Россиянинг Қирғизистонда иккинчи ҳарбий база барпо этиш режаси Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни беқарорлаштиради, дея баёнот эълон қилди расмий Тошкент.
Июл ойининг сўнгги куни-августнинг бошида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Қирғизистонда норасмий саммитга йиғилдилар.
1 август куни Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Қирғизистоннинг иккинчи муддатга сайланган президенти Қурманбек Бакиев Қирғизистон жанубида янги ҳарбий базани ташкил этиш ва унда Россия ҳарбийларини жойлаштириш ҳақидаги меморандумни имзоладилар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Жаҳон» ахборот агентлиги расмий Тошкентнинг янги база барпо этилишига муносабати акс этган баёнот матнини ўз интернет саҳифасида эълон қилди.
«Бу каби лойиҳаларнинг мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган, Ўрта Осиёнинг учта республикаси чегаралари бевосита туташган ҳудудда амалга оширилиши ҳарбийлашув ва миллатчиликка асосланган турли зиддиятларни келтириб чиқарувчи жараёнлар, шунингдек, кенг минтақадаги вазиятнинг жиддий беқарорлашувига олиб келиши мумкин бўлган радикал экстремист кучлар чиқишларининг кучайишига туртки бериши мумкин», дейилади баёнотда.
Ўзбекистон Россия қуролли кучларининг қўшимча контингентини
Қирғизистон жанубида жойлаштиришдан «бирон бир зарурият ва мақбуллик кўрмаётгани» таъкидланган «Жаҳон» агентлиги хабарида.
Шу йил бошидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг тезкор ҳаракат қиладиган қўшинларини ташкил этиш ғояси илгари сурилмоқда.
Қирғизистон жанубида ташкил этиладиган ҳарбий базанинг ана шу тезкор кучлар учун мўлжаллангани хабар қилинган.
Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг тезкор кучларини ташкил этишга ҳам, бу кучлар учун ҳарбий база барпо этиш ташаббусларига ҳам қарши чиқиб келади.
Айрим кузатувчилар назарида, бу билан Россия Хавфсизлик шартномаси ташкилотини тўлақонли ҳарбий блокка айлантиришни истайди.
«Жаҳон» ахборот агентлигининг сўнгги баёноти расмий Тошкент билан Кремль ўртасидаги муносабатларнинг яна совуқлашаётгани аломати сифатида ҳам кўрилмоқда.
Ҳозир Қирғизистон шимолида, пойтахт Бишкекка яқин жойда Россиянинг Кант ҳарбий ҳаво базаси жойлашган.
Шунингдек, Қирғизистон АҚШнинг «Манас» ҳарбий базаси мақомини ўзгартириб, америкаликларнинг қолишига изн берди.
M:bbcuzbek.com



