АБДУЛЛА ОРИПОВ: Одамзод умр бўйи кўкрагидан пастига қулоқ тутиб, ҳаётини ўтказади.

Инсон ҳақида қанчалар кўп билсанг, шунчалар сен учун суҳбат мавзуси мавҳум бўлиб қолавераркан.
У сабаб қанчалар танилди, у сабаб қанча воқеалар содир бўлди. Дарвоқе, у сабаб Давлат Мадҳияси туғилди. У сабабчи…ўзи-чи қандай?
Ўтган асрнинг 60-чи йилларидан буён Тошкентда яшаса ҳам-ки, унда ҳалиям вилоятлик йигитнинг фикр юритишлари бор. Шунчалик ҳам соддадил бўладими инсон?

— Менинг соддадиллигимдан фойдаланганлар қанчадан-қанча бўлган-ов, ҳисобига етолмайман.
Езувчилар уюшмасининг энг катта хонаси, нечундир СССР даврини эслатади. Гўёки ҳозир котиба кириб, совет давридаги кинодагидай мулойимгина чой таклиф қилади. Ажабо, чинданам котиба кирди ва чой таклиф қилди. Фақат мулойимгина эмас, балки энсасини қотириб ва гўёки зериккандайин. Бу оҳангга аҳамият бермай Абдулла ака аччиқ қора чой буюрдилар. Ҳа, чинданам соддадил инсон.

Катта муваффақиятларни қўлга киритган, юқори чўкқиларни забт этган, шону-шуҳратнинг таъмини таътиб кўрган инсонсиз. Ана энди кўп йиллик меҳнат ҳосилининг баракасидан баҳраманд бўлиб, маънавий ҳордиқ чиқариш вақти келди, деб бошқалар ўйлади, аммо Сиз яна енг шимариб, ўзингизни ишга урдингиз. Нимага?

Ижодкор одам учун «дам олиш куни ва таътил» деган гап ҳеч қачон бўлган эмас. Масалан, бирор-бир шоир: «Бугун якшанба, мен бугун шеър ёзмайман. Бугун мен ҳаётдан узилганман» деб айтмайди-ку. Ижодкор учун ижод – бу фалончи кундан пистончи кунгача бўлган ижодий командировка эмас.
Фаолиятга келсак, қобилиятимни йўқотмаган эканман, ўзимни четга олиб, қўл қовуштириб ўтиришим тўғри бўлармикан?
Ижодкор сифатида эса, умрни охиригача ҳаракатдан тўхтамасам ҳам бўлаверади. қувват бўлса бас. Вазифа, иш, хизматга келсак – ҳали куч бор.

Яна бир савол «нимага» сўзи билан боғлиқ. Болалигингизда, ўспиринлигингизда, ёшлигингизда қандай ўй-ҳаёллар Сизни қийнарди ва «нимага» деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилармидингиз?

Болалик вақтимда кўпроқ ҳаёл сурар эдим. Юлдузларни, кенгликларни яхши кўрардим. «Нимага» деган саволларни эса ўзимга кейинчалик бера бошлаганман. Тошкентга ўқишга келганимда, бу савол мени қайта-қайта қийнайверарди. «Сароб» деган шеъримда бу ҳақида ёзганман. Китоблардаги ҳаёт ва бизнинг ҳақикий ҳаёт тамоман бошқа-бошқа экан. Шунда менинг фиғоним чиқиб, «нимага» деган саволни кўп берганман. Нимага? Масалан, китобларда менинг она тилим, гуёки, ҳурматли тил деб ёзиларди. ҳаётда эса мен тамоман аксини курдим. Нимага? Китобда ҳамма одамлар яхши деб ёзиларди, ҳаётда қарама-қарши вазиятга дуч келдим. «Нимага» деган савол яна туғилди.
Саволларимга жавоб топа олмасдим. Шундан сўнг бари шеърда қуюлиб келди. Менимча, одамга бошидан ҳаёт қандай эканлигини айтиш керак. Бу дунё «хўрозқанд шимиб» юрадиган дунё эмаслигини маълум қилиш керак. Бу гаплар менга айтилмаган, ҳаётда тамоман аксини кўрдим. Бир шеърим бор: «Онажоним, мен сенинг қабринг томон талпиндим. Нетай онажоним, сендан яқин одам тополмадим». Чинданам, қай бир маънода, мен онамдан яқин одам тополмадим бу дунёда. Оилада мен кенжа эдим, кўп оғирликларни кўрган эмасман. Умуман олғанда, оиламиз ўзига тўқ эди. Ундан ташқари мен ўсган томонлар катта шаҳарлардан анча ўзок жойлашган эди. Табиатга жуда яқин эдим. Ғирромлик нима эканлигини билмайдиган одамлар ичида вояга етгандим. ўша ерлардан ўзоқлашганимдан сўнг, бу дунёнинг ғирромликларига дуч келдим. Бу менга жудаям қаттиқ таъсир қилган. Шунинг учун шеърларимда мунг, алам, пессимизм кўп учрайди.

