Уйғурлар Хитойдаги қонли воқеалар ва расмий Пекит зулмига қарши жаҳон бўйлаб намойишлар уюштирмоқда. Кеча Вашингтонда ҳам бир неча юз кишилик намойиш бўлган. Иштирокчилар хитоблари билан шаҳар марказидан Хитой элчехонасигача юриш қилган. Намойишга турли штатлардан уйғурлар келди. Улар орасида бир вақтлар Ўзбекистонда яшаган уйғурлар ҳам бор.
Кўп ёшлар тўпланди. Намойиш хиссиётларга бой бўлди. Жаҳон уйғурлари етакчиси Робия Қодир намойишга бош бўлди, кўп сонли маҳаллий журналистлар билан мулоқат қилди. Унинг айтишича, уйғурлар Хитой зулмидан тўйиб намойиш қилмоқда.
Ёшу қари намойишчилар Вашингтон кўчаларидан ярим ой ва юлдуз битилган
мовий рангли байроқлар ва “Хитой, сенга уят!”, “Шарқий Туркистонга озодлик, мустақил!” чақириқлар билан ўтди. Йўлга учраган йўловчиларга уйғурларнинг нидоси битилган инглиз тилидаги варақалар тарқатилди. Уйғур ёшларидан бирининг айтишича, Хитойда интернит ва уяли алоқа ўчирилган. Ҳукумат фақат ўзига қулай ахборотни узатмоқда.
Хориждаги уйғурлар Шарқий Туркистондаги қариндошлари ва дўстларидан воқеаларни ўрганиб, расмларни олиб, жаҳонни ҳақиқатдан воқиб қилмоқда. Намойишчиларга кўра Уримчи ва Гуандон вилоятида пичоқ, тўқмоқ ва метал предметлар билан қуролланган хитойлар мингга яқин уйғурни ўлдирган.
Хитой матбуотида эса қурбонлар сони 156 нафар ва аксарияти хитойлар деб кўрсатилмоқда. Уйғурларнинг айтишича, тўқнашувлар пайтида Хитой шифокорлари яраланган уйғурларга эътибор бермай,ж тиббий ёрдамни хитойларга кўрсатган. Хавфсизлик кучлари эса тўқнашув жойига атайлаб кеч бориб, вазиятга аралашмай уйғурлар қатлиомини четдан кузатган.
Хитой ҳукуматининг репрессив сиёсати уйғурларни аянчли аҳволга солган, дейди асли Тошкентлик намойишчилардан бири.Озодбек исмли йигитнинг айтишича, уйғурлар ҳам марказий осиёлик қариндошлари каби мустақил бўлишни истайди. Хитойдаги воқеаларга барча давлатлар ҳам муносабат билдиришга шошилмаяпти, чунки маълумки,
Хитой йирик иқтисодий ҳамкор. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Уримчидаги воқеаларни Хитойнинг ички иши деган. Марказий Осиё давлатлари ҳар доимгидек сукут сақламоқда. Қўшма Штатлар Хитой ҳукуматини хотржамликка чақирмоқда. Намойишчилардан бирининг айтишича, Қўшма Штатлар бундан ортиқ ёрдам қила олмайди.
Вашингтондаги намойишда АҚШда таҳсил олаётган ва яшаётган кўп уйғур ёшлари ҳам фаол иштирок этди. Намойиш жами уч соат давом этди. Уйғурлар унинг ярмини Хитой элчехонаси ёнида ўтказди. Элчехонадан ҳеч ким чиқмади.
Одил Рўзалиев
Вашингтон




