Human Rights Watch икки шахс ўз хоҳишларига қарши Ўзбекистонга юборилган бўлишлари мумкинлигини айтади
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбекистонлик икки бошпана изловчининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда бедарак кетганлигидан хавотир билдирган.
Ташкилотнинг айтишича, икки шахс ўз хоҳишларига қарши Ўзбекистонга юборилган бўлишлари мумкин.
Human Rights Watch қирғиз маъсулларини юз берган ҳодисанинг тагига етишга ундаган.
Халқаро ташкилотга кўра, қирғиз ҳукумати бундан аввал айрим ўзбекистонлик фуқароларни мажбуран ортга қайтарилишида ўз ҳиссасини қўшган.
Human Rights Watch ташкилотига кўра, ўзбекистонлик Санжар Худойберганов ва унинг ўн бир ёшли ўғли ўтган ой охирида ўзларининг муваққат мақомини чўздириш учун Бишкекдаги давлат муҳожирлик қўмитасига борганларидан сўнг бедарак кетганлар.
Санжар Худойберганов оиласи Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича комиссарлигидан расмий қочқин мақомини кутаётган эди.
Human Rights Watch айтишича, Худойберганов оиласи ўтган йили тазйиқлардан қочиб Ўзбекистонни тарк этган.
Санжар Худойбергановнинг акаси Искандар 2002 йилда Тошкентда қатор айбловлар, жумладан терроризмда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм этилган.
Шундан сўнг Худойберганов оиласининг бошқа аъзолари инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланиб келганлар.
БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2003 йилда Ўзбекистонда қийноқларга солишга бағишланган батафсил ҳисоботида Санжар Худойбергановнинг 1999 йилда милиция ходимларининг қийноқлари ортидан шифохонага ётқизилгани ҳақида ёзган.
Human Rights Watch ташкилотига кўра, ўшандан буён Худойберганов оиласи аъзолари расмийлар томонидан тазйиқларга дуч келган.
Қирғизстонда фаолият юритаётган инсон ҳақларини ҳимоя қилиш гуруҳлари қочқинларни мажбуран Ўзбекистонга қайтариш борасида ўз хавотирларини изҳор этиб, қочқинларнинг хавфсизлигини ўйлаб БМТнинг қошидаги қочқинлар бўйича коммисарлигини ўзбекистонлик қочқинларга иложи борича тезроқ қочқин мақомини беришга чақирди.
M: bbcuzbek.com