Ёхуд ҳақиқат излаб жавобгар бўлган оқсоқоллар ҳақида
1995- йили Сирдарё вилояти “Гулистон” жоме масжидига М. Усмонов имом бўлиб келганида, муомиласи мулойим, барчага бирдек назар билан қарайдиган бу домланинг илтифотларидан барча масжидга қатновчилар бағоят хурсанд бўлишган эди…. Аммо йиллар ўтиб, шу мулойим, ширинсўз домла, шундай шахсга айландики асти қўяверасиз.
Воқеа содир бўлган 2006 -йил сентябр – октябр ойларига қадар, ҳажга борувчи фуқаролардан мажбурий закот пуллари йиғиб олиш жараёнида хатога йўл қўймаганида унинг ғайриқонуний ҳатти ҳаракатларидан ҳеч ким огоҳ бўлмай, ёпиғлик қозон, ёпиғлигича қолаверар эди.
Афсуски, нафс балоси домла М. Усмоновнинг бошига етди.
Биринчидан, домла М. Усмонов 2006- йил сентябр ойида ҳаж сафарига борувчи 150 фуқаронинг ҳар бирини шаърий ва қонуний қоидаларга амал қилмасдан, мажбурий тарзда 64.000 сумдан “ҳаж закоти” тўлашга мажбур қилади.
Ўз талабини рад қилганларга ҳаж сафаридан қолдириб юборишни ваъда қилиб, дўқ – пўписалар билан йиғиб олинган 9.600.000 сўм нақд пулни ҳеч бир расмий ҳужжатларда кирим қилмаган. Домлани нафс балоси шу даражага етаклаганким, ҳатто пора олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президентини номини ҳам ёдга олишни унутмаган.
Жумладан ҳажга борувчилардан бири – С. Қодиров исмли Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро талаб қилинган барча ҳужжатларни тайёрлаб, тўловлари банк муассасаларига кирим қилинганига қарамай, М..Усмонов унга нисбатан таъмагирлик мақсадида ҳийла – найрангини ўйлаб топади.
Унинг: “Сен ҳажга бормайсан, Президентнинг 40 ёшга етмаганлар ҳажга юборилмасин деган Фармони мавжуд. Шунинг учун сени ҳаждан қолдирамиз” деб қилган зуғумидан кейин С. Қодиров ҳаж сафаридан қолиб кетмаслик учун домла М. Усмоновнинг айтган ҳар қандай шартига рози бўлган.
М. Усмоновга айнан шу керак эди. “Сени ишингни тўғрилаб келиш учун, юқорига, яъни диний идора раҳбарига дастурхон қилиб боришим учун 300 минг сўм олиб келасан”, деб талаб қилгач С. Кодиров бу пулни домлага беришга мажбур бўлади. М. Усмонов бу ҳатти – ҳаракати билан мансаб ваколатини суистеъмол қилиб пора олади.
Бундай шов – шувлар Сирдарё вилоят Хавфсизлик идораларигача етиб боргач, домла М. Усмонов йиғиб олинган “ҳаж сафари закоти”ни қисман рўйхат бўйича фуқароларга қайтарган ва ушбу ҳолат билан ўз айбини ошкора билдириб қўйган. Афсуски булар ҳаммаси эмас. Домла ҳаж сафари давомида барча қилган гуноҳлари учун
тавба- таразу қилаётган фуқароларнинг овмалигидан фойдаланиб, кейинги ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатларини давом эттиришдан қайтмаган. Ҳаж сафарига борган кишиларга сохта “Ҳожи бадал” васиқалари тайёрлаб, имзо ва муҳрлари ўрнига бош панжасини босиб, уларни 200 АҚШ долларидан сотганлиги ошкора бўлган .
Маълумки, ҳар бир ҳаж сафарига борган фуқаро ўзларининг ота – онаси, қариндош – уруғларига “Ҳожи бадал” удумларини адо этишни ният қилади. Бунинг учун бораётган манзилидан “Ҳожи бадал” қилдириладиган шахснинг номидан бирон бир кишини ўзи билан олиб кетиши керак,
ёки шу кишининг барча харажатларини қоплаб, ҳажга жўнатиши керак. Аммо бизнинг дин пешволаримиз ишнинг осон йўлига ўтиб олишган. Ҳаж сафарига борган фуқаролардан юқорида кўрсатилган маблағни йиғиб оладию, гумашталари орқали “Ҳожи бадал” қоғозларини сотувдан пачкалаб олдириб келади.
Бир кеча ухламай, кимга тегишли бўлса араб тилида исми – шарфини ёзиб чиқади ва бош бармоғини сиёҳга ботириб васиқага босиб чиқади. Қараб турибсизки, “Ҳожи бадал васиқаси” тайёр. Бўлғуси ҳожилар ҳам хурсанд, имом домлани ҳам чўнтаги тўлганидан боши осмонга етади.
Бундай ишларни бажариш фақат вилоятлардан борган имом домлаларгагина рухсат берилган. Ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Республика Дин назорати идорасига борганимизда, идоранинг ҳукукшуноси бу масалага ойдинлик киритар экан қуйидагиларни эътироф этди:
“Тўғри, “ҳожи бадал” амалларини бажариш учун ўша давлат томонидан ҳожиларнинг ҳожатини чиқарувчи тегишли хизмат кўрсатувчи корхоналари мавжуд. Ҳаж сафаридан олдин диний идора ходимлари улар билан шартнома тузгач, хизмат кўрсатувчи корхона ўз одамларини
“Ҳожи бадал” қилдирувчи фуқароларга қўшиб беради. Амаллар бажарилгач шу қатнашган шахсни (аёлми – эркакми) расми “Ҳожи бадал” васиқасига туширилади ва ушбу идоранинг мухрлари билан тасдиқланади. Шундай “Ҳожи бадал” васиқалари қонуний кучга эга бўлади.
Энди ҳозирги вақтда жамоага бош бўлиб борган домлаларимизнинг бундай ҳатти – ҳаракатлари ноқонунийдир. Нима қилайлик, озгина хатога йўл қўйишган бўлса бордир, катта ниятлар билан ҳажга борганларга 200 доллар ошиқча харажат бўлса нима қилибди” деган фикрларни билдиришди.
Бу билан имом домла М. Усмоновнинг айбини қисман тан олиб, бундай ҳолат нафақат вилоятларда, ҳаттоки Диний идоранинг ўзидаям мавжуд эканлигини тасдиқлаб беришди. Улар нимаики бўлса, барчаси юқоридан бўлаётганини тан олишмоқда. Энг қизиғи шундаким имом домла
М..Усмонов ҳаж жараёнида кечаси билан ухламай хужжатларни қалбакилаштирган ҳолатларини гувоҳи бўлган, у билан бир хонада турган ҳожилар – Ҳайдаралиев Зокиржон, Тошназаров Султонали ушбу ҳолатни тўғри эканлигини тасдиқлаб гувоҳлик беришган, бироқ бирон бир давлат идораси буни инобатга олмаган.
Домла М. Усмоновнинг ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатларини далилий ҳужжатлар билан фош этиш учун турли давлат идораларига мурожаат қилиб юрган оқсоқолларга нисбатан Гулистон шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунининг 40 – моддасига асосан,
яъни вилоятнинг нуфузли шахсига нисбатан туҳмат уюштирганлик важи билан жиноий иш қўзғатилган. Аммо оқсоқолларнинг ҳатти – ҳаракатлари замирида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли ушбу қонуннинг 271 – моддасига кўра иш ҳаракатдан тўхтатилган.
”Гулистон” жомеъ масжиди имом домласи М. Усмоновнинг ҳатти – ҳаракатларидан норози бўлган қирқдан ортиқ фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Динний идорасига “ҳақиқат излаб” 10 ой давомида узлуксиз мурожаатномалар йўллашган. Бир неча марта муфтий Усмонхон Алимов қабулида бўлишган.
Лекин негадир диний идора раҳбари М. Усмоновга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаган. Ҳатто 2007- йилнинг июль ойининг охирларида диний идорада Ўзбекистон Президентининг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Бобирмирзо Йулдошев Гулистонлик оқсоқоллар билан учрашади.
Оқсоқоллар домла М. Усмоновнинг кирдикорларини далиллар билан баён этишади. Ўшанда М. Усмонов ўзига нисбатан билдирилган танқидларни инкор эта олмай, йиғилганлар олдида бошини эгади. Бир катта давлатнинг диний идораси раҳбари, муфтий Усмонхон
Алимовнинг шахсан ўзи қўл остидаги ходими учун қўлини қўксига қўйиб оқсоқоллардан кечирим сўрайди, уларни барча талаб ва эътирозлари тўғрилигини тан олади. Ўша куни у М.Усмоновни тез кунда бошқа ишга ўтказишга ваъда бериб, оқсоқоллар кўнглини овлаб, кузатиб қўяди.
Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай оқсоқолларнинг домла М.Усмоновга нисбатан билдирган эътирозлар ўз тасдиғини топмаганлиги ҳақида уларга мактуб йўллайди. Оқсоқоллар Ўзбекистон Диний идораси бошлиғи, Муфтий ҳазратлари У.Алимовга ўз дил сўзларини изҳор қилган ҳолда
“Ташшакурнома” йўллашган. Ҳаммадан қизиғи ушбу “Ташшакурнома” асос қилиб олиниб Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан УзР.ЖКнинг 139, 140 ва 171 моддаларига асосан, туҳмат ва иғво қилганлик айби билан оқсоқолларга нисбатан жиноий иши қўзғатади ва улар жиноий жавобгарликка тортилади.
Сирдарё вилоят прокуратурасининг оқсоқолларга нисбатан тайёрлаган айблов хулосасини ўқир экансиз, Ўзбекистонда мансабдор шахслар мамлакат қонунларини ўз манфаатлари йўлида хоҳлаган томонга буришларини мумкин эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Гулистонлик оқсоколларга қўйилган айбловлар қонун ижроси
барчага бирдек тааллуқли эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилганидек тенг ҳуқуқлик фақат қоғозда эканлиги, амалда эса мансабдор шахсларгина бундай ҳуқуққа эга эканлигини исботлаб берди. Қуйида тергов хулосасида битилган ҳолатлар буни тасдиқлайди:
а) Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган тергов жараёни шу даражада кўр – кўрона, саводсизларча амалга оширилганки, бундан мақсад ҳақиқатни кўтариб чиққан оқсоқолларнинг ўзини жиноятчи қилишдир.
б) Тергов хулосасида фақат бир нарса – Ўзбекистон Республикаси.Диний идораси Муфтийсига нисбатан туҳмат ва иғво қилинган, мансабдор, мўътабар шахснинг шаънига бўлмағур сўзлар айтилган, деб кўрсатилган.
в) Шундай ҳолатларни келиб чиқишига сабабчи бўлган “Гулистон” жомеъ масжиди имом домласи М.Усмоновга нисбатан оқсоқолларнинг қўлидаги далилий исботларга асосланган ҳужжатлар эътиборга олинмаган. аксинча, тергов иши жараёнида домла М.Усмонов гувоҳ сифатида иштирок этган.
г) Асосий сабабни келтириб чиқарган М.Усмоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши, ҳаж сафарига борган фуқаролардан ҳақиқатда мажбурий закотлар олинган 129 кишидан биронтаси гувоҳ сифатида терговга жалб қилинмаган. Домла пора олишга ҳаракат қилганлигига тирик гувоҳ
С. Қодировнинг кўрсатмаси, ҳаж сафарида ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатларига гувоҳ бўлганларнинг кўрсатмалари инобатга олинмаган. Булардан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса мансабдор шахснинг айбини, ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатларини яшириш ва амалдаги қонунларини бузиб,
фуқароларнинг ҳаққига кўз олайтириб, мансаб ваколатини суистемол қилган давлат мулозимига қарши борган фуқароларни ўзини жазолаш.
Айни шу ҳолатлар нафақат Сирдарё вилоятида, балки бутун Ўзбекистонда коррупция гуллаб яшнаб, даҳшатли тарзда кучайиб борганини очиқ кўрсатади.
Ўзбекистон тўла ҳолда коррупция ботқоғига ботиб кетган.
Бироқ шунга қарамай домла М. Усмонов кўплаб ҳамкасблари каби масжидда ҳеч нарса бўлмаганидек инсоф – диёнат, ҳалоллик, поклик борасида ваъж ўқимоқда. Унинг ўзи содир этган ҳатти – ҳаракатларидан виждони оз бўлсада қийналармикан?
Ҳақиқатталаб оқсоқоллар эса бир кун келиб АДОЛАТ қарор топишига, мамлакатда ҚОНУН устивор бўлишига ишонишади. Шу боис улар ўз мақсадлари йўлида қўрқмасдан, дадил кураш олиб боришмоқда.
«Бирдамлик» Ҳаракати Матбуот Марказининг Сирдарё вилоят бўлими.