Ўзи шоирларни «ҳавоий, ҳаёлпараст» дейишади. Ўн олти яшар бўлган Орипов Абдуллада юқоридаги хусусиятлар бўлганми?

16 ёшимда мен университетнинг биринчи курс талабаси эдим ва ўша ёшимда шаклланган шоир бўлганимни ҳам инкор этмайман. Аммо ҳавоий ва ҳаёлпараст бўлганман деёлмайман. Йўқ, мен умримда гул кўтариб, ҳаёлларга берилиб юрган одам эмасман. Жудаям хиссиётларга бериладиган, чучмал туйғуларни ёқтирадиган одам ҳам эмасман. Дилимни тубида бир нарсани яхши кўришим мумкин. Ҳали-ҳамон шундайман.
Тузум ўзгаради, аммо инсон ўзгариши қийин. Инсон ўзгариши – бу узок жараён. Буни комиллик дейишади. Минг йилликдан бери инсон комилликга интилган, аммо ҳали етишолмади. Етишиши мумкин ҳам эмас. Шунинг учун муроса қилиб, яшашга тўғри келади.

Тахминан 1965-1980 йилларда ижодингиз сербарака, илҳом чашмаси туганмас эди. Ўша чоғларнинг муваффақияти нима билан боғлиқ бўлган деб ўйлайсиз?

Биласизми, у пайтлар ташкилий ишларга у қадар қизиқмагандим. Нашриётда корректор бўлиб ишлаган вақтларим ҳам, иш мен учун бор-йўғи мажбурият эди, қаердадир ишлаш керак бўлгани учун ишлардим. ҳар куни битта-иккитадан шеър ёзардим. У вақтлар жуда яхши гонорар тўлашарди. Биласизми, иккита шеърни пулига битта қўй берарди (кулади). Яна пулни деб шеър ёзган экан деб ўйламанг.
Одамлар илҳомни «қанот қоқиб кетган фаришта» деб ўйлайди. Бекор гап! Мен учун илҳом – изтироб. Илҳом – фожеа ҳам, қалбни қўзғатган нарсани илҳом деб атаса бўлади. Қизиқ, нимага уни гўзал қилиб «илҳом» дейилади? Ахир у одамни қалбини тилиб, уни мувозанатдан чиқаради. Ана шу илҳом бўлади!
Ўзига илҳом ахтариб юрган шоирларни эса ижодкор деб ҳисобламайман. Улар гўёки қўлга тўрва кўтариб, далада машоқ териб юрганларга ўҳшайди. Бундай «илҳом ахтариш» сохта йўлдир. Агар ҳаётни ўзи билан аралашиб яшаса, натижада бир нарса чиқиши мумкин.
Одам ўзини ким деб ҳисобламасин, умр дея аталмиш дарёга ташланган ҳас чўпга ўҳшайди. Ана шу дарёнинг тўлқинлари қайси томон оқса, сиз ҳам қарши чиқолмаган ҳолда оким бўйича оқаверасиз. Мен ҳаётда жуда кўп қийналдим. Биласизми нима учун?
Мен кўпинча нопок, ярамас одамларга дуч келганман. Қўлимга қалам олғанимдан то шу кунга қадар қора ҳасад изимдан қолмайди. Айрим вақтларда ўйлайман: «фақат уйқуда тинч бўлишим мумкин!»
Атрофимда икки турдаги одамлар мавжуд: бири ҳурмат қилиб муомала қилади, иккинчиси эса мажбурият туфайли. Ҳозир аксарият ҳолларда менга мажбурият туфайли мурожаат қилишади. Нега бундай экан, билмайман. Буни одамларнинг ўзидан сўраш керак. Мен эса билмайман. Бу дегани, ҳурмат қилиб, севадиган инсонлар йўқ демоқчи эмасман. Улар бор. Ана ўшалар дилимдаги меҳрни ушлаб туради.

