Жиззах вилоят “Ҳуқуқбонлар” Ассоциацияси хабарномаси

Ҳокимнинг “Ўнг кўз назари”нинг нархи қанча

Ёхуд

Бу назарнинг қудрати ҳақида фактлар

Жиззах туманига қарашли Олтинсой Сувдан Фойдаланувчилар Уюшмаси (СФУ) худудидаги 186-187-чи контурда жойлашган 16 гектар (га) сувли, 6 га лалми, жаъми 22 га ер майдони 2004- йилнинг 14 январигача “Исмат ота” фермер хўжалигига қарашли бўлган ва кейинчалик бу ер туман захирасига қайтариб олинган. 2004- йилнинг 14 -январидаги туман ҳокимлигининг № 50- қарори,
№4 йиғилиш баённомасига асосан шу ер, яъни 22 га ер майдонида мен “Комил Хожимурод” номли фермер хўжалиги ташкил қилдим. Майдоннинг 6 гектарининг мелиоратив ҳолати оғир аҳволда, яъни ишлатишга яроқсиз ҳисобланарди. Ерлар ташландик холга келиб, “Исмат ота” ф/х.лиги фаолият кўрсатган пайтда ҳосилдорлик жуда паст бўлган.
Бу хўжалик 2002- йил 7 га ер майдонига пахта экиб, 600 кг, 2003 -йили 8 га ер майдонидан эса атиги 900 кг пахта топширгач, ер туман захирасига қайтариб олинган эди. Мен ф/х.лигимни йўлга қуйгунимча жуда катта меҳнат қилдим. Ерни текислатдим, чуқурликларини тўлдирдим, бегона ўтлардан тозалатдим, 40 тоннадан зиёдрок махаллий ўғит чиқариб ерга ташлатдим.
Менинг меҳнатим натижасида ер мен хохлагандек ҳосил бера бошлади: ҳосилдорликни кўтаришга эришдим. 2004- йили 19 га ерга пахта экиб, 37 тонна пахтани давлатга сотдим. Кейинги йилларда хам кўрсаткичларим яхши бўлди. 2007- йили эса Жиззах туман хокимлигининг №170- карорига асосан 10 га ер майдони кушиб берилди ва жаъми ер майдоним 32 га бўлди.
Пахта, ғалла ва пилланинг давлат томонидан қўйилган режаларини мунтазам бажариб келганман. Ерлари менга берилган “Исмат ота” ва “Каромат она орзусида” ф/х.ликларидан менинг ф/х.лигим ҳисобига ўтган қарздорликларини ҳам ёпдим. Бу қарздорликлар ёпилгунча фермерлигим хисобидан ўз шахсий фойдамни кузлаб иш қилмадим.
Биз фермер хўжалигида оилавий шажарамиз билан бирга ишлаймиз. Шу ернинг ўзида 10 оиладан 40 га якин киши мехнат қиламиз ва рўзғор тебратишимиз ҳам шу ер ҳисобига. Ўз шахсий пулимга ф/х.лигим даласида шийпонча солдим ва атрофига 350 туп мевали дарахт ўтказдим, улар ҳозирда мева бера бошлади. Шу фаолиятим давомида бир канча кийинчиликларга, хаксизликларга дуч келдим.
2007- йили кузида Жиззах туман ҳокими мажлисга чақирди, хамма фермерлар қатори мен хам бордим. Шу пайт туман ҳокими қулидаги хужжатларга қараб мени хам турғазди ва эшикдан кирган жойнинг ўнг томонига бориб туришимни айтди. Бориб турдим. Мендан кейин хам бирин-кетин одамлар келиб туришди. Бир пайт, хоким тўғри менга қараб кела бошлади.
– Нима учун шу пайтгача шудгор қилмадинг? – деб сўради у. Мен жавоб беришга улгурмадим: хокимнинг мушти юрагим устига келиб тушди. Мен оғриқдан букчайиб қолдим ва жавоб бериш учун яна турдим. Хоким эса яна ўша жойимга мушт туширди. Бу хол яна такрорланди. Хушимни йўқотишимга озгина қолди. Мен: “Менинг ерим шудгор қилинган” деб зўрға жавоб бердим..
У қулидаги хужжатга қараб: “Йўқ, шудгор қилинмаган. Хужалик раиси билади-ку” деди ва бошқаларни хам турли хил айблар билан калтаклашда давом этди. Кейин билишимча хўжалик рахбари Рустам Усаров хокимга ери шудгор қилинмаган фермерларнинг рўйхатини тахминан бериб юборган экан. Унинг тахмини учун, масъулиятсизлиги оқибатида мен туман хокими томонидан калтакландим.
Шундан сўнг, 2008- йилнинг ноябр ойининг 6- ёки 7- кунлари эди, туман хокими чакираётганлигини айтишди. Бордим. Бошка ф/х рахбарлари хам бор экан. Хоким З.Саидов фермерларни битта-битта қабул қила бошлади. Навбат менга келди. Кирдим. ўртамизда савол жавоб қўйидагича бўлиб ўтди: “Ерни нима учун топширмаяпсан?
Ўзинг ишлатасанми ёки бошқа бировга бериб юборайми?” деди. Мен: “Ўзим ишлатаман” – деб жавоб бердим. Ҳоким: “Ўзинг ишлатадиган бўлсанг, эл қатори эртага хужалик рахбаридан менга 500 $ бериб юбор!” – деди. Мен унга бунча пулим йўқлигини айтдим. “Ер керак бўлса топасан” – деди у. Мен “эл қатори” уша 500 $ пулни беролмадим. “Эл қатори” бўла олмаганимдан сўнг эса хокимнинг чап кўз назарига тушдим.
Мен гуё туманга ўгайдек бўлиб қолдим. 2008- йил ноябрь ойининг 10-дан 11- ноябрга ўтар кечаси эди. Тун. Чироқлар учиб қолган. Ёмғир шамол аралаш ёғаётганди. Кечаси соат 24-30 лардан ўтиб қолган бўлса керак. Кўзим уйқуга кетган экан. Кимдир туртди. Кўзимни очиб қарасам тепамда учта милиция ходимлари қулидаги фонарини юзимга тутиб турган экан.
Ўрнимдан турдим. “Ҳа, йигитлар, тинчликми?” дедим. Уларнинг бири қулимдан ушлаб: “Нега хоким чақиртирса бормадингиз? Қани, биз билан юринг-чи” деди. Мен уст-бошимни аранг кийдим, оёқларимга пайпоқ кийишга хам улгурмадим. Мени туман хокимлиги биносига олиб боришди ва хоким З. Саидов хузурига киришимни айтишди. Кирдим.
Хоким “хе” йўқ, “бе” йўқ, тутақиб сука бошлади. Сукишлар орасида менга нима учун ерни топшириш тўғрисида ариза ёзмадинг, деган сўзини илғаб олдим, холос. Хоким шунчалик тутоқди-ки, мени уришга хезлана бошлади. Мен уни тинчлантиришга бир неча бор харакат қилдим, бироқ харакатларим натижа бермади. Сукина–сукина: “Ерни топшириш ҳақида ариза ёз!
Печатни топшир! (хоким ф/х.нинг штамп ва юмолок мухрини назарда тутаётганди). Йўқса бола–чаканг, уруғинг билан қаматтириб юбораман. Фермер хужалигини текширтириб йўқ қарзларни буйнигга қўйдираман” – дея ўшқирарди. Хоким мени калтаклашга кела бошлади. Олий маълумотлиман, касбим – ўқитувчи. Бу зўравон олдида ўзимни ерга ургим келмади, яна калтакланишимни хохламадим.
Штампсиз, печатсиз ариза ёзиб бердим. Шу аризамга асосан еримни 2008- йил 16 апрелда вилоят хужалик судининг №13-0805/ 3192 иши судья Х.М. Маматовнинг раислигида ёпилган “Нуркул ўғли Улуғ” ф/х.га қўшиб берилди. Каранг-а, “эл қаторида”ги, хокимнинг ўнг куз назарига тушган фермерларга қандай имтиёзлар бор экан.
Акс холда, вилоят хужалик судининг, яъни шундай нуфузли (дабдабали) ташкилотнинг ёпилган фермерлигини қайта очиб беришга, ф/х.ги қайта очиб берилгани хам майли-ю, ер кушиб беришига кимнинг хам хадди сиғарди, дейсиз. Мен эса штампсиз, мухрсиз ёзилган ариза билан ерни топширдим. Бу туғрида, яъни туман хокими З. Саидов ерни топшириш туғрисида мажбуран ариза ёздириб олганлиги, ерни ўзимга қайтариб беришларига ёрдам беришларини сураб кимларга мурожаат қилмадим, дейсиз.
Жахлидан тушиб хатосини тушунгандир, деб З. Саидов қабулига қайта кирдим. Натижа булмагач, туман прокуратурасига, хужалик судига шикоят аризаси киритдим. Бу арзларим, афсуски, ханузгача эътиборга олинмай келинмокда. Жиззах туман хокими кимнинг ўнг кўз назарида-ки, икки бор жиноий иш буйича судланиб хам уз лавозимида муким турибди.
Мен қонуннинг битта ҳақ кўзи бор, деб хато ўйлаб юрган эканман. Афсус-ки, ўнг ва чап кўзлари мавжуд экан. Чап кўз назарига тушиб қолишдан эса Худонинг ўзи асрасин: сарсон бўлиб кетаркансан. 2009 -йил 2-июнда еримни ноконуний тортиб олинганлиги ва ерни узимга кайтариб олишимда ёрдам беришларини сураб Жиззах вилоят Хужалик судига ёзма мурожаат қилдим.
Аризамни хужалик суди раиси Синдаров ўқимаган кўринади, чунки мен аризамда “Нургул ўғли Улуғ” ф/х.ги судья Х.М. Маматовнинг қарори билан ёпилганлигини тўлиқ ёзганман. Синдаров эса менинг аризамни кўриб чиқишини Х.М. Маматовга юклабди. Мен бу харакатга тушунмадим. Шундай бўлса хам судья М. Маматовга учрашдим,
судья эса бу ишни кўриб чиқишни нимагадир пайсалга солаяпти. Камчиликлари бор, деганди, мен у айтган хужжатларни хам олиб бориб бердим. Афсуски, суддан бирор киши суроқламаяпти. Туман прокуратурасига 2009- йил 4-июн кунги мурожаатимдан сўнг 2009 -йил 20 июн куни туман ер ресурслари ходими Рустам Усаров уйимга келиб, ер улчаш учун далага бораётганлигини айтиб кетибди.
Мен Рустамга телефон қилиб: “Боришим шартми?” – деб сўрадим. “Ўзингиз келмасангиз бўлмайди” – дегач, мен далага бордим. Мен далага борган вақтимда Рустам ўша ерда экан. Ундан 30-40 метрлар нарида “Нургул ўғли Улуғ” ф/х.нинг раиси Раъно Аликулова турган экан. У мени кўриб биз томонга кела бошлади ва оралағимиз 10 метрлар қолгач, менга қараб бақира бошлади:
“Кўнглинг жойига тушдими? Нима қилмоқчисан? Яна қаёққа бормоқчисан? Шуни яхши бил-ки, хоким тирик турса бу ерда менинг айтганим бўлади!” – деб хар хил ифлос сўзлар билан хақоратлаб менга ташлана кетди. Рустам бизни ажратган киши бўлиб турди, бироқ жон куйдиргани йўқ. Бу томоша жанжал чиқариш учун уюштирилганини сездим. Бу ердан кетиш зарурлигини фахмладим ва шарт орқага бурилдим.
Шу пайт Раъно Аликулованинг укаси пайдо бўлди. У ўнг оёғимга қаттиқ тепди ва мен зарбдан мувозанатимни йўқотиб йиқилдим. Менинг йиқилганимдан фойдаланиб улар менинг дуч келган жойимга тепа бошлади. Бир амаллаб улардан қутилиб чиқдим ва уйга бориб ётдим. Ўша куни кечга бориб калтак зарбидан бел, елка томонларим оғриқдан азоб бера бошлади.
Касалхонага бордим. У ерда экспертиза қилишиб, умуртқада, биқин ва қовуқда калтакдан жарохат борлигини аниқлашди. Мен касалхонада 5 кун даволаниб чикдим. Мен туман хокимининг ўнг кўз назарининг кучини яна бир мисол билан исботлаб бераман. Жиззах вилоят хужалик суди 2008 -йил 16 апрель №13-0805/3192 иши судья Х.М.Маматов томонидан ёпилган “Нургул ўғли Улуғ” ф/х.нинг 10 га ери бор эди.
Менинг 32 гектар ерим қўшиб берилса, жаъми 42 га ер бўлади. Бу мутлақо куриниб турган рақам, бунда адашиб бўлмайди. Тўғрими? Бироқ туман хокими “ўнг кўз назари” билан қараса борми, 10-11 га ер ўз-ўзидан чиқиб кетаверар экан. Хозирда Жиззах туман хокими З. Саидов “Нургул ўғли Улуғ” ф/х.нинг ер майдонини гарчи 42 гектар бўлса-да, 37,5 га ер майдонига қарор чиқариб бераяпти.
Хоким бу қарори билан 4,5 ерни “Нургул угли Улуғ” ф/х.га тухфа қилаяпти. Бу хам майли. Бироқ бу фермер 27,5 гектар ер майдонига пахта экиши керак эди. Бироқ хозирда 21 гектар ерга пахта экилган. Бу холатни туман хокими у ёқда турсин, туманнинг бошқа мутасадди рахбарлари хам курмаяпти. Нима учун дейсизми? Ахир хоким З. Саидовнинг “ўнг кўз назари” тушган-да!
Мана “ўнг кўз назари” тушиш қудратининг исботи. Йўқса “Нургул ўғли Улуғ” ф/х.даги талон тарож килинган 11 гектар ерни туманда нахотки бирор рахбар сезмайди, дейсиз? Бу фермер 11 гектар ерни махаллий ахолига полиз ва макка экишга бериб юборган. Бу холат факатгина шу фермерда курилмайди. Бошка фермерларда хам бундай холатни куриш мумкин.
Шу худуддаги фермерларнинг деярли кўпчилигида пахтани ташландик ерга экиб яхши хосилдор ерларни эса махаллий ахолига полиз ва макка экишига бериб юборишган. Мана, курдингизми, купчилик фермерлар хоким З.Саидовнинг “ўнг кўз назарига” тушишган куринади. Хокимнинг унг кузининг назари эса 500 $ туради. Ўша 500 “кўки”ни тополмаганим учун мен авораю — сарсон булиб, додимни айтиб эшик кокиб, хакикат излаб юрибман.
Мен вилоят прокуратурасига, вилоят хужалик судига, вилоят адлия бошкармасига, вилоят хокимлигига ёзма мурожаат қилдим, бироқ бирортасидан жавоб ололмадим. Оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон ичкарисидаги, хусусан Жиззах вилоятидаги хақиқий ахволни ёритиб, рахбарларнинг, қонунни ҳимоя қилувчи органларнинг жойларда менга ўхшаган қанчадан-қанча фермерларни овораю-сарсон қилиб,
таниш-билишлик, оғайнигарчилик йўллари билан ишлаётганликларини очиқ айтишга мажбур бўлдим. Мана шу таниш-билиш йўли билан ишлаганликлари учун хам рахбарлар, суд, судьялар, прокуратура ва хокимиятга халқ орасида ишонч йўқолиб, норозилик кучайиб бормоқда.

“Комил Хожимурод” ф/х рахбари К. Хожимуродов.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares