Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007- йил 3 январдаги 2-сонли “Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисида”ги Низоми талабига биноан, Ўзбекистон республикасининг ҳар бир фуқароси талаб доирасида кредит маблағлари олиш ҳуқуқига эга, аммо… Ўзбекистон республикаси “Уй – жой” Кодексининг 11-моддасига асосан,
Сирдарё вилоят Гулистон шаҳар ҳокимининг 2009- йил 26 март кунги қарори билан фуқаро Шаҳноза Юнусалиевага Гулистон шаҳар Х. Дўстлиги кўчаси 73-“а” уйи ҳовлисида қўшимча қурилишлар қуриш учун рухсат берилган. Фуқаро Ш. Юнусалиева, ёлғиз она, тўрт фарзанди бўлиб, кам таъминланганлар рўйхатида туриши, ўз уй-жойига эга эмаслиги туфайли бировларнинг уйида ҳар ойга
100 АҚШ доллари миқдорида коммунал тўловлар ва ижара ҳақи тўлаб, ижарада яшаб келишига қарамай, Мирзаобод туман “Гулистон” ФХХУда “Рахматилло Осмони” фермер хўжалигини бошқариб келаётганлиги, шундай машаққатларни бошидан ўтказиб, фарзандари учун шахсий иморат қуриш мақсадида АТИБ “Ипотека банки” Сирдарё вилоят бўлимига кредит йўналишида талаб қилинган
барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда 2009- йил 21 май куни банк бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Аммо АТИБ “Ипотека банки” раҳбарияти тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, кредит маблағлари беришдан қатъий бош тортган ва фуқаро Ш. Юнусалиевадан жисмоний шахсларнинг даромадидан келиб чиққан ҳолда ўртача
450.000-500.000 сўм атрофидаги иш ҳақи билан таъминланган тақдирдагина уй-жой қурилиши учун талаб қилинган кредит маблағлари берилишини айтииб, банк биносидан кўчага чиқариб қўйишган. Ш. Юнусалиева АТИБ “Ипотека банки” ходимларининг берган жавоблари Ўзбекистон республикасининг амалдаги қонунларига тўғри келмаслигидан ҳайрон бўлиб, кимга мурожаат қилишини билмай қолмоқда.
“Республика бўйича энг кам иш ҳақи 28 400 сўм деб белгиланган, ўртача иш ҳақи Сирдарё вилоят статистика бошқармаси томонидан берилган маълумотда 130 000 сўмдан 220 000 сўмгача деб кўрсатилаётган бўлса, қандай қилиб 450 000-500 000 сўм иш ҳақи бўйича ҳужжат тақдим қила оламан? Агар шунча миқдорда иш ҳақи олганимда эди, банкнинг кредитига эҳтиёж сезмас эдим”, деб унинг фиғони чиқмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам Ш.Юнусалиеванинг куйинганича бор, чунки Сирдарё вилоят ҳокими сенатор А.Жалолов қабулида бўлиб, яшаш шароитини тушунтирганида, вилоят ҳокими шахсан Сирдарё вилоят Марказий банк бўлими раҳбариятига кредит маблағи билан таъминлаш тўғрисида кўрсатма берган эди. Аммо оз фурсат ўтиб, банк ходимлари ҳатто вилоят ҳокимининг кўрсатмаларига ҳам бўйинсунмасликларини маълум қилишди.
Хиссадан қисса шуки, ҳар бир банкнинг эшиги теппасига илинган “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун хизмат қилиши керак” деган пурмаъно таъкид хўжа кўрсинга, фақат фуқароларни шу банкка кириб келгунига қадар, банкка нисбатан ишончларини йўқотмасликлари учунгина илиб қўйган бўлиб чиқаяпти. АТИБ “Ипотека банки” Сирдарё вилоят бўлими томонидан содир этилаётган бундай ҳурмача қилиқлар биринчи марта қилинаётгани йўқ.
Банк ходимлари фақат пулдор тадбиркорлар билан ишлаши ва бунинг ортида ҳам банк ходимлари, ҳам тадбиркор манфаатдор бўлиши, оддий фуқаролар эса улар учун фақат “ялангоёқ”лар эканлигини кредит бўлими бошлиғи Узбекистон президентининг 2006 йил 23 мартдаги Фармойишига биноан кредит сўраб мурожаат қилган фуқароларга очиқ айтгани ҳеч кимга сир эмас.
Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон республикаси АТ “Ипотека банки” маъмурияти ва республика Марказий Банки раҳбариятига мурожаатимиз шуки, бундай бошбошдоқлик, анархия, фуқароларнинг камситилишига чек қўйилсин! Шунинг билан бирга Ш.Юнусалиевага ўхшаган оддий фуқаролар “Ипотека банки”дан қонунга мувофиқ кредит олиш имконига эга юўлсин, ахир бу мумкин-ку ёки йўқми?
“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё вилоят матбуот маркази.