Юқоридаги барча фикрларим ҳаёлни ғалаён қилганида, шеър номли кучли уммон ичимдан отилиб чиқади. Балки юқорида қайд этилган йилларда ушбу ғалаён анча кучли бўлгандир?

Боксчиларнинг қонун-қоидаларига кўра, айни юқори чўққига чиққанида боксчи ўз фаолиятини тугатиши керак. Айтинг-чи, кенг қамровли шеъриятда шундай йўл тутиш мумкинми?

Йўқ, қозонида маҳсулоти тугаб колган инсонларгина шундай қилиши мумкин. Резерви, хурмачаси қуриб колган инсонлар. Одамларга айтадиган гапи, фикри қолмаган одамлар шундай қилиши мумкин. Қалб ҳали-ҳамон бор бўлса, каллага чакмоқдайин фикр келиб турса, ёзмай туролмайсиз. Тўғри, баъзи бировлар шеър ёзиш қонун-қоидаларини билади, қофиялай олади, аммо манбаси куриб бўлган, ҳеч нарсаси қолмаган. Аммо атайин «бўлди, булоқни беркитаман, энди ёзмайман» дейиш нотўғри. Дунёдан таъсирланиш сўнса, ялқовлана бошласа, тўхташи мумкин. Дунёдаги ўзгаришларни ўзининг антенналари билан қабул қила олса, радиосини қанақасига ўчириб кўяди? (кулади).

Аксарият ижодкорлардан асарлари ҳақида сўрашса, улар: «Энг қизиқарли асаримни ҳали ёзганимча йўқ», – дейди. «Биринчи мухаббатим», «Сен баҳорни соғинмадингми?» асарларнинг муаллифи эса ўзининг шоҳ асарини ёзиб бўлдими ёки келажакка ҳам умид боғлаяпсизми?

Мен асарни «шоҳ» ва «гадо»сига ажратмайман. Ҳаёт нимани буюрса, мен ўша нарсани ёзаман. Ўзи шоир ҳалқи охирги асарини – энг яхши асар дея ҳисоблайди. Эрнест Хемингуэйнинг бир гапи бор: «Мен бир асар ёзишга киришганимда, худди бир йўлбарс билан овда олишгандайин асар билан олишаман. Уни енгиб бўлгач эса, иккинчи йўлбарс ови ҳақида ўйлагандайин, кейинги асарим ҳақида ўйлайман». Қаранг, қандай қизиқарли таққослаш. Ахир овчи: «бўлди энди, овга чиқмайман», демайди-ку!
Менинг ҳаётимда келажак билан боғлиқ жудаям кўп нарсалар бор. Ҳозир бир пьеса ҳақида ўйлаб юрибман. Инсониятга бўлган бор ғазабимни, нафратимни, ишончимни, мухаббатимни айтиб кетишни жудаям истайман.

Сулолангизда ишингизнинг давомчиси борми?

Йўқ…(қатъият билан) йўқ! Ҳаттоки фарзандларим орасида. Улар катта шаҳар муҳитида ўсишди, уларнинг қизиқишлари бошқа. Футбол, телевизор, дўсту-биродарлар – уларнинг қизиқишлари шу билан чегараланиб қолади. Балки қалбларида поэзияга бўлган қизиқиш қачонлардир туғилгандир ҳам, аммо бўлган бўлса ҳам, ҳозир сўниб кетган. Уларда поэзияга иштиёқ ва лаёқат йўқ.

