Қарши шаҳридаги “Афсона” меҳмонхонасининг конференц залида “Ўзбекистон республикаси Хўжалик процессуал кодекси: тажриба ва истиқболлар” мавзусига бағишланган минтақавий семинар ўтказилди. Республика Олий Хўжалик Суди ва Германиянинг GTZ-техник ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осие мамлакатларида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб қувватлаш” дастури томонидан ташкил этилган бу семинарда
Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларининг хўжалик судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг раислари ва судьялари, прокуратура ва адлия органлари, солиқ ва божхона бошқармалари, ижро департаменти, савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ходимлари, адвокатлар иштирок этди. Семинарда таъкидландики,1997- йилда қабул қилинган ва 1998 -йилдан амалда бўлган
Хўжалик процессуал кодекси (ХПК)га 11йил давомида 7 маротаба ўзгартиришлар киритилган бўлсада, бугунги кунда унинг концепцияси доирасида тадбиркорлик фаолияти ва иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларида одил судловни амалга ошириш қоидаларини тўлақонли тартибга солиш жуда мушкул ишга айланиб бормоқда. Шу боис ҳам ўтган йилнинг февраль ойида республика
Олий Хўжалик судининг фармойишига асосан янги таҳрирдаги ХПК лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, унинг аъзолари томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра янги таҳрирдаги ХПК концепцияси ишлаб чиқилди. Биргаликда олиб борилган кенг қамровли ишлар самараси ўлароқ 2009- йилнинг бошида янги кодекснинг лойиҳаси тайёр бўлди, – дейди лойиҳага эксперт сифатида жалб қилинган
Германия Федерал Олий Судининг истеъфодаги судьяси Дитрих Байер. Айтиш керакки, модомики қонун ишлаб чиқишга ўзимизнинг депутатларнинг ақллари етмас экан, ҳеч бўлмаса Германияга ўхшаган ҳуқуқий давлатларнинг экспертларидан, институтларидан, қонунларидан ёрдам олишга ҳеч бўлмаса ё ақлимиз, ё кучимиз, ё бетимиз бўлиши керак. Аҳмоқликни тан олишнинг ўзи ҳам соғайишга томон бир қадам.
Нодир Аҳатов Қарши шаҳри



