А П Е Л Л Я Ц И Я Ш И К О Я Т И

Эпиграф: Замоннинг зайлиман ўғрилар тўғри,
Замоннинг зайлиман беайб гуноҳкор.
Осмончи узоқда, ер бўлса қаттиқ,,
Ҳақиқат борлиги барчаси бекор.

(Руҳим)

Жиноий ишлар бўйича Тайлоқ тумани судининг ушбу на адвокатлар, на судланувчилар ва уларнинг қариндош-уруғлари иштирок этмай “хуфиёна” тарзда чиқарилган ҳукми билан танишиб чиқар эканман, мустабид Сталин ва унинг қопағон итлари Берия, Вышинский ва шунга ўхшашларнинг инсон ақли етмайдиган “ажойиб ва ғаройиб” назарияларни яратган ҳолда минглаб, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритганлиги борасидаги ўқиганларим, ўрганганларим ёдимга келди.

Ўшанда ҳам айблов хулосаси нуқта, вергулигача ҳукмда ўз аксини топган бўлса, жаноби Н.Мирмуҳамедовнинг ҳукмида ҳам шундай эди. Ўшанда ҳам суриштирув, тергов органининг айтгани айтган, дегани деган бўлса, ҳозир ҳам шундай бўлган эди. Ўшанда ҳам ҳукмлар “тройка-учлик” тарафидан хуфиёна чиқарилган ва буни ҳеч ким билмаган бўлса, бу ҳукм ҳам “тройка-учлик – бир қози-ю,

икки халқ маслаҳатчиси” иштирокида ўзгалардан яширилиб “хуфиёна” чиқарилган. Ўтмиш ва ҳозирни солиштирар эканман, уларни бир-биридан фарқлай олмадим. Фарқлашга ақлим ҳам етмади. Худди ўтмиш бугунга ўзининг қора кўланкаси билан соя солгандек. Худди шакл ўзгарган-у, мазмун жойида қолгандек кўринди кўзимга.
Ҳукм билан танишиб на йиғлашни, на кулишни билмай қолдим.

Наинки бу юрт, она-Ватан бизники – кулсак ҳам ўзимиз куламиз, куйсак ҳам ўзимиз куйамиз!!! Кесган ҳам, кесилган ҳам ушбу юрт фарзандлари. Худди ўрмонга келган ўтинчи борасидаги эртакка ўхшаб. Ўрмонга ўтинчи келса, дарахтлар “Ўрмонга ўтинчи келди. Темир болтаси билан. Болтанинг сопи нимадан экан? Нимадан бўларди, ўзимиздан экан”, дея бир-бири билан шивирлашиб гаплашар экан.

Бу билан мен ютдим деган одамнинг ўзи аҳмоқ.. Ҳаммамизнинг ютқазганимиз рост. Буни фақат йиллар ўтиб, кеч бўлганда англаб етармиз, ёки англаб етишар. Англаб етганимизда, ёки англаб етишганида эса, балки ўзларини “ғолиб ва мағлуб” деб билганлар ҳам бўлмас. Лекин аччиқ ҳақиқат мисоли тилла сингари ҳар қандай сарқитлар орасида зангламасдан ўзининг жамолини кўз кўз қилиши

аниқ ва тиниқ эканлигига тарих минглаб маротаба гувоҳидир. Шулар қатори Д.Саййиднинг ҳам ўзига яраша аччиқ ҳақиқати мавжуд ва унинг олдида одил судловнинг одиллик тамойиллари ҳам қотиб қолиб, шундай бир ҳукм чиқарилдики, бунинг ўлчов бирлиги нима эканлигига ҳеч ким тушуниб ета олмаса керак. “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич дейди”, доно халқимиз.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Процессуал Кодексининг 19-моддасига мувофиқ “Барча судларда ишлар ошкора кўрилади.Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади”. Ушбу модда талабларини инкор қилган ҳолда суд томонидан хуфиёна ҳукм чиқарилишини қандай изоҳлаш мумкин? Ушбу талаб суд томонидан бажарилиши шартми, ёки у ҳушига келган,

тушига кирган ишни қилавериши керакми? Унда қонунни, ушбу қонунларни дунёга келтираётган ота-оналари – депутатлару, Олий Мажлиснинг нима ҳожати бор? Нега уларга қанчадан-қанча маблағ сарфланиб, ижроси йўқ қонунлар туғдирилмоқда? Мақсад қонун устивор жамият яратишми, ёки ҳиссиёт устивор жамият яратишми?

