Қамалмайман десанг ҳоким бўл!

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти БИЛДИРИШНОМАСИ17 июль 2009 й.

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади
Августин Аврелий

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига етиб келган қуйида келтирилган хат ўқувчиларда қизиқиш уйғотишига умид қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга
Нусхалари: Ўзбекистон Республикаси М.Х.Х. раиси Р.Иноятовга

Жиззах вилояти, Жиззах тумани,Х.Олимжон номли С.Ф.У. аҳолиси номидан

ШИКОЯТ Ариза

Муҳтарам ва азиз юртбошимиз!

1989 йилнинг июнь ойида Аллоҳ таолонинг инояти билан мамлакатимизга раҳбар бўлдингиз. Собиқ шўролар давлатининг Гдлян-Иванов бошлиқ десантчилари томонидан “Ўзбеклар иши”, “Пахта иши” деб номланган уйдирмалари асосида тазйиқ ва тўҳматга учраб қамалганларни авф этдингиз, минглаб жабрдийдаларни ўз оилалари бағрига қайтардингиз. Халқ Сизнинг бу жасоратингизни ва ғамхўрлигингизни ҳеч қачон унутмайди.
Аммо, минг афсуслар бўлсинким, Мустақиллик туфайли илм олиб, обрў-эътибор топиб, Сизнинг оқ фотиҳангиз билан мансаб курсисига ўтириб, кўп ўтмай “оёғи ердан узилиб” қолса, жиноят содир этса, бундай кимсани кечириб бўладими? Жиззах тумани ҳокими Сайидов Зиядин Ҳамидович

2000 -йил 17 августдаги жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари (Ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш), 209-моддасининг 1-кисми (Мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилиб, ЖК нинг 59-моддасига асосан унга 6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Амнистия туфайли қамоқ жазосидан қутулиб қолган. Муқаддам судланганлигига қарамасдан 2007 -йил 4 июндан буён Жиззах ҳокими лавозимида маъсул мансабдор шахс бўлиб ишлаб келмоқда. У мансаб курсисига ўтириб олиб, ҳаволаниб кетди, элу-халҳни менсимай қўйди, муқаддам судланганлигини унутди, қайта жиноят содир этди. 2008 -йил 28 апрель куни Жиззах тумани ҳокимлиги мажлислар залида,

юзлаб одамлар гувоҳлигида, туман Давлат солик инспекцияси ходимлари Н.Шербоев ва Н.Абдусаматовларни урди, тепди, дўппослади, уларга “Соғлигининг бузулишига олиб келган енгил тан жарохати” етказиб, уларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказганлиги учун 2008- йил 4 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан

Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан З.Сайидов иккинчи марта судланди. Суд ҳукми билан давлат фойдасига 6.781.125 сўм жарима тўлайдиган бўлди. Икки марта судланган З.Сайидов ҳокимлик курсисида мағрур ўтирибди, шахсий масалалар билан халқни қабул қилмайди, қилганда ҳам “халқнинг қўлидан нима келарди” – деган жумлани кўп қайтаради.

Унинг мақсади, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да қишлоқларни обод қилиш эмас, балки ҳокимлик амалида иложи борича узоқроқ ўтириш, суд қарори билан давлатга тўланган жарималарни ва бошқа ҳар хил харажатлар ўрнини тезроқ тўлдириб олишга ўхшайди, чамаси. Ажабланадиган жойи шундаки, мансабга тайинлангунча “қўй оғзидан чўп олмайдиган”, “мусичадек бегуноҳ” кўринган шахс,

курсига ўтиргандан кейин ўзининг кимлигини ва нима учун мансабга қўйилганлигини унутиб, аждарҳо сифат бўлиб кетар экан. Нега шундайлиги бутун жамиятни тасдиқлайсиз, тайинлайсиз. Наҳот-ки, катта бир туманда ҳокимлик мансабига лойиқ, ўтмиши пок, муқаддам судланмаган, қобилиятли инсон топилмаса? Аҳоли номидан: (имзолар сони 28 та)

Аҳолининг шикоят аризасида келтирилган маълумот айни ҳақиқат эканини тасдиқлаш учун суд ҳукмидан иккита ихтибос келтирамиз (ҳукмдаги имло хатолари тузатилган ҳолда):

1-ихтибос:

Ҳукм

Ўзбекистон Республикаси номидан

2008- йил сентябрь ойининг 4-куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судиниг очиқ суд мажлиси ўз биносида бўлиб, Раислик қилувчи: К.О.Холмуродов О.Сулаймоновнинг котиблигида, Жиззах шаҳар прокурори ўринбосари Ш.Мардоновнинг иштирокида Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан

Сайидов Зиядин Ҳамидовичга нисбатан 1-316 сонли жиноят иши кўриб чиқилди.
Судланувчи – Сайидов Зиядин Ҳамидович, 1961 йил 17 январда Самарқанд вилояти, Қўшрабод туманида туғилган, ўзбек, Ўзбекистан Республикаси фуқароси, оилали, тўрт нафар фарзандлари бор, маълумоти олий, Жиззах туман ҳокими лавозимида ишлайди, муқаддам 2000- йил 17 августдаги жиноят ишлари бўйича

Жиззах судининг ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “б,в” бандлари, 209-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан муддати 6 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган, 1999 йил 30-апрелдаги “Амнистия тўғрисида”ги фармоннинг 1-моддаси “а” бандига асосан жазони ўташдан озод қилинган,

Жиззах шаҳар, “Зилол” маҳалласи, А.Навоий массиви, Зиёкор кўчасидаги янги уйда яшайди. Иш бўйича эҳтиёт чораси сифатида гаров кўлланилган. Айблов хулосаси нусхасини 2008 йил 15 августда олган.

2-иқтибос:

Бинобарин, суд юқоридагиларга кўра Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг. 454-457, 460, 462-463, 465-468, 471-473-модлаларини қўллаб, ҳукм қилади.

Ҳукм

Сайидов Зиядин Ҳамидович Ўзбекистон Республикаси ЖК 206-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбдор деб топилсин ва унга шу модда билан энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз йигирма беш баравари миқдорида 325 х 20865 = 6.781.125 (олти миллион етти юз саксон бир мииг бир юз йигирма беш) сўм жарима қилинсин.

Жарима давлат фойдасига ундирилсин. Сайидов Зиядин Ҳамидовичга нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чораси бекор қилинсин. Гаров тариқасида Жиззах вилоят прокуратураси депозит ҳисобига топширилган жами 5.000.000 (беш миллион) сўм пул Сайидов Зиядин Ҳамидовичга қайтарилсин. Иш бўйича жабрланувчилар Н.Шербоев ва Н.Абдусаматовларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни

Сайидов Зиядин Ҳамидовичдан ундириш бўйича судга фуқаролик тартибида даъво қилиш ҳуқуқи қолдирилсин. Ҳукмдан норози тараф ҳукм эълон қилинган кундан, Сайидов Зиядин Ҳамидович эса ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди орқали апелляция тартибида, ўн кундан сўнг эса шу суд орқали жиноят ишлари буйича

Жиззах вилояг судига кассация тартибида шикоят қилишга ва протест келтиришга ҳақлидир. Раислик қилувчи: К.Холмуродов имзо. [Ҳукмнинг тўлиқ матни 2, -3-чи файлларда келтирилган]. Жиззах туман ҳокими З.Сайидовнинг мисоли Ўзбекистонда коррупция ва бошқа ижтимоий иллатлар (талон-тарожлик, таъмагирлик, фирибгарлик, порахўрлик ва ҳ.) давлат идораларида нақадар юксакликка чиққанига яққол мисолдир.

Бу мисол ягона эмас, бу – мамлакат учун феномендир. Ижтимоий иллатлар феноменга айланиши учун мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат идоралари томонидан мутлоқ бузилиши керак. Бундай шароитда асл жиноятчилар ҳокимият курсиларида ўтирадилар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун курашаётганлар, бошқача айтганда, ҳукуматдан ягона нарса, яъни ўзлари қабул қилган

Конституция ва қонунларни бузмасликни талаб этаётган ижтимоий фаол шахслар эса қамоқларга ташланади. Ҳақ гапни айтган, ўз шерларида ёзган, золим ҳукмдорни қўрқмасдан золим деб атаган Юсуф Жума “Жаслик” қамоқхонасида ўтирибди, жиноятлари учун икки марта судланган З.Сайидов туман ҳокими курсисини эгаллаб турибди!

Икки марта жиддий жиноятлар содир этган ҳокимни сақлаб қолиш учун коррупцион кучлар прокуратура ва судга тазйиқ ўтказгани шундан яққол кўринади-ки, икки солиқ инспекторини ҳокимият мажлислар залида, юзлаб одамлар гувоҳлигида сўкиб, уриб, тан жароҳати етказган безорига тергов органи нафақат ЖКнинг 206-модда 2-қ. “в” банди

(Масъул мансабдор шахс томонидан ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), балки 109-м. (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 277-м., 1-қ. (Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган безорилик), 277-м., 2-қ.нинг “г” банди (Ўз мазмунига кўра

умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи безориликни ўтакетган беҳаёлик билан содир этиш) билан ҳам айб эълон этиши лозим эди. Сўкиш, дўппослаш, одам ўлдириш Ўзбекистоннинг энг юқори лавозимли амалдорларига хос одат бўлгандан кейин Зиядин Сайидов одамларни сўкмасинми, уларни дўппосламасинми ёки уларга тан жароҳати етказмасинми?