“Одамзод боқий яшашга ҳақли эмас” деган фикрни “Ҳақим ва ажал” асарида олға сургандингиз. У вақтдан буён неча йиллар ўтди, қанча тажриба орттирилди. Ҳозир-чи, ушбу мавзудаги фикрларингиз қандай?

Одамзод мангу яшашга ҳақлими?

Одамзод қалбини Оллох шундай яратган-ки, у мисоли бир тўлмаган косага ўҳшайди, уни ярим қилиб яратган.
Менинг севимли ёзувчим
Лев Толстой айтган эди: “Ёзувчи, олимларга ҳайкал қўйишади. ўша ҳайкал қўйишганда, кўкрагидан тепасига қўйишсин, уни пасти ҳеч кимга керак эмас. Кўкрагидан юқорида эса юрак, онг, тафаккур бор”.    Одамзод умр бўйи кўкрагидан пастига қулоқ тутиб, ҳаётини ўтказади. Одамларнинг феъл-атворида, ҳатти-ҳаракатларида нафс мавжуд. Шунинг учун у фаришта эмас. Тўғри, онгни ва тафаккурни ўзи мукаммалми деб сўраш мумкин?
Йўқ, улар ҳам мукаммал эмас. Ана ўша онгни ўзида ҳасад, хусумат вужудга келади. Ҳозир ер юзида кечаётган барча салбий жараёнлар инсоннинг номукаммал эканлигидан.

Нимага ишониб яшайсиз?

Абдулла Орипов: Авваллари нимага ишонишни ҳам билмасдим. Чорасиз қолғанимда мухаббатга суяниб, шеърлар ёзардим. У ҳам бўлса ёшлик, маълум мавсўм билан боғлиқ ҳолат эди. Энди атрофимга қараб…(ўйланиб) қараб, умуман ишонишга ҳеч нарса йўқлигини кўриб, Оллохда тўхтадим. Инсоният учун бошқа чоранинг ўзи йўк! Аммо бундай хулосага келишим учун нимага менга шунчалар кўп қийноқ, азобларни Оллох берганини ҳали-ҳамон тушунолмадим. Лекин бошқа нарсани жудаям яхши тушундим – қўлдан келганча яхши ишни қилиш керак, қўлдан келганча кечиримли бўлиш керак, бағри кенг бўлиш керак!
 
Абдулла Ориповга берилган саволларга жавоблар:
Чилтон Тураев– «Сени бу аҳволда кўргунча кўзим тешилсин» деган иборани қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Абдулла Орипов- Мухлисимнинг саволларини тушунмадим. Савол қай маънода берилганлигини англаш қийин. Агар юқоридаги иборанинг луғавий маъноси сизга қизиқ бўлса, «сени бу аҳволда кўргунча кўзим тешилсин» дегани яқин инсонингни ўқинчли ҳолатда кўриш қанчалар оғирлигини билдиради. Яъни, бу гап ачиниш маъносида айтилган.

В.Хусенов– Ўзбекистон мадҳиясини ёзишда сизга қанча вақт керак бўлган?

Абдулла Орипов- Мадҳияни ёзишга 3-4 куним кетган. Шу вақт ичида бастакор Мутал Бурхонов билан мадҳиянинг иккита вариантдаги матни учун мусиқа ёзиб, танлов комиссиясига топширганмиз. Билишимча, танловда кўпчилик иштироқ этган. Қизиғи, барча иштирокчилар ўз ижод намуналарини бирор-бир таҳаллус остида топширишган. Бу танлов шартларидан бири эди. Менинг таҳаллусим эса «Қунғиртоғлик» эди.