Бажарилмайдиган қонун қандай қилиб жамият, фуқароларга наф келтириши мумкин? Ёки бу қонун устиворлиги тамойилининг янгича, биз билмаган усулими? Биз билмаган ушбу усул ҳукмда бисёрдир. Шулардан бири суднинг “М.Жўраева ўз айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмаси” борасидаги иддаосидир. Ҳукмнинг ушбу қисмида суд томонидан ишга фақат бир томонлама ёндошилган ҳолда,

М.Жўраеванинг дастлабки терговда берган “иқрорлик” кўргазмалари ёритиб ўтилади. Ваҳоланки, суд жараёнида М.Жўраева бир неча марта ушбу ишга Д.Саидовнинг умуман алоқаси йўқлиги, И.Маҳмудов билан тил бириктириб буни амалга оширгани борасида оғзаки ва ёзма кўрсатма берган бўлиб, ушбу ҳолат суднинг “сирли сандиғи”да қолиб кетган.

М.Жўраеванинг судда берган кўргазмалари ва ҳукмдаги иддаолар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ахир М.Жўраеванинг тилидан томган битиклари аввал баённомада, сўнг суд ҳукмида акс эттирилиши керакмиди? Агарда суд ўзи лозим деб топган нарсани суд ҳукмида акс эттирадиган бўлса, унда М.Жўраевани сўроқ қилишнинг нима кераги бор эди?

Жиноят-процессуал кодексининг 26-моддасига кўра “Суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши” кўзда тутилган ҳолда, суднинг ички фантазиясига асосланиб ҳукм чиқаришини қандай изоҳлаш мумкин? Суд ўзининг “ички ҳиссиёти”га шунчалик берилиб кетганки, бети қизармай “Д.Саидовнинг айби жабрланувчилар, гувоҳлар кўрсатмалари,

иш материаллари билан ўз тасдиғини топган”, дея ёлғон гапиришдан қайтмайди. Ваҳоланки, “жабрланувчилар” ҳисобланмиш А.Ўринбоев, В.Ҳўжақулов, С.Боймуротовларнинг биронтаси ҳам Д.Саидовнинг ушбу жиноятларга дахлдор эканлигини тасдиқловчи бирор бир далил-исбот тақдим эта олишгани йўқ.

Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек уларнинг “деди-деди, миш-миш”идан бошқа ҳеч қанақа “исбот”лари йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Агарда шу деди-деди, миш-мишларга ишонадиган бўлсак, бу дунёда қамалмайдиган одам қолмаса керак назаримда! Бирорта бир “жабрланувчи” “Д,.Саидов мендан ўз қўли билан шунча пул олган эди”, дея мард бўлиб айта олмаган бўлса-ю,

қандай қилиб судланувчи уларни товлаши мумкин? Товламачилик жинояти ўз мазмунига кўра моддий таркибга эга бўлиб, шахснинг жиноятни содир қилишда, яъни пулни таъмагирлик йўли билан олиш чоғида ушланиши қонун талабидир. Д.Саидовни пул билан ким ушлаган? У кимдан пул олган? Қачон ва қайси вазиятда олган? Олинган пулдан унинг қўл излари чиққанми? Шунга ўхшаш саволларга жавоб битта.

У ҳеч кимдан пул талаб қилмаган ва олмаган ҳам, олиш нияти ҳам бўлмаган! У дуч келган аёлни тўшакка тортадиган “суюқоёқ рицарь” эмаски, умуман кўрмаган, билмаган одами В.Хўжақуловни, бир марта кўрган С.Боймуродовни, бор-йўғи икки марта кўрган А.Ўринбоевни “тамагирлик тўшаги”га тортса!!! Пулни М.Жўраева ва И.Маҳмудов ўзлари учун талаб қилгани бўлса-ю, нима учун ошини ошхўр еб,

тошини мошхўр теради, яъни бу ишга умуман дахлсиз Д.Саидов жавоб берар экан? Қолаверса, М.Жўраевага шерик бўлган И.Маҳмудов қандай қилиб иш бўйича гувоҳ бўлиши мумкин? Ахир у М,Жўраева кўргазмасидан келиб чиқадиган бўлсак – жиноятчи, “соққа” ундириб олишни ташкилотчиларидан бири-ку!!! Қолган жаноби жуда-жуда “холис” бўлмишлар ҳам пулни

Д. Саидовдан эмас, балки М.Жўраевадан олинганлигини кўрсатишмоқдаку? Пулдаги излар И.Маҳмудовга ҳам тегишли. Гувоҳ Д.Алимовнинг Д.Саидовнинг айбдорлигига оид бирон бир кўргазмани бермагани ҳолда, Д.Саидовнинг айби унинг кўрсатуви билан ўз исботини топган деган суд иддаосини изоҳлашни ҳожати бўлмаса керак.Шунга ўхшаш маза-бемаза ҳолатларни бошқа гувоҳларнинг

суд ҳукмидаги баёнида ҳам учратиш мумкин. Аксарият гувоҳлар ишончомага ўзимиз билиб, келишиб имзо чекканмиз, деган кўрсатмалари негадир суд ҳукмида аксинча акс эттирилган. Менимча ёки суднинг компьютерига вирус тушган, ёки бўлмаса у тергов органининг вирус тушган дискларидан фойдаланган. Бўлмаса қандай қилиб химия алхимияга айланиши мумкин!

Бу ҳукм ўз моҳиятига кўра жин чалган одамнинг алаҳсирашига ўхшайди. Жинлар кучли экан, шекилли, аввал шундай алаҳсираш суриштирув ва тергов даврида ҳам мавжуд эди. Ойлаб тергов ҳаракатлари ўтказилди. Ойлаб одил судлов ўз ҳаракатларини ўтказди. Лекин охир оқибат жинларнинг қўли устунлик қилди-ю, алаҳсирган ҳукм дунёга келди.

Шундай, яъни суддаги келтирилган барча далил-исботлар инобатга олинмас экан, ойлаб дастлаб тергов, кейин эса суд тергови ўтказишга на ҳожат бор эди? Суд залига кўплаб одамларни тўплаб, шоу уюштиришнинг ҳам на ҳожати бор эди? На ҳожати бор эди не-не адвокатларни бу ишга жалб қилиб театр қўйишни? Ҳимоянинг асосли эътирозларини инобатга олмас экансиз,

оддий инсонларни, жаҳон афкор оммасини бизда тортишув тамойили мавжуд дея алдашга на ҳожат? Кимларнидир айтгани-айтган, дегани-деган бўлар экан, одил судловнинг нима кераги бор? Унда барча нарса улар тимсолида, улар шаклида намоён бўлавермайдими?
Бу дунёда кимлардир ўзини кимларга ўхшатмаган? Кимдир ўзини қўёш ўғлига, кимдир худога қиёслаган.

Кимдир ўзини даҳо билиб тириклигидаёқ ўзига тилладан ҳайкал қўйган. Кимдир эса ўзини ва ўзгаларни ёлғон эртагига ва эртасига ишониб яшашга мажбур қилган. Лекин ҳаммаси ўзини ким деб деб эълон қилмасин, охир-оқибат қурт-қумурсқаларга ем бўлиб, ер билан битта бўлишди. Бунақа “ким-кимлар”ни қанчаси ўтди-кетди ҳеч ким билмайди. Яна қанчаси келиб кетади, буни ҳам ҳеч ким билмаса керак.

Кимдир эса Д.Саидовга ўхшаб ўзлиги учун курашиб, туҳмат қурбонига айланган. Шу ўринда ички ҳиссётларга эмас, балки қонунга суяниб иш юритилганда, Д.Саидов қуруқ туҳмат қурбонига айланмасди. Бекорга халқимиз “Қуруқ туҳмат, бевақт ўлимдан ўзинг сақла” дея дуо қилишмаган. Нима эксанг – шуни ўрасан, деб ҳам бекор айтишмайди.
Ҳозир экаётганимиз фақат АДОВАТ. Адоватнинг фарзанди қачон ва қайси замонда меҳр, муҳаббат бўлган? Буларнинг ҳаммасини етти ўлчаб бир кесган ҳолда ҳамда яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи деганларидек,

С Ў Р А Й М А Н:

Дилмурод Саидовга нисбатан чиқарилган “ЎТА ҲИССИЁТЛИ ҲУКМ”ни бекор қилишингизни, ҳамда уни зулмат истебдоди чангалидан дарҳол озод этишингизни.

Малакасиз адвокат РУҲИДДИН КОМИЛОВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares