу боис ҳам пулни унга бергандим. Исроил ака ўз улушини олиб қолиб, менинг тегишимни уйимга элтиб бериши керак эди,-деб кўрсатма берганди М. Жўраева ЖИБ Тайлоқ туман суд муҳокамасида.

-Бу ҳақида нима учун терговдаги кўрсатувларингизда маълум қилмагансиз?-деган раислик этувчининг саволига судланувчи М. Жўраева: Мен Исроил Маҳмудов билан юзлаштириш ўтказилишини кутдим, лекин бундай ҳаракат ўтказилмади. Терговда буни ошкор қилишимдан ҳеч қандай маъно йўқ эди.

Шу сабабли ҳам мен судгача сукут қилдим,-деган аниқ жавобни айтди. Суд жараёнларида тергов ҳаракатлари қонун нуқтаи назаридан эмас, балки маълум бир манфаат ва аниқ бир кўрсатма асосида олиб борилганлиги тўлиқ исботини топди. Зеро, “Ойни этак билан ёпиб бўлмайди!” Чунончи, судланувчи Марғуба Жўраева гувоҳ Исроил Маҳмудов билан ўзаро тил бириктирганлигини ошкор қилди.

Улар Аслиддин Ўринбоевдан пул олиш учун келишиб олишгани ва пул ундириш масаласида вазифаларни ҳам тақсимлаб олганликлари аниқ бўлди. Бунга кўра, Исроил Маҳмудов пул беришга А.Ўринбоевни мунтазам далолатлаб ундаб турувчи, Марғуба эса, А.Ўринбоевни “Дилмурод Саидов пул сўраётганлиги”га ишонтирувчи ҳаракатлар қилиши керак бўлган.

Ҳатто М.Жўраева ўзи томонидан Исроил Маҳмудовнинг қўл телефонига Тошкентдаги PAYNETдан бир гал 4 минг, бир гал 3 минг, бир гал 2 минг сўм, жами 9 минг сўм миқдорида пул ўтказган. Шунингдек, Марғуба Жўраева билан Исроил Маҳмудов ўртасидаги телефон сўзлашувлари рўйхати ҳам бунинг исботидир. Уларнинг ўзаро сўзлашувлари фақатгина
2009 -йил 11 февралдан бошланиб, 22 февралгача давом этган. Жами 54 марта қўнғироқлашиб, 102 минут гаплашганлар.

Энди давомийликка эътибор қилинг:

1. 11.02.09 йил 9 марта қўнғироқлашиб, 19 дақиқа сўзлашганлар.
2. 12.02.09 йил 12 марта қўнғироқлашиб, 19 дақиқа сўзлашганлар.
3. 14.02.09 йил 7 марта қўнғироқлашиб, 14 дақиқа сўзлашганлар.
4. 15.02.09 йил 3 марта қўнғироқлашиб, 8 дақиқа сўзлашганлар.
5. 16.02.09 йил 1 марта қўнғироқлашиб, 2 дақиқа сўзлашганлар.
6. 17.02.09 йил 2 марта қўнғироқлашиб, 3 дақиқа сўзлашганлар.
7. 18.02.09 йил 10 марта қўнғироқлашиб, 22 дақиқа сўзлашганлар. Айнан шу куни тунги соат 22 дан 4 дақиқа ўтгандаги 10-сўзлашув 7 дақиқа давом этган. 18 феврал кундуз соат 13-1430лар орасида “Юлдуз ресторани”даги учрашув вақтида И.Маҳмудов ҳам, М.Жўраева ҳам тўлиқ иштирок этишган. Д.Саййид билан А.Ўринбоев орасидаги гапдан тўлиқ хабардор бўлишган.

Ўртада пул, олди-берди ёки бирор моддий келишув бўлмаганлигини аниқ билишган. Худди шундан кейин 18 февралдаги учрашувдан сўнг соат 1650дан бошлаб, 2205да ҳам Марғуба ва Исроил ўзаро 6 марта қўнғироқлашиб, 17 дақиқа сўзлашишган. Бундан ташқари И.Маҳмудовнинг суд давомида таъкидлаб ўтилган бир қатор ҳаракатлари ҳам М.Жўраева кўрсатмаларини тасдиқлайди.

Судланувчи М. Жўраева бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига “ИЛТИМОСНОМА” киритди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИга,

Нусхаси: Самарқанд вилояти ЖИБ Тайлоқ туман суди раиси Н.МИРМУҲАМЕДОВГАга судланувчи МАРҒУБА ЖЎРАЕВА томонидан

ИЛТИМОСНОМА

Муҳтарам раислик этувчи! Мен суд тергови муҳокамасида кўрсатганимдек, жабрланувчи Аслиддин Ўринбоев томонидан менга берилган 10 минг АҚШ доллари пулини олдиндан қилинган келишувга асосан ИСРОИЛ МАҲМУДОВ БИЛАН БЎЛИШИШИМ КЕРАК ЭДИ!

Мен бу жиҳатни тергов даврида маълум қилолмаганлигимнинг асосий сабаблари қуйидагича:

1. Мен томонимдан айтилган бўлишига қарамай, терговчи С.Мажидов мени гувоҳ Исроил Маҳмудов билан юзлаштирмади.
2. Тергов ҳаракатлари ўта нохолис, фақат Д.САИДОВга нисбатан ва у орқали АНОР ПЎЛАТОВга айб қўйишга қаратилган ҳолатда олиб борилаётганлиги кўриниб турарди.
3. Менга нисбатан қилинган таҳдидларда ҳам, асосан, Д.САИДОВ номи такрорланган эди мени ушлаган гуруҳ томонидан.
Юқоридаги сабабларга кўра, мен бу жиҳатни судда маълум қилиш имконига эга бўлдим. Тергов ҳаракатлари нохолис олиб борилганлиги суд жараёнларида ҳам ўз исботини топиб турибди. Мен А.Ўринбоевдан олинган 10 минг АҚШ долларини Исроил Маҳмудов билан олдиндан келишган ҳолда ҳаракат юритиб, Исроил Маҳмудов билан тенг шериклик қилиб олганман. Бунинг учун, яъни А.Ўринбоевдан пул ундириш учун И.Маҳмудов А.Ўринбоевни пул беришга ундовчи ҳаракатларни амалга ошириши;

мен эса, ўз навбатида “Пул Д.Саидов тарафидан сўралаётгани”га А.Ўринбоевни ишонтирувчи ҳаракатларни амалга оширишим керак бўлди. Биз ўз ҳаракатларимиз ҳақида телефон орқали хабарлашиб турдик. Бунинг учун мен ҳатто Исроил Маҳмудовга тегишли қўл телефони рақамига Тошкент шаҳри “Шимолий Олмазор мавзеи”даги “Шарқ тиллари коллежи” ёнидаги

PAYNETдан бир неча марта – жами 9 минг сўм пул ҳам ўтказганман. Суд тергови вақтида И.Маҳмудов 22 феврал куни “Юлдуз” ресторанида А.Ўринбоев томонидан берилган 10 минг АҚШ долларини мендан олиб, жемперининг ичидаги кўйлак чўнтагига солганлигини, пулни солганини А.Ўринбоев кўриб қолганлиги учун ва А.Ўринбоев айтганлиги учун ҳам менга қайтариб берганлигини тасдиқлади.

Бу ҳолатни мен билан суддаги юзлаштириш ҳаракатида ҳам тўлиқ тасдиқлади. Бироқ Исроил Маҳмудов 22 феврал куни “Юлдуз” ресторанида пулни (10 минг АҚШ долларини!) мендан нима учун олганлигини изоҳлаб бера олмади. Шунингдек, мен билан 2009 йил феврал ойи 10-кунидан 22-кунига қадар телефон орқали 53 марта нима ҳақида гаплашганлигини ҳам изоҳлай олмади.

Муҳтарам раислик этувчи! Мен томонимдан содир қилинган қилмиш, яъни А.Ўринбоевдан пул олиганлик ҳаракати тўлиғича Исроил Маҳмудов билан ўзаро келишган ҳолда амалга оширилган. Бу ҳаракатдан ДИЛМУРОД САИДОВ ҳам, АНОР ПЎЛАТОВ ҳам, ТЎРА ЭРГАШЕВ ҳам мутлақо бехебар бўлганлар.

Юқоридагиларга кўра:

1. Ушбу “ИЛТИМОСНОМА” юзасидан ҳуқуқий баҳо берилишини;
2. Гувоҳ Исроил Маҳмудов ҳаракатлари қонун нуқтаи назаридан баҳоланишини;
3. Мазкурда баён этилган ҳаракатларда судланувчилар А.Пўлатов, Д.Саидов ва Т.Эргашевнинг мутлақо алоқаси ҳам, хабари ҳам бўлмаганлиги алоҳида эътироф этилиб, суд тарафидан инобатга олинишини СЎРАЙМАН.

МАРҒУБА ЖЎРАЕВА

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares