Ёдгор Турлибеков
Аниқ биламанки, уруш қизғин, 1944- йилнинг июнь ойларининг бирида эртанги олмалар пиша бошлаган кунлар эди. Бизлар одатдагидай ёз келиши билан қишки ҳовлимиз жойлашган тепаликдаги қўрғонда фақат молларимизни қолдириб, ўзларимиз катта оиламиз билан пастдаги ёзги ўлкан ёнғоқ ва ўриклар остидаги узум ишкомлари туташган қалин сояли учта катта супаларга кўчиб ўтар эдик.
Бундай сўлим жойда яна колхознинг икки бригадасини суғорадиган зилол суви тўлган ариқ ҳам, шу ердан ўтар, кўпинча югурабериб толиққан бригадир Забиха опа ҳам исиб кетган дала шийпонини ташлаб, бирор соат шу ерда мириқиб дам олар ва гоҳо катта ҳовузимизда эркаклар йўғида чўмилиб ҳам кетар эдилар. Ариқнинг суви кўм – кўк тиниқ, муздай ва тоза эди.
Колхозчилар ва биз болалар ҳам сув ичкимиз келганда даладаги экинлар орасидаги ўқариқлардан ерга ётақолиб оғзимиз билан сувдан ичиб қониқиб тўйиб олар эдик. Эрта саҳардаги бирдан бошланган шовқиндан ҳаммамиз уйғониб кетдик, қўрғонимиз ортидаги катта тепада 50 тача “полуторка” ва “тритонка” “ЗИС” машиналари айқаш-уйқаш тўхтаб ундан тушган бировлар қатор тизилиб кетган
колхознинг ва бизнинг ўлкан бўй чўзган ўрик олмаларнинг хали пишмаганларигача уларни кесак билан уриб туширар ва йиғлаётган болаларига беришар эдилар. Улар аллақанча узоқдан келишган ейишга нонлари ҳам йўқ оч эдилар. Бувам аллақачонлар уйғониб улар олдига бориб, улар билан қайси тилдадир гаплашиб, улар бир бирларига алланималарнидир амаллаб тушунтиришардилар.
Мен у ерга тамоша қилиш учун югуриб келаётган болаларнинг олдидан чиқдим ва уларни қўрқитиш учун хазиллашгим келди. ” улар биласизларми ким экан, немислар экан” десам, улар: таққа тўхташиб: “нега милтиқлари йўқ уларнинг” бўлмаса дейишди. Маҳалламизнинг бошқа катта одамлари ҳам келишди ва уларга бувамлар: “булар қрим татарлари экан,
уларни урушдан зарар кўрмасинлар деб шу ерга олиб келишибди деяр эдилар. Бироз ўтгач отга минган ўнтача аллақандай тўппончалик одамлар билан колхоз раиси ва ҳосилот ва буғалтирлар скаладчилар хам отларда келиб қолишди. Бизларни бригадиримиз кесак отиб, нима бор сизларга деб, ҳайдаб юбордилар, барибир бизлар узоққа кетмай нима бўлишини кузатиб турар эдик.
Яна бироз ўтгач от-аравалар келиб уларга хотин ва болалар, касал кишиларини ортишиб, эркаклари пиёда олдимиздаги “учинчи шийпон”дан бошлаб, яна тўртта дала шийпонларига жойлаштирилдилар. Кейин билсак улар қрим татарлари экан, аста-секин уларнинг болалари билан танишиб, дўстлашиб уларни мактабимизга олиб ҳам бордик.
Уларнинг уйларига бизлар ва улар бизларнинг уйга келадиган ва муздек маҳалламизнинг катта ховузига бирга чўмилишадиган ҳам бўлиб кетдик. Уларга колхоз томонидан бироз жўхори берилиб, тегирмонга бу жўхориларни бизлардан эшак сўрашиб, тортишиб унидан улар нон қилиб ейишди. Ўша йиллар қишда қор тиззадан ёғиб қаттиқ совуқ бўларди. Улар биринчи марта 30 ва 40 кишилар бўлиб дала шийпонларида яшадилар.
Уларнинг аҳволлари жуда оғир кечган ва хар шийпондан ора-чора ўлик чиқар, маҳалламизнинг қариялари уларни аравада бирга олиб боришиб, мозорга қўйишиб қайтар эдилар. Улар ёзи билан бизнинг одамлар билан бирга эрта баҳордан дала ишларига чиқиб барвар ишлашган ва уларга колхозимиздаги бутазорлар ва эски улкан дарахтларнинг кўплиги яхши бўлди,
уларнинг жонига оро кириб, қиш совуғида қуриган дарахларни кесиб ёқишдилар. Колхозчилар қиши билан то январ ойларигача арчилиб пахтаси олинадиган кўсакларни араваларда уйма-уй тарқатишар, сандал атрофига ўтириб ухламасдан тарқатилган кўсакларни чувиб тозалар эдик. Махсус навбатчи одамлар кечаси билан айланиб юришар, улар ҳамманинг уйлари девор орқасини тепиб кўришар,
кимнинг уйидагилар бақириб жавоб бермаса, улар уйга кириб ҳаммани уйғотиб кетар эдилар. Бу ҳўл қора кўсаклардан чиққан пахтани қуритиш учун эса дала шийпонларидан фойдаланишар эдилар. Шунинг учун ҳам пахта териш мавсумиидан бир ой ўтгач ёғин сочинлар бошланган давргача шийпондаги яшайдиганлар уни бўшатишга мажбур бўлишди.
Шийпонларнинг ҳаммаси пахтани қуритишга мўлжаллаб қурилган ва шийпон тагидан ғишт қалаштириб ёқилаётган ўтиннинг иссиғи қатор тешиклардан айланиб ўтиб мўрига чиққунча ҳўл пахтани қиздирар, кишилар ҳўл пахтани пайшахалар билан тинмай ағдариб туришар ва шундай қилиб пахта қуритилиб шу заҳотиёқ катта қанор қопларга жойланар эди.
Қрим татарларининг меҳғнатсеварлигига ҳамма қойил қолар эди ва улар аста-секин қишга ўзлари тайёргарлик кўришиб, ўзларининг оилаларга биринчи қишни қатор қилиб “землянка” (ертўлалар) қазишиб ўша ертўлаларда ўтказдилар. Уларнинг тиллари ўзбек тилига яқинлиги учун деярлик ҳамма қрим татарлари ўзбекчани тезда ўрганиб кетдилар ва бизнинг одамлар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишди.
Улар бизнинг сандалларни кўриб қишда улар ҳам ертўлаларига сандал қуриб олдилар, уларнинг ертўлалари бизларнинг пахса уйларга қараганда анча илиқ бўлар экан ва бизлар бундан ҳайрон бўлган эдик ўшанда.
(давоми бор)
“Янги Дунё”.