У қароқчилар тўдаси ички қонун-қоидаларидан четда туриши мумкинми?! Мазкур мисол ҳукуматнинг яна бир найрангини фош этади. Ҳокимлар ўтказадиган туман ва вилоят миқёсидаги мажлислар ҳамма вақт албатта прокурор, ИИБ бошлиғи ва бошқа лавозимли шахслар иштирокида ўтиши эътиборга олинса, З.Сайидовнинг икки марта жиноий суд қора курсисида ўтирганини Бош прокуратура билмаслиги мумкин эмас.

Маълум-ки, Ўзбекистон 2008 й. 29 июлда БМТнинг коррупцияга қарши Конвенциясига қўшилди. Жорий йилнинг апрелида Бош прокуратура қошида коррупцияга қарши Миллий Режа (МР) ишлаб чиқадиган махсус ишчи гуруҳи тузилганлиги эълон қилинган эди, яъни коррупцияга қарши курашни ҳукумат ўзининг энг коррупциялашган органига топширди.

Шундан кейин икки марта судланган одам ҳоким курсисини эгаллаб туришига ажабланиш керакми? З. Сайидов 2000 -й. 17 августда Жиззах суди томонидан ЖКнинг 167-м., 3-қ.нинг “б” (Ўта хавфли рецидивист томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож содир этиш) ва “в” (Айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида ўзганинг мулкини уюшган

гурух томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш) бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган. З.Саидовга тегишли “ўта хавфли рецидивист”, “уюшган жиноий гуруҳ”, “ўзлаштириш”, “талон-тарож қилиш” ва бошқа иборалар кўчанинг гапи эмас, улар

ЖК ва суд ҳукмида қайд қилинган иборалардир. ЖКнинг 78-моддаси (Судланганлик ҳолатининг тугалланиши)нинг “е” бандида кўрсатилишича “Шахснинг судланганлик ҳолати 5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин 7 йил ўтгач тугалланади”, яъни ундан “судланганлик” олиб ташланади.

Яна маълум-ки, судланувчига амнистия актининг қўлланишлиги ундаги “судланганлик” ҳолатини тугатмайди. Демак, 2004 й. З.Сайидов нафақат “судланган” ҳолатида, балки суд ҳукмига кўра “рецидивист” мақомида бўлган ва шу ҳолатларда ҳам Жиззах туманига ҳоким этиб тайинланган. Одатда, қасддан содир этилган жиноятлари (мас., ўғрилик, талон-тарожлик ва ҳ.) учун судланган шахс,

унинг “судланганлиги” тугалланган бўлганда ҳам, моддий жавобгарлик бўлган лавозимларга тайинланишлари мумкин эмас, унинг моддий маблағлар бўйича йўриқнома (кўрсатма, қарор, топшириқ ва ҳ.)лар бериш ҳуқуқини берувчи давлат лавозимларини эгаллашга юридик ҳаққи йўқ. Масалан, ҳокимлик – шундай лавозимлардан биридир.
З.Сайидов 2004 й.

Жиззах туманига ҳоким қилиб тайинланганда, юқорида айтганимиздек, у суд томонидан ЖКнинг 167-м. 3-қ. “б” банди (…ўта хавфли рецидивист …) билан айбдор деб топилган ва “судланган” ҳолатида бўлган. Демак, З.Сайидов 2004 й. Жиззах туманига тамоман ноқонуний равишда ҳоким этиб тайинланган. Ҳатто 2008 й. жиноий суд жараёнидан ўтгандан кейин ҳам у бир кун ҳам ҳокимликдан четлатилган эмас.

Бу эса фақат коррупция, пора ёки ошна-оғайничилик эвазига амалга ошиши мумкин, холос. ЖКнинг 78-м. “в” бандига асосан “Шахснинг судлаганлик ҳолати жарима жазоси ижро этилган кундан кейин бир йил ўтгач тугалланади”. 2008 й. 4 сентябрда иккинчи марта судланган З.Сайидовнинг “судланганлик” ҳолати эса 2009 й. 4 сентябрдан кейин тугалланиши мумкин, холос.
Бошқача айтганда, Жиззах туманини ҳозирги кунда “судланганлик” ҳолати тугалланмаган шахс бошқармоқда. У Жиззах тумани бошқарувига (2004 й.) ҳам “судланганлик” ҳолати тугалланмаган пайтда келганини ҳисобга олинса, бу туманни 5 йилдан бери ўта криминаллашган шахс бошқараётгани маълум бўлади.

Манба; “Янги Дунё”.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares