Бастилия ишғоли кунининг 220 йиллиги муносабати билан ёзилди.
Кириш сўзи
Маълумки, Буюк Француз Инқилоби, тарихда энг қонли, энг бешафқат жараёнлардан бири бўлган. Шундай бўлса-да, Буюк Француз Инқилоби умумжаҳон тарихда беқиёс аҳамиятга эгадир. Зеро, француз ҳалқи ўзининг қурбонлари эвазига, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида сиёсий ва ижтимоий жараёнлар бу каби бўлмаслигини таъминлади, шу билан бир қаторда, Франция – озод ва обод жамият сифатида, намунали давлатларнинг бирига айланган.
Шунинг учун Франция халқи Бастилия ишғол этилган кунни ҳар йили миллий байрам тариқасида нишонлаб келади. Буюк Француз Инқилобига даҳлдор, қиролича Мария-Антуанеттанинг тақдири ҳақида гап борганда, Мария-Антуанеттани инқилобнинг қурбони, деб ҳисобловчилар бор. Лекин бу ундай эмас. Мария-Антуанетта, инқилобчиларнинг қўлидан халок бўлган бўлса-да, малика бир вақтнинг ўзида, ҳам ўзининг атрофида, ҳам инқилобнинг атрофида чарҳ урган сиёсий ўйинларнинг қурбони бўлган.
Албатта, тарихий воқеаларнинг барча тафсилотларини шеъриятда тўла очиб бериш қийин. Лекин достонни, кўпчиликка мавзуни чуқур ўрганишга сабаб бўлади, деган умид билан ёздим. Зеро, Мария-Антуанеттанинг фожеасини ўрганган киши, ўзи учун кўп фалсафий, маънавий ва мафкуравий озуқа олиши ва ўз тафаккурини кенгайтира олиши шабҳасиздир.
Шаҳсан ўзим учун, қиролича Мария-Антуанетта тарихий аёллар ичида идеалларимдан биридир. Унинг тўлиқ исми: Мария-Антония Жозефа Иоганна фон Габсбург-Лотринген. Унинг қатл олдидан ёзган хатидаги, “Душманларимнинг менга қилган барча ёмонликларини кечирдим”, деб ёзган сўзлари, менда катта таъсурот қолдирган. Достон маликанинг шу сўзларига мувофиқ якунланган.
Достоннинг айрим жойларига олдиндан изоҳ бериб ўтмоқчиман. Жумладан, шундай бир тўртлик бор:
Айни чоғда Фридрих, Екатерина,
Иосиф ҳам бирга – Иккинчи учта*,
Туздилар режа тинч, келишибгина,
Польшани ўзаро қилишга иқта*.
Иккинчи учта – яъни, Пруссия қироли Фридрих-II, Россия императрицаси Екатерина-II ва Австрия эрцгерцоги Иосиф-II хақида. *Иқта – совға, айнан, ер-ҳудуд совғаси ҳақида.
Бундан ташқари, матнда “миллий устара”, деган кўчма маъноли атама хам бор. Яъни, баъзи инқилобчилар гельотинани “миллий устара” дейишган, унда сочни олиш – бошни чопиш маъносини билдирган.
Достондаги бошқа атама ва исмлар ҳақида www.yandex.ru ва бошқа изловчи веб саҳифалардан маълумотлар олиш мумкин. Ўқинг, марҳамат.
МАРИЯ – АНТУАНЕТТАНИНГ СЎНГИ ИККИ СЎЗИ
(достон)
Ҳукмронликда у топмади довруқ,
Ўзи хам тушунди буни сўнги дам.
Йўқ илло малика унданда улуғ,
Аёллар ичра у менинг мабудам!
Мен қилай у ҳақда сизга хикоя,
Ўқиб чиқинг буни, қилиб афсала.
Инқилобга қарши йўқ бунда ғоя,
Инқилоб, умуман, бошқа масала.
Польшани бўлгани бўлди баҳона,
Етти сўзи унинг, жаҳонга аён.
Қолди унинг икки сўзи пинҳона,
Шу ҳақда қуйида қилурман баён:
***
Европа талашиб неча асрлар,
Урушди Габсбурглар Бурбонлар ила.
Урушди, гоҳи бу олий насллар,
Юз минглаб авомдан қурбонлар ила.
Охир Терезия – ҳукумрон аёл,
Чек қўймоқ истади урушларга бу.
Ибтидоий жуда қилганди ҳаёл,
Ҳолбуки, бағоят тўғри ўйлаб у.
Элчидан, истагин бўлмоқни қуда
Билдирди Людовик Ўн бешинчига.
Қирол ҳам урушдан безиган жуда,
Эмаслигин қарши, айтди элчига.
***
Ўн тўрт ёшда эди Веналик келин –
Антуанетта шўх, соҳибжамол қиз,
Сўрашганда унинг лутф ила қўлин,
Капетга – Франция тахтига ворис.
Унгача, эмас-ки ҳеч кимга бу сир,
Уч йилга чўзилди борди-келдилар.
Режа эди қилмоқ тарихга таъсир,
Ҳар икир-чикирни хисоб қилдилар.
Бу тўй хам тарихда қолмоғи даркор,
Аямади маблағ иккала тамон.
Рейндаги кичик оролда, тезкор,
Келин тушургани қурдилар ровон.
Икки тенг хонали кичик кошона –
Бу ровон қиларди кўзни маҳлиё.
Маъноси: Австрия эди бир хона,
Бошқа хона эса Франция, гўё.
Биринчи хонада либосин ечиб,
Бошқасига келин ўтмоғи лозим:
Австриядан, яъни, батамом кечиб,
Франциялик бўлиш эди маросим.
***
Келишидан келин илгари бир оз,
Бўлди бир ғаройиб ҳодиса содир:
Кўп эди кўргани жуда ишқибоз,
Оролдаги мазкур бинони нодир.
Бир гуруҳ талаба, яширин, тез ва
Ҳеч нарсага тегмай, хоналар ичин,
(Барча жойда каби беришиб ришва),
Кирдилар ровонга томоша учун.
Гобеленлар осиқ бунда бебаҳо,
Ҳар бир буюм бунда санъат асари.
Алпқомат талаба бир (асли, даҳо),
Қотиб қолди илкис ҳайкал сингари:
Чунончи, кўрди у гобеленда бир
Ясон тўғрисида қадим ақида.
Рафаэльдан нусха олинган тасвир,
Моҳияти бахтсиз никоҳ ҳақида.
Нихоят, талаба тутолмай ўзин,
Хитоб этди: – Бу не ҳафтафаҳмлик?
– Бу ахир, – деди у, чақнатиб кўзин, –
Қироличага ёш, ёвуз мавхумлик!”
Илло унга ҳеч ким солмади қулоқ,
Ўйладилар уни бир авом муте.
Олиб кетди аранг дўстлари, бироқ
Жонини койитган бу эди – Гёте!
***
Ҳолбуки, шу экан, тақдиру насиб,
Терезия шундай, қизин узатди.
Йўл-йўриғларин у қоғозга ёзиб,
Антуанеттасин йўлга кузатди.
Айтайлик шу ерда катта хатосин,
Билсак-да малика буюк биз уни,
“Аралашма, – дея – сиёсатга сен”,
Сиёсий гирдобга отди қизини.
***
Келин қиз, беҳабар аянч қисматдан,
Францияга кириб келди бахтиёр.
Келди, тўқ дийдаси тахтга нисбатан,
Бўлмоқ учун она, бўлмоқ учун ёр.
Кутиб олди уни Франция ҳуррам,
Маросим хам ўтди режа бўйича.
Бутун миллат шодон қиларди байрам,
Тинчлик келтирди, – деб – ёш қиролича.
Версальгача гуллар сочилар эди,
Яшасин қролича! – янграрди хитоб,
Ва шу чоғ, шубҳасиз, очилар эди
Жаҳон тарихида янги бир китоб.
***
Мислсиз дабдаба билан ўтди тўй
Олти мингта меҳмон Версальга келди.
Тилласоч келинчак мағрур ва хушрўй,
Барчани шайдо-ю маҳлиё қилди.
Илло “бир кам дунё” деганларидек
Чиқди “ишкал” ҳеч ким кутмаган сира.
Шаҳзода Капетнинг ёри паридек,
Қолаверди, ҳуллас, ҳар тун бокира.
Давом этди ушбу ҳолат етти йил,
Ҳал этса бўларди лек бундан аввал,
Дофин (сўнгра қирол) бўлсайди дадил,
Даркор эди кичик жарроҳлик амал.
Илло бу менинг хам ўз фикрим, албат,
Билгай, нима – қачон вақт ўзи доҳий.
Воқеалар ўтгай навбатма-навбат,
Ҳозир тингланг “етти сўзни тарихий”.
***
Версальга келганда қизалоқ Мари,
Кирдикорлар ички чарҳ урар эди.
Қиролнинг уч нафар қари қизлари
Дюбари хонимдан чув юрар эди.
Дугонаси бўлиб қайнхола уч,
Келинчакни тезда қўлга олдилар,
Олиш мақсадида Дюбаридан ўч
Антуанеттани йўлга солдилар.
Саройда бор эди қонун-қоида,
Барча бунга сўзсиз қиларди амал,
Насли юқорига, насли қуйида
Очолмасди асло сўз ундан аввал.
Дофина унвонли, эди саройда
Антуанетта енг зодагон аёл.
Таъзим қилур эди унга ҳар жойда,
Барча истисносиз эгилиб хиёл.
Графиня бўлса-да хоним Дюбари,
Авомдан чиққанди, паст эди насли.
Қиролнинг суюкли эди дилбари,
Унвонин тан ила топганди асли.
Ҳолбуки, Дюбари дофинага ҳеч
Гапиришга олдин йўқ эди ҳаққи.
Сўзлашини унинг кутиб эрта-кеч,
Тобора бўларди асаби даққи.
Антуанетта шўҳ, дофина эса,
Пайқамасди уни, гапириш тугул.
Қайнхолалар хам шод эди роса,
Дейишиб; “қозондик ғалаба буткул”.
Илло улар қаттиқ адашардилар,
Эмас эди ушбу оддий кирдикор.
Тоғни улар тошча аташардилар,
Қизчани “ўйинга” тортишди бекор.
***
Айни чоғда Фридрих, Екатерина,
Иосиф хам бирга – Иккинчи учта,
Туздилар режа тинч, келишибгина,
Польшани ўзаро қилишга иқта.
Катта сиёсатнинг ўйинин қаранг:
Элчилар у ёқдан, бу ёққа елиб,
Бир давлат тақдири қадалди таранг,
Антуанеттага айланиб келиб.
Билмасди хам буни, қизча бечора,
Аслида, ҳеч нима керак хам эмас.
Хоҳлаган сўзини, фақат бир бора,
Дюбари хонимга у гапирса, бас.
У эса сира хам эгмас эди бош;
Барчани, сўзлашиб ҳушнуд этарди.
Дюбари қошидан лек чимириб қош,
Намоишкорона ўтиб кетарди.
Алдадилар уни, қўрқитишди ҳам,
Мумкин, деб, саройда заҳарлашлари.
Атуанетта лек жуда мустаҳкам,
Бўлмас эди таслим, қалъа сингари.
Қирол ҳам ялинди, лек кетди зое,
Бундан у чунонам бўлди дарғазаб.
Дофина хеч кимга бўлмасди тобе,
Аъёнлар дер эди; – қиласан ажаб!
Жалб этилди ишга Терезия ҳам,
Ёзди у қизига икки бора хат.
Антуанеттада қолмасдан чидам,
Волидага охир қилди итоат.
Синдиришди шундай пировард уни,
Саккиз ойда сал кам “жанг” топди якун.
Дюбарига деди янги йил куни;
– Версальда одам кўп жуда ҳам бу кун.
Шу етти сўзни у айтди доналаб,
Билмасди қандай бор аҳамияти.
Қайнхолалар ҳам тишладилар лаб,
Бўлди ер уларнинг салоҳияти.
Антуанетта, ҳа, бу гал берди ён,
Енгиб чиқди уни бу гал Дюбари.
Бу эди тарихий, асли жараён,
Тарқалди яшиндек ҳар ён ҳабари.
Парчаланди учга Польша давлати,
Мустақил бўлмайди юз йилдан ортиқ.
Версальга лек аён қандай жиҳати,
Бўлмади-ку унга бир нима тортиқ?
Англай олмай сира қайда-нима сир,
Сўрдим узоқ-узоқ, даставвал, ҳаёл.
Эканман қанчалик мен ақли қасир,
Ахир, ҳар қиролни бошқарур аёл!
Антуанетта қиз, билмасдан ўзи,
Версаль сиёсатин қилганди фалаж,
Дюбарига айтган ҳар қандай сўзи,
Польшани бари-бир қиларди торож.
Дюбари қозонди шаҳсий ғалаба,
Сурди кейин тўрт йил яна у даврон.
Кейин қирол “ўтди” қасал бўлиб ва
Юртга бўлди янги қирол ҳукмрон.
***
Антуанеттанинг шаҳзода ёри
Айланди Людовик Ўн олтинчига.
Айланди мулкига француз диёри,
Лек рўшно тушмади унинг ичига.
Нега-ки, ҳамон у бокира эди,
Қайлиғи чўчирди даволанишдан.
Кайфияти мудом дилхира эди,
Уяларди чунон барча танишдан.
Қирол эса, қизиқ, билса-да барча,
Яширишга савҳин уринар эди.
Жисмоний ишларди ҳолдан тоярча,
Гўёки, бақувват кўринар эди.
Овга борар эди, деярли, ҳар кун,
Буғуни йиқита оларди ўзи.
Мижози лек заиф бўлгани учун,
Қиролга хос қатъий эмасди сўзи.
Уч йилдан сўнгра бу бемаъни ҳолга
Чек қўйди, Версальга Иосиф келиб.
Қайноға нималар деди қиролга,
Шу кунгача аниқ бўлмайди билиб.
Ҳолбуки, уч ойда қирол тузалиб,
Соппа-соғ бир эркак бўлди-ю қолди;
Етти йилдан бери гул ва андалиб
Орасида бўлган тўсиқ йўқолди.
Қиз кўришди ўтиб орадан бир йил,
Кейин эса тахтга туғилди ворис.
Яна қиз туғилди, яна бир ўғил,
Бахтли эди миллат малика боис.
***
Малика гўзаллик эди сиймоси,
Хонимларга барча у эди ўрнак.
Бўларди удум ҳар кийган либоси,
Қилишарди сочни у каби турмак.
У жуда дилрабо, жуда меҳрибон,
Жаҳонда малика бўлди ягона.
Энг олий бахт эди, дилин топибон,
Бўлмоқ унга яқин дўст ва дугона.
***
Бир бериб, бир олиб ўтарди ҳаёт,
“Кетиб қолди” катта ўғил дафъатан.
Аввалроқ онаси этганди вафот,
Мусибат эмас лек булар, нисбатан.
Булар ҳали жиддий синовлар эмас,
Ҳақиқий синовлар олдинда хали.
Уларни айтишдан қайтса-да нафас,
Не илож қиламиз, келганда гали?
***
Ниҳоят, келиб кун Бастилияга,
Қўзғалон кўтариб, халқ этди хужум.
Чекловлар қўйилиб қирол Луига,
Қурила бошланди янгича тузум.
Жараён исённи қилди инқилоб,
Бераҳм бир гуруҳ кашф этди қудрат,
Ярмиси зиёли, ярмиси қаллоб –
Робеспьер, Димулен, Мирабо, Марат…
Тумонат одамнинг бошин чопдилар,
Қилдилар инқилоб номини қотил.
Қиролни хам улар хоин топдилар,
Суд қилишиб тезкор, қилдилар қатл.
Қироличани хам Тампльда ушлаб,
Қилмоқчи бўлдилар сиёсий ўйин.
Консьержери – ўлим касрига ташлаб,
Эгдирмоқ исташди Венани бўйин.
Иосиф хам вафот этиб йил аввал,
Вена эди бу дам Францнинг қўлида.
Пинак ҳам бузмади жиян, лоақал,
Ўз холасин озод қилиш йўлида.
Чунки, хола энди бўлганди абас,
Энди у бир аёл қаланғи, яъни,
Суюкли жиянга у ҳеч ким эмас,
Камайса хам пича сулола шаъни.
Неча бор эгилиб, қўлини ўпган,
Бошқа қироллар хам туришарди жим.
Екатерина хам, ўлганни тепган,
Деди: – Худо нажот берсин, азизим!
Инқилоб ушбу илк бўлганда содир,
Эрнинг уруғлари қочди чет элга.
Бўлишса-да ёрдам беришга қодир,
Тураверди улар қисишиб елка.
***
Бор эди дўстлар хам вафоли ва мард,
Луиза қайтди тез Лондондан хавфсиз.
Дугонага собиқ бўлди-ю хамдард,
Фожеали халок бўлди, минг афсус.
(Дантончилар унинг кесди бошини,
Танасин Парижда юришди судраб.
Тураверди, ҳатто, кўриб ҳам шуни,
Катта сиёсатнинг виждони мудраб).
Маликага бўлган ғойибдан ошиқ,
Фрезен ҳам мардона қилди ҳаракат.
Чиқаверди бироқ хилма-хил тўсиқ,
Бўлаверди содир турли халокат.
Илож хам топдилар Жорже ва Тулан,
Маликани озод қилишга ёлғиз.
Кўнмади Волида, қатъийлик билан,
Деди: – Йўқ, кетмайман болаларимсиз!
***
Лек Буюк Инқилоб этарди давом,
Билмасди мурувват, уқмасди итоб.
Гоҳ тинчиб қолар у, бўлгандек тамом,
Гоҳ олур аланга янада шитоб.
Тампльда, сўнг эса, Консьержерида –
Антуанеттани сурункасига,
Қийнашса-ю бир йил нари-берида,
Парво ҳам этмасди Шёнбрунн нега?
Баъзи-бир дохийлар ғазабга минди;
– Токай бизга ғусса ушбу тасқара?
Шунча биз чидадик, бас, етар энди,
Олсин унинг сочин “миллий устара”!
Бошлашни маҳкама қилдилар талаб,
Коммуна номидан, ватан номидан.
Бажарилди талаб шошилинч, сабаб,
Инқилобнинг барча қўрқар домидан.
***
Маликани судга келтиришган чоғ,
Қолмаганди унинг аввалги файзи.
Юзлари ажинли, яхлит сочи оқ,
Ранги ҳам бўр эди, тўхтамай ҳайзи.
Аммо унинг руҳи синмаган эди,
У марҳум эрига тутса-да мотам,
Кўзларида зиё сўнмаган эди,
Тутарди ўзини мағрур ва ўктам.
Зеро, у биларди бу сўнги имкон,
Бой бериб бўлмайди буни базинҳор.
Биларди, тарихий эди ушбу он,
Тутиб бўлмас ўзни аянчли ва хор.
Ғаним ҳам ушбу он биларди, албат,
Чопишдан илгари бошини Саксон,
Маликанинг номин абадул-абад
Қилиш керак эди ер билан яксон.
Жак Эбер лек буни қилолмасдан эп,
Илкис амал теккан, сиёсий аҳлат,
Саккиз ёшли ўғли билан “ётган”, деб,
Маликага қилди дахшатли туҳмат.
Ўйлади, зарбага чидолмас аёл,
Ўйлади, ёнади, тутгай жизғинак.
Адашди лек қаттиқ Эбер хомхаёл,
Малика, хатто-ки, бузмади пинак.
Ёвларни ўзин лек босди вахима,
Қайтадан беришди аёлга зарба,
Дейишди: – Айтингиз бунга бир нима, –
Дегандек, сукутлик иқрор ва тавба.
Малика қайтарди чуқур фалсафа:
– Эътироз қилишга эмас-ки ўнғай,
Жисмимда табиат қарши ва хафа,
Ўйлайман, оналар мени тушунгай.
Малика ғалаба қозонди тўла,
Гарчи унинг кетгай эрталаб боши.
Ёвни ўзин яксон қилди бир йўла,
Маликага отган қабиҳ бу тоши.
***
Биламиз, мажозий ҳаёт бу шахмат;
Бунда бор оқ – қора, бор яхши-ёмон.
Малика билмасди қандай бу ҳикмат,
Билганда, эҳтимол, қоларди омон.
Қизиқтирмас эди тожи ва тахти,
Ўйларди у янглиш, “ҳаммага хушман”.
Трианонда сўлим ўтарди вақти,
Билмасди лек уни қуршарди душман.
Никоҳ кечасида минглаб меҳмонни,
Ярақлаб, чарақлаб у ёндирувди.
Ёнидаги ҳар кун минг қув ёронни,
Ўйноқлаб, қувноқлаб тўлғонтирувди.
Икки минг либоси айлантирур бош,
Биттасин киёлмас камбағал қизлар.
Бриллиантлар ноёб унга – майда тош;
Қанча эди уни егудек кўзлар?
Умуман олганда, булар бир нави,
Кечикса-да ўн йил, дофинни туғиб,
Энг ёвуз, энг баттол, хуфия ёви –
Франсуа Ксавьени қўйганди бўғиб.
Ҳолбуки, азалдан у эди тахтли,
Катта хатоларни қилди, деманг у.
Истарди бир аёл бўлишни бахтли,
Пировард малика бўлди у мангу.
***
Қолганди энг сўнги битта маросим –
Сочин олиш керак “миллий устара”,
Олди, деб, ярамас аёл жазосин,
Килиш керак уни авом масхара…
Ана, Саксон, баланд, сачиратиб қон,
Атуанеттанинг бошин кўтарди.
Яшасин инқилоб! – ўкирди майдон,
Малика шивирлаб недир этарди.
Исботланди илмий, яшайди экан
Чопилган бош яна саккиз сония:
Кечирдим сизларни, – ўшанда деган,
Сонияда саккиз Ҳазрат Олия!
Саиджаҳон Равоний
Андижон.