Абдулла Орипов мухлисларига: Ушбу мисраларни эса саволга жавоб тариқасида эмас, балки Интернет сайтнинг ўқувчиларига табриг тариқасида қабул қилишларини истардим. Куни-кеча (ҳаттоки бир ҳафта бўлмади) мен уч-тўртта янги шеър ёздим. Шахсан ўзимга тегишли барча маълумотларни, шунингдек, тўрт жилдлик китобимни www.a.oripov.uz сайтидан топишингиз мумкин.

ОЛЛОХ МАРҲАМАТИ

Оллохим кимгадир берди мол-дунё.
Балки раҳм айлади йўқсил жонига.
Ва лекин бойликка тўймасин деб то,
Нафсни қўшиб қўйди ёнига.
Оллохим кимгадир мансабни берди,
Амал пояларин қилди мустаҳкам.
Ва лекин иккинчи томондан кўрди
Қайтиб тушадиган зиналарни ҳам.
Оллохим кимгадир берди истеъдод,
Майли таратсин деб гўзал кўйларни,
Ва лекин бир умр чексин деб фарёд,
Унга ҳамроҳ қилди ҳасадгўйларни.
**********

ЭВРИЛИШ

Болалик йилларнинг шўхликлари бор,
Ўйин жанжалга ҳам охир етарди.
Енгилган жўрамиз тўнғиллаб ночор:
– Отамга айтаман! дея кетарди.
Сўнгра мактаб бордик, улғайдик гуё,
Кимдир оддий бўлди, кимдир атаман.
Алам чекканимиз дер эди гоҳо:
– Сени директорга айтаман!
Бир кун катта бўлдик бизлар ростдан ҳам,
Ўйлаб гапирмоқ шарт энди ҳар кимга.
Сени қўрқитарди бундайроқ одам:
– Парткомга айтаман, парткомга!
Замонлар ўзгарди, ўзгарди дўст-ёв,
Давр ҳам ўзга бир либосни кийди.
Бугун ҳафа қилса бировни-биров,
Дарҳол Би-Би-Си га айтаман! дейди.
*************

Ҳақиқат

Дёдилар: – Аё, пир, айлагил шафқат,
Ҳақиқат бормикин, ростин айт фақат.
Пир дёди: – Тириксан, ҳақиқат шулдир,
Бир куни улғайсан, бул ҳам ҳақиқат.

Ilhom– Men shaxsan Abdulla Oripovni jamiyatimizning eng taniqli shahslaridan va hurmatga loyiq insonlaridan biri deb bilaman. Xullas, savolim quyidagicha: Sizningcha xalqimizning 10 yildan ortiq kechirgan og’ir hayoti va mashaqqatli mexnati oxir-oqibat o’zining natijasini, umuman haqiqiy farovon hayotni taqdim etarmikan yoki barcha balandparvoz g’oyalar, OAVlardagi chiqishlar xalqni aldash uchunmi?
Menimcha, avvalo bu uchun sizlar ma’sulsizlar. O’zingiz aytgandek shoir ahli ertaga ko’rib bilmaganga olgani uchun javobgar bo’lib qolishi ham mumkunki?

Жавоб- Дарё оқиб туради, шамол эсиб туради, бекор ўтиргандан кўра, бекор ишла дейишади ва инсоният табиат қонунларига мувофиқ бир жойда депсиниб туриши мумкин эмас.
Саволингизда мен англаган бундайин пессимизм билан жамият ривожига қараш нотўғри. Мен Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларда бўлганимда, у ердаги ҳалқ билан суҳбатлашишга ошиқдим. Кўпни кўрган қариялар мамлакатнинг ривожланиши сари анча йиллар ўтишини таъкидлашди. Мен эса Сиздан сўрамоқчиман: Бизни ҳалқимизни улардан қаери кам? Истеъдоди, руҳияти, меҳнатсеварлиги кам эмас! Бизни табиий бойликларимиз ҳам улардан асло кам эмас. Шунинг учун яна бир бора таъкидламоқчиман бундай пессимистик ҳолатда бўлмаслик керак.
Саволингизга савол билан мурожаат этмоқчиман: Мустақилликнинг ўзи, она тилимизда сўзлашишимиз бу неъмат эмасми?!
 
Назира Иноятова,
M: uzland

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares