Бугун Францияда Мўътабар Тожибоева набиралик бўлди

Бугун эрталаб Франция вақти билан соат 5 да таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, бир қанча халқаро мукофотлар соҳиби, “Ўтюраклар” клуби номли инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг қизи Маҳлиё ўғил кўрди.

Париждаги туғруқхоналардан бирида 4 кило 25 грамм вазнда туғилган чақалоқ соғлом, қошлари қоп -қора, киприклари узун, бувиси Мўътабар опадек тетик ва бардам. Биз Мўътабар опани набиралик бўлганликлари билан “Янги Дунё” саҳифаси ўқувчилари номидан қутлаш шарафига муяссар бўлдик.

(Суратда: Чапдан ўнгга-АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон, Мўътабар Тожибоева ва Мишел Обама).

Бу Мўътабар Тожибоевани иккинчи набиралари. Биринчи набиралари Мўътабар опа қамоқда эканликларида туғилган. Ўша кунги хотиралар ҳақида Мўътабар опа шундай ҳикоя қилиб бердилар: -Биринчи набирам Зебохон мен қамоқдалик пайтимда туғилганди. Ўшанда қизим Маҳлиё ҳомилалик эканлигини менга маълум қилган кунда мен қамоққа олингандим.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида бўлиб ўтган аппеляция судлов жараёни якунланган куннинг эртасига, яъни 1 -июнь куни шифокорларнинг хулосасига кўра Маҳлиёнинг кўзи ёриши керак эди. Адвокатларим ва оила аъзоларим аппеляция судидан сўнг яқин кунларда бу ҳақда менга хушхабар билан учрашувга келишларини айтишган эди.

-Лекин июнь ойининг охиригача ҳеч қандай хабар бўлмади. Мен ўшанда айнан мени руҳан синдириш мақсадида Маҳлиёни ҳукумат мансабдорлари туғаётган пайтида ўлдирганлар, бу шум хабарни яқинларим менга айтишдан қўрқишаяпти, дея қаттиқ хавотир олгандим. Қарангки 12 июнь куни кечаси мен Тоштурмадаги камерада беҳаловат бўлиб ухлай олмай чиқдим.

Эрталаб ойнага қараганимда эса бир тутам сочим оқариб кетганини кўрдим. Кейинчалик маълум бўлишича 12 июндан 13 июнга ўтар кечаси, яъни мени сочим оқариб кетган куни Маҳлиёни кўзи ёриган экан , -дейдилар Мўътабар опа. Мўътабар Тожибоева набираларига ном қўйиш тарихи ҳақида ҳам сўзлаб бердилар.

-Мен тергов изоляторида ётган пайтимда қизим Маҳлиё бўлажак фарзанди қиз ёки ўғил бўлишини билмаслигини, шу сабабли бир қиз ва бир ўғил фарзандга ном қўйиб беришимни сўраб хат киргизганди. Мен ўшанда унга “биринчи фарзандга ном қўйишга удум бўйича куёвнинг ота оналари ҳақли.

Иккинчи фарзандга эса ота-онанинг ўзи бурчдор. Учинчи фарзандга эса келиннинг ота -онаси ҳақли бўлади. Шунинг учун қайнота ва қайнонанг танлаган исмни фарзандингга қўй”, деб унга жавоб хати чиқарган эдим, -дейди Мўътабар Тожибоева. Мўътабар опанинг айтишларича набираларига қамоқда ўтирган ҳолатда танлаб берган исмлари
кейинчалик фарзандларига ташвишлар келтирмаслиги учун шу йўл тутган эканлар.

Шу сабабли Мўътабар опанинг биринчи набиралари исмини у кишини қудалари – Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти аъзоси Розахон опа “Зебохон” деб қўйган эдилар.
Ҳозир Зебохон уч ёшда.

-Зебохонни мард, жасур ва илмли инсон бўлиб етишини орзу қиламан. Шунинг учун уни Зебунисо бегим деб эркалашни яхши кўраман. Маҳлиё биринчи фарзандига ҳомиладорлик пайтида ёнида бўлмаганим мени жуда ҳам қийнар эди. Уни иккинчи фарзандига ҳомиладорлиги ҳақидаги хабарни эшитганимда ҳам ундан узоқда – Европада эдим.

Мен 2008- йилнинг декабр ойи охирида Ўзбекистонга қайтиб бордим. Даволанишни давом эттириш учун бу гал шу йилнинг март ойида қизим Маҳлиё ва набирам Зебохон билан биргаликда Парижга қайтиб келдим. Иккинчи набирамга ҳомиладорлик пайтини охирги тўрт ойини қизим хавотирсиз, уюштириладиган ҳар хил фитналардан холи жойда ўтказди, -дейдилар Мўътабар опа.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячисини набира кўрганлиги ҳақидаги хабар яшин тезлигида дунёга тарқалди… Ҳуқуқбонни дунёнинг турли бурчакларидан уни ҳамкасблари, дўстлари табриклашди. -Мана бугун ўғил набира кўрганим сабабли жуда кўп ҳамкасбларим, дўстларим телефон қилиб қутлашаяпти.

Суҳбатимиздан бир оз олдин Франция Ташқи Ишлар вазирлиги ходимлари ҳам телефон орқали набирам билан қутлашди. Ҳар бир инсон албатта унга қандай исм қўйишимиз ҳақида ҳам сўрашаяпти. Биз ҳали бир қарорга келмадик. Лекин мен набирамга иккита исмни танлаб қўйганман. Биринчи исм бу Жавоҳир.

Мен набирамни Жавоҳарлаъл Неру сингари буюк инсон бўлиб етишиши учун унга шу исмни танладим. Иккинчи исм ҳақида гапирадиган бўлсак… Ўзбекистон ҳукумати мени қамоққа ташлаганда кўплаб инсонлар ўз фарзандларига ёки набираларига Мўътабар деб исм қўйишган экан. Ҳозир эса ҳукумат оловқалб шоир

Юсуф Жумани қамоқда йўқотишга урунаяпти. Лекин ҳукумат адашади. Битта Юсуф Жумани йўқотиш минглаб Юсуф Жумаларни пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Шу боис мени набирамга танлаган иккинчи исмим Юсуф. Бу билан Ўзбекистон бир Юсуф Жумани йўқотгани билан минглаб Юсуф Жумалар туғилишини ҳукуматга билдириб қўйишдир.

Мен набираларимни Абдулла Қодирийни фарзандлари сингари қатағон йиллари, диктатура тузуми ҳақида асарлар ёзишлари, илмий ишлар қилишларини орзу қиламан. Лекин мен танлаган исмларни набираларимни ота-онаси билан муҳокама қилиб, тўлиқ бир қарорга келмадик. Уларнинг ҳам ўзлари ёқтирган ва қўймоқчи бўлган исмлари бор.

Лекин набирамга қандай исм қўйилишидан қатъий назар, набираларим бизнинг ватанимиз бўлмиш Ўзбекистоннинг демократик жамият сифатида юз кўрсатиши учун хизмат қилгувчи инсонлар бўлиб етишишларига ишонаман, -дедилар Мўътабар опа биз билан суҳбатда. Биз Мўътабар опага “Набира муборак бўлсин!

Илоҳим умри билан берган бўлсин! Набирангиз ҳам сиздек мард ва жасур инсон бўлиб етишсин”, дея тилак билдирдик.

Юсуф Расул.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares