“Янги Дунё” ўзбек мухолифати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан 
мухолифат фаолларига 10 савол билан мурожаат қилди.
Бизнинг суҳбатдошимиз – ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган намояндаси, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти Толиб Ёқубов.
(Суратда: чапдан ўнгга -Ю.Расул ва Т.Ёқубов, Франция, Ангер шаҳри).
Юсуф Расул: -Ўзбекистонда мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?
Толиб Ёқубов: Ҳар қандай жамиятда, хусусан ўзбек жамиятида ҳам мухолиф кайфиятдаги инсонлар бўлган. Табиий, Амир Темур ҳукмронлик қилган жамиятдаги мухолифат билан ҳозирги замон мухолифати орасида еру-осмонча фарқ бор, – сиёсий тузумларнинг тури ва моҳиятига қараб мухолифат ҳам ўзгача бўлган. Совет даврида, 50-чи йиллар ўртасида
Жиззахда ташкил топган ўзига хос мухолиф гуруҳ бўлганини мен яхши биламан. Бу гуруҳ раҳбарларидан бири бизнинг қишлоғимизлик Мустафоқул Муқимов эди. Мазкур мухолиф гуруҳ ҳақида мен “Жиззах мухолифати” номли мақола ёзганман [қаранг: “Мусулмон Ўзбекистон” сайти, 8 апрель, 2006 й.]. Ўйлайман-ки, бундай гуруҳлар
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлган. Улар олдига қўйган масалалар бўйича фарқ қилган бўлишлари мумкин. Турган гап, Ўзбекистонда мухолифат катта мавқега эришгани ва унинг ҳаракати оммавий тус олгани 80-чи йиллар охирида ташкил этилган Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати” (ЎБХҲ) билан боғлиқ. Бу ҳаракатга мен у ташкил бўлгандан уч ой ўтгач аъзо бўлганман.
Бироқ менинг мухолиф дунёқарашим 60-чи йиллар охиридан (Москва) ва 70-чи йиллар ўрталаригача бўлган даврда (Кишинёв) стажировка ва аспирантурада ўқиб юрган пайтимда шаклланган, десам бўлади. Менинг биринчи амалий қадамим 1989 йил февралининг бошида, гарчи коммунист бўлмаган бўлсам-да, КПСС МКга ёзган етти бетлик хатимдан бошланган.
Бу хат ЎБХҲнинг Ёзувчилар Уюшмаси биносида жойлашган штаб-квартирасида 10-15 одам иштирокида ўқилган. Ўша пайтда мен олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун ТошДУда очилган малака ошириш факультетида ўқиб юрган эдим. Менинг мазкур мақолам ТошДунинг катта ўқув аудиториясида юзга яқин одам иштирокида ўқиб эшиттирилган эди.
ЎБХҲ тарихини (1989 й. февралидан бошлаб) мен яхши биламан. Мазкур ҳаракат тарихини ўз нуқтаи-назаримдан баён этиб кичикроқ бир китобча ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас эди, бироқ соғлиқнинг ёмонлашиши бу ниятни амалга оширишга йўл бермади. Ўзбекистоннинг энг янги тарихида ёрқин из қолдирган ЎБХҲ тарихини холис, тўла ва ишончли қилиб ёзадиган инсонлар чиқишига мен ишонаман.
Ю.Р.: Ўзбек мухолифатининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда “Бирлик” ҳаракати ташкил топиши билан боғлайдилар. Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларнинг пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?
Т.Ё.: Тоталитар ва авторитар сиёсий системаларнинг қулаши асосан сўз ва ОАВнинг эркинлигига боғлиқ. Буни коммунистик тоталитар давлат ижодкори В.Ленин ҳам яхши тушунган. Унинг: “Совет сиёсий тузуми шароитида халққа сўз эркинлигини бериш ўз-ўзини ўлдириш билан тенгкучлидир” деган гапи фақат 80-чи йиллар охирига келиб маълум бўлди.
Совет давлатини тузган В.Лениннинг биринчи қадамлари большевиклар нашрларидан бошқа барча нашрларни тақиқлаши, РСДРП (б) дан бошқа барча сиёсий партия ва ҳаракатларни йўқ қилиши, КГБнинг онаси бўлмиш ВЧКни тузишидан иборат бўлганлиги бунинг яққол тасдиқларидир. 1985- йилга келиб эса М.Горбачёв халққа сўз ва ОАВ эркинлигини бериб бўлган эди.
Шундай қилиб, шу йилдан бошлаб дунёда иқтисодий (табиий бойликлар нуқтаи-назаридан; бироқ халқ фаровонлиги нуқтаи-назаридан эмас) ва интеллектуал энг бой империянинг қулаши тезлашди. Табиий, бу жараён бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистонга ҳам уч йилдан кейин етиб келди. Пахта яккаҳокимлиги натижасида
Оролнинг қуриши ва ўзбек тилининг мақомини ўзгартириш масалалари бош шиори бўлган ЎБХҲнинг тузилиши ўша империянинг қулаши жараёнининг бир ирмоғи эди.
Ю.Р.: 90 -йиллар бошида пайдо бўлган ўзбек мухолифати мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?
Т.Ё.: ЎБХҲ мағлуб бўлишига қарамай у ўзбек халқи тарихида ёрқин бир саҳифа яратди. Ислом Каримов ЎБХҲ ва бошқа сиёсий мухолифатнинг тарихан қисқа беш йил ичидаги фаолиятини қора бўёқлар билан акс эттиришга (уни ҳатто ўқув дарсликларига ҳам киритган ҳолда) ҳарқанча уринмасин, бу саҳифани Ўзбекистон тарихидан чиқариб ташлай олмайди.
Мамлакат мустақиллигини (кейинчалик у қандай натижаларга олиб келганини ҳисобга олмаганда) жамият интилган сиёсий ютуқ деб қаралса, бунинг Ислом Каримовга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ишонмаган одамларга мен унинг “Известия” газетасининг 1991 йил 5 май сонида босилган интервьюсини ўқишни тавсия қиламан. Сиёсий мустақиллик, ўзбек тилига
давлат тили мақомининг берилиши ва ўзбек халқи ҳаётида содир бўлган бошқа бир қатор янгиликлар, бу – мухолифат активига ёзиладиган зархал саҳифалардир. 1993 йилдан кейин Ўзбекистонда нимаики содир бўлган бўлса: бебурд иқтисодий сиёсат ва давлат структураларида коррупция ҳамда бошқа ижтимоий иллатларнинг мисли кўрилмаган даражага кўтарилиши натижасида халқнинг қашшоқлашиши,
ўн минглаб диндорлар, мухолифат вакиллари, ҳуқуқбонлар ва журналистларнинг қамоқларга ташланиши, сўз ва ОАВ эркинликларининг буғилиши, болалар меҳнатининг авж олдирилиши, жамиятда хуфъялик, айғоқчилик, чақимчилик ва сотқинликни рағбатлантириш оқибатида маънавий инқирозни кучайтириш, мамлакатнинг бир неча ҳудудларида
халқни ўққа тутиш (ва ҳ.), – буларнинг бирортасига мухолифатнинг алоқаси йўқ. Буларнинг бариси Ислом Каримов ва унинг атрофи “активига” ёзилажак унсурлардир. Баъзилар: “Сенинг “Бирлигинг”, “Эркинг” нима қилиб берди?” деб, аввало қорнини ўйлаган ҳолда савол беришади. Бу одамлар сиёсатдан шу қадар узоқ-ки, “Бирлик”, “Эрк” ёки бошқа бир сиёсий ташкилот
халқ ҳаётини (яхши ёки ёмон томонга) ўзгартрииши учун улар оддий бир сиёсий аксиомани, яъни бу кучлар ҳокимиятга келиши ва ўз программаларини амалга оширишлари кераклигини тушунмайдилар. Одамлар онгидаги бу ношудликдан ҳукумат доиралари усталик билан фойдаланадилар.
Ю.Р.: Сизнингча ўзбек мухолифатининг ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди – мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?
Т.Ё.: Мухолифат нималарга эришганини мен юқорида айтдим, нимага эришмаганини эса айта олмайман, чунки на ЎБХҲ, на “Эрк” партияси ва на бошқа бир сиёсий куч давлат бошига келган ва ўз программасини амалга ошира олган эмас. Уларга бундай имконият берилган эмас. Мухолифат активига ёзилажак яна бир ўта муҳим жиҳадни айтиб ўтишим керак. 1989-92 -йиллар ичида баъзан вазият шундай оғирлашди-ки,
мамлакатда фуқаролар уруши бошланишига бир баҳъя қолган вақтлар бўлди. Мамлакатни бу фалокатдан мухолифат сақлаб қолди, деб бемалол айтиш мумкин. Айни пайтда, агар ўша пайтлардаги сиёсий курашда Ислом Каримов бошчилигидаги коммунистлар ютқазса, бу урушни улар бошлашига мен ишонаман. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қилавер!”
ибораси сиёсий кураш воситаси сифатида азалдан қўлланилиб келинган бўлса-да, негадир одамлар пайдар-пай шу тузоққа тушаверадилар. Бу – одамлар табиатидаги нуқсон бўлса керак, деб ўйлайман. Диктаторларнинг тақдири ҳамма вақт аянчли бўлишини билса-да, навбатдаги диктатор олдингисининг изидан кетгани каби. У: “Йўқ, менинг тақдирим бошқача бўлади” деб ўйласа керак.
Ўзбек мухолифати раҳбарлари ҳам ўз вақтида: “Йўқ, у сиёсий кураш воситаси бизга тааллуқли эмас” деб ўйлаган бўлса ажаб эмас. Тўғри, кучлар тенг эмас эди: Ислом Каримов қўлида совет руҳидаги КГБ, милиция, прокуратура, суд системаси каби органлар ва коммунистлар гуруҳи бор эди. Бироқ, халқнинг каттагина қисми ЎБХҲ томонида бўлиб, уни қўллаб-қувватлаётган эди.
1990 -йил март ойидаги парламент, 1991 -йил декабридаги президент сайловларида мухолифат барча кучини халқ билан ишлашни йўлга қўйишга қаратмай, ички низолар билан овора бўлди. Ўйлайман-ки, бунда нафақат Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳнинг, балки барча бошқа раҳбарларнинг айби (хусусан, менинг ҳам айбим) бор, албатта.
Айни пайтда, Ислом Каримов ва унга тобе мулозимларнинг маккорлиги, сиёсий уддабурролигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Улар ҳамма жойда ва ўз вақтида мухолифатга турли тузоқлар қўя билди. Айниқса, мухолифат раҳбарлари КГБ (МХХ)нинг найрангларига бефарқ бўлишди. Бу ташкилот мухолифат орасига ўзининг беҳисоб айғоқчиларини
тиқиб ташлади ва мухолифат лагерида муттасил жанжал фонини юзага келтиришга муваффақ бўлди [мен бу ҳақда “Постоянный скандальный фон в среде оппозиции и правозащитного движения Узбекистана” номли мақола ёзганман; қаранг: www.centrasia.org сайти, 18 март 2007 й.]. Бу ҳанузгача давом этмоқда.
Ю.Р.: Каримов ҳукуматининг мухолифатга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу ҳаракатлар қанчалик ўзини оқлайди?
Т.Ё.: Ғалати ва тушунарсиз савол. Бу саволни мен жавобсиз қолдираман.
Ю.Р.: Ўзбек мухолифатининг хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?
Т.Ё.: Бундай вазият фақат ўзбек мухолифатининг бошига тушган эмас. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп. Кимлардир, хорижда туриб ҳаракат қилса-да, мамлакатидаги сиёсий режимни йиқитган, кимлардир қўлидан ҳеч нарса келмай, хорижда сингиб кетган. Бу кўп факторларга боғлиқ. Улардан асосийлари, назаримда, учтадир: хориждаги мухолифатнинг жипслиги, маблағ ва мамлакат билан алоқа қилиш воситалари.
Афсус, ўзбек мухолифатида бу ташкил этувчиларнинг бирортаси ҳам кўринмайди. Маблағ бўлмаганлиги туфайли мамлакат билан алоқа қилиш ҳозирги замон интернет алоқаси юксалган шароитда ҳам жиддий йўлга қўйилган эмас. Мухолифат ичида мамлакатдаги мустабид тузумга қарши курашни қалбан ўзининг ҳаётий вазифаси қилиб олган одамни топиш мушкул.
Шу ўринда бир мисол келтираман. Қрим татарларининг ватанга қайтиш ҳаракати бошланганда шу масалани ўзи учун муқаддас деб билган инсонлар кўп бўлган. Шулардан бири, Ўзбекистонда яшаган 18 ёшли Айше Сеитмеметова деган қиз Ўзбекистондан чиқиб кетган ва икки йилдан кейин, беҳисоб қийинчиликларни бошидан кечириб, Нью-Йорк шаҳрига етиб борган.
У ерда Айше кўп машаққатлардан сўнг БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида чиқиш қилишга эришган ва ўз халқи муаммосини кўтарган. Ўзбек мухолифатининг бир қанча вакиллари учун БМТ биноси тўрт қадам бўлса-да, улар Айше қўйган қадамларни қўйишни, назаримда, ўзларига эп кўрмайдилар. Мамлакат ичкарисида ҳам ахвол шундай: 2001-04 йиллар
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) кўп ҳолларда калтаклар остида оммавий пикетлар уюштирган пайтда на сиёсий партиялар ва на бошқа ҳуқуқбонлик ташкилотлари раҳбарлари бўйинларига плакат осиб бизнинг ёнимизда туришни ўзларига эп кўрмадилар. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланаётганига дунё демократик жамиятининг диққатини тортишда хориждаги ҳуқуқбонлар ва мухолифат вакиллари салмоқли ишларни қилдилар. Бу ишлар ўз самарасини берди: дунёнинг йирик текстиль компаниялари ўзбек пахтасини сотиб олишга бойкот эълон қилгач, ҳукумат доиралари саросимага тушиб қолдилар.
Ю.Р.: Бугун мухолифатнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга уринмоқда. Дунёвий мухолифатнинг исломлашиши мамлакат ва халқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?
Т.Ё.: Бу савол 5-чи саволданда ғализ туюлаяпти менга. Назаримда, Сизда диндорларга нисбатан ҳукуматда кузатиладиган чидамсизлик борга ўхшайди, акс ҳолда бу саволни жиддий ҳолда бермас эдингиз. Билинг-ки, ҳар қандай гуруҳ ичида соф виждонли, фидоий, зулмдан нафратланувчилари ҳам, бориб турган аблаҳлари ҳам бўлиши мумкин. Хусусан мухолифат ичида ҳам, диндорлар ичида ҳам.
Фидоийлари мамлакатда шаклланган вазиятни тўғри тушуниб, мавжуд тузумни ўзгартириш учун курашади, аблаҳлари эса бор нарсани ҳам бузишга ҳаракат қилади: яна такрорлайман – мухолифи ҳам, диндори ҳам! Саволдан эса мустабид тузумга қарши курашда дунёвий мухолифат диний мухолифат билан бирлашса оқибат аянчли бўлади, дегандай ўйлаш уфуриб турибди.
Масалага жиддий қаралса, ҳар иккала тоифа муҳолифат бирлашиши ёки ҳамкорлик қилиши мумкинми? Маълум бир шартлар бажарилса – мумкин, албатта. Биринчидан, ҳар иккала тарафнинг яқин перспектива учун аниқ ва тиниқ мўлжали (ориентири, нишони), – мас., мустабид тузумни мағлуб этиш, – бўлиши зарур. Иккинчидан, ҳар икки томоннинг узоқ перспективадаги мақсадлари
(мас., тузум сиёсий саҳнадан кетгач, ўрнига қандай тузум келиши) кескин зиддият ва тарафкашликка олиб бормаслиги керак. Ниҳоят, учинчи ва асосийси, мазкур иттифоқ ёки ҳамкорлик ички зоддиятлардан пок бўлиши зарурдир. Тарихдан тўғри хулоса чиқариш ноёб хислатдир ва бу хислат ҳаммада ҳам бўлавермайди. Ёдимда, 1989-91 -йиллари ЎБХҲ диндорларни мамлакатда,
номи ўзгарган бўлса-да, бироқ моҳиятан сақланиб қолаётган коммунистик тузумга қарши биргаликда курашишга кўп ундади. Бундай таклифлар диндорлар томонидан рад этилди. Натижа эса маълум. Сабаби: тарафларнинг узоқ перспективадаги мақсадлари кескин фарқ қилар эди; бири “демократик жамият қурилиши керак” деса, иккинчиси “ислом давлати қурилиши лозим” дея даъво қилди.
Мавжуд реалликни ҳисобга олмаслик, сиёсатнинг туб илдизлари (компромисс, ўзгача фикрга ҳам қулоқ тутиш ва ҳ.)ни билмаслик ҳар қандай иттифоқ ёки ҳамкорликни барбод этади. Саволдаги “дунёвий мухолифатнинг исломлашиши” ибора мен учун тушунарли эмас: (а) дунёвий мухолифатнинг баъзи (ва ҳатто барча) аъзолари номоз ўқисалар, бу – исломлашиш дегани эмас, чунки номоз ўқиган одам ўзининг
Аллоҳ олдидаги бурчини бажаради; (б) “исломлашиш” қўрқинчли, даҳшат солувчи ёки ҳазар қилинувчи тушунча ва термин эмас: (в) “исломлашиш” – Ғарб мамлакатлари, Россия ва Хитойнинг Ислом факторидан азалий қўрқуви туфайли сиёсий муомалага киритилган терминидир; (г) мазкур терминни коммунистик моҳиятни сақлаб қолган Ўзбекистон,
Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва шу каби бошқа авторитар давлатлар раҳбарлари ўз режимларининг жиноятларини яшириш мақсадида фойдаланадилар; ва, ниҳоят, (д) диндор тушунчаси террорист, ўзини ва бошқа одамларни портлатувчи худкуш ёки Худо бехабар чаламулла терминларига эквивалент (тенгкучли) эмас. Менинг диндорларга ягона маслаҳатим: охирги йигирма йиллик тарихимиздан тўғри хулоса чиқариш КЕРАК.
Ю.Р.: Халқимиз қарийб 18 йилдирки деярли мухолифат фаолиятидан бехабар ҳолда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифат пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифат пайдо бўлса, у 90 йиллардаги мухолифатни қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?
Т.Ё.: Энг “ўлик” жамиятда ҳам ҳур фикрли одамлар етарлича топилади. Гап улар бир-бирини топиши ва умумий мақсад ва манфаат йўлида бирлашишида қолади. Ўзбекистонда янги мухолифатнинг пайдо бўлишига сабаб ва асослар етарли: бу – қашшоқлик, ҳақ-ҳуқуқсизлик, эркинликларнинг буғилгани, эртанги кунга ишончнинг йўқлиги, ҳукуматнинг муттасил ёлғони ва ҳ.
Белгиларини айтиш қийин – улар аста-секин ниш уриб қолса керак. “Эски” мухолифат ва диндорларнинг хатоларини мен юқорида айтиб ўтдим.
Ю.Р.: Сизнингча, ўзбек мухолифатининг бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?
Т.Ё.: Курашни собитқадамлик билан, руҳан тушмасдан давом эттириш.
Ю.Р.: Сиз ўз ҳаётингизнинг кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ёки афсусдамисиз?
Т.Ё. Агар афсусда бўлсангиз президент Ислом Каримов номига кечирим сўраб хат ёзасизми? – деб сўрамаганингиздан хурсандман.
Суҳбатдош: Юсуф Расул.
“Янги Дунё”



