Сеҳргарлик ёнимизда
Дан ходимининг ола-була таёғи йўл четини кўрсатди. Машина кўрсатилган жойга оҳиста тўхтади. Назоратчи шошилмай машина ёнига келди. Кейин қўлларини чеккасига қўйиб ўзини таништирди. Машина ичида ҳар хил музика асбоблари, ола-була кийимлар тахланиб турарди. Назоратчи қўлларини туширди-да, кўзи билан имо қилди: “ҳов, анови нарсалар нима?”.
-Бизлар цирк артистларимиз -деди рулда ўтирган узун бўйли, кўз ойнакли йигит.-Мана булар менинг шерикларим. Машинада шофёрдан ташқари икки йигит ва ёш бир бола бор эди. “Бу ерда бир гап бор”-деб кўнглидан ўтказди назоратчи. -Анову бурни картошкага ўхшаган, сочлари пешонасига ёпишиб қолган йигит менга негадир ёқмай турибди.
Кўзларининг чақчайганлигини айтмайсизми? Узун бўйлисининг оғзи бунчалик очилмаса? Муштдай болага бало борми? Балки шу зумраша хизмат кўрсатган артистдир. Шундай ўй-фикрлар хаёлидан ўтган назоратчи шофёрдан ҳужжат талаб қилди. Хайдар Пўлатов!-деб ўқиди у гувоҳномани. Кейин паспортини кўрди. Ҳаммаси рисоладагидек. Зарбдор тумани, Бўстон шаҳарчаси, Саркисов кўчаси, 4-уйнинг 12-хонадонига расмийлаштирилган.
Назоратчи ҳужжатларини қайтиб берар экан, сўради: -Қўлларингдан нима келади? -Ҳамма нарса келади, -деди Хайдар кулимсираб. -Бордан йўқ, йўқдан бор қиламиз. -Йўғ-е, майли бўлмаса, қани бир ҳунарларингни кўрсатингларчи? -Бўлмаса юз сўм чўзинг. -Юз сўм… Уни нима қиласизлар? -Чўзаверинг, кейин хурсанд бўласиз. Назоратчи шимининг чўнтагидан битта юз сўмликни олиб Хайдарга узатди.
-Мана, яна нима керак. -Энди дастрўмолингизни беринг. -Мана дастрўмол, яна нима керак? -Мана дастрўмолингиз, мана юз сўм пулингиз,-деди Хайдар. -Энди пулингизни дастрўмолингизга ўранг-да, кафтимга қўйинг. Шундай қилиб Хайдар кабинадан яланғоч қўлини чиқарди. “Қани кўрайликчи, бу нима қилар экан”-деб кўнглидан ўтказган назоратчи пулини дастрўмолга яхшилаб ўраб, Хайдарнинг очиқ кафтига қўйди.
-Қўлимга кўзингизни узмай қараб туринг,-деди Хайдар. Сўнгра панжаларини бир-бирига жипслаштирди. Назоратчининг нақ тумшуғи тагида дастрўмолини бир зум мижғилаб турди-да, сўнгра кафтини очди. -Марҳамат, энди дастрўмолни очинг. Дастрўмолда пул йўқ эди. У қаёққадир гумдон бўлганди. Назоратчининг эсхонаси ўйнаб кетди. Ё, товба!
Хайдар назоратчининг шундоқ тумшуғи тагида кафтини очиб турибди. Ўзи авайлаб ўраган эди, ўзи очди. Пул эса ғойиб бўлган эди. Юз сўмидан ажраб юрагига ғулғула тушган назоратчи ола-була таёғини кўтарди. -Оқ йўл сизларга!-деди юзига мулойим тус беришга ҳаракат қилиб. –Яхши боринглар, ишларинг бароридан келсин. Бироз юрганларидан кейин Хайдар кулиб юборди.
Машина ичини енгил қах-қаха қоплади. -Умрида чўнтагидан биринчи пул чиқиши бўлса керак,-деди Абдурахмон Умурзоқов ёнидаги шериги Бахтиёр Рустамов ва Хайдарнинг эндигина 8 ёшга тўлган Ғайратга қараб. Бу воқеа 1997 -йилнинг май ойи бошларида бўлган эди. Сеҳргарлар гурухи ўқув йилини тугатаётган мактаб ўқувчиларига ўз санъатларини намойиш қилиш учун кетаётган эдилар.
Туман ҳокимлигидан уларга шундай топшириқ беришганди. Хайдар Пўлатов гуруҳи цирк сеҳргарлиги санъати бўйича Жиззах вилоятида биринчи, республикада эса иккинчи ўринни олибди деган гапни эшитганимизда , тўғриси жуда хайрон қолгандим. Чунки мен 10 йилдан бери Хайдар билан битта “дом”да яшаймиз. Ёнимиздаги “дом”да Абдурахмон Умурзоқов, Бахтиёр Рустамов эса Бўстон шаҳарчасининг кичик туманида яшайди.
Айниқса Хайдар билан кунора суҳбатда бўламиз. Анатолий Кашпировский довруғ таратган йилларда, бир куни Хайдар ёнимга келиб, Кашпировскийнинг телевизор экранида сеансларини тамоша қилиб, ўзим хам экстрасеанс бўлиб қолганга ўхшайман, қани ака бир қаранг,-деб панжаларини ёзганида уни қайтарганман. Ўзбекистон маданияти ишлари вазирлиги
халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар республика маркази дорбозлар, анъанавий цирк санъати ва қўғирчоқ театри жамоаларининг Қўқон шаҳрида ўтказилган кўрик-танловида Хайдар Пўлатов гуруҳи республикада иккинчи ўринни олиб уйга қайтиб келган кунлар эди. ДАН ходими билан бўлган воқеадан кейин тахминан ўн кунлар ўтганидан кейин кутилмаганда
Зарбдор туман ҳокими вазифасини бажараётган Аҳмад Мажидов мени ҳузурига чақириб қолди,-деб ҳикоясини бошлади Хайдар. –Бундан олдин апрель ойида Жиззах шаҳрида ўтказилган танловда гуруҳимиз цирк сеҳргарлиги бўйича вилоятда биринчи ўринни олган эди. Шундай қилиб денг, кеч соат 1900лар атрофида ҳокимликка борсам, зал тўла одам. Хоким мени минбарга таклиф қилди.
Хайрон бўлиб чиқдим. Залда туманнинг барча казо-казолар жам бўлишган. Ҳоким вилоятда бўлиб ўтган кўрик-танловда гуруҳимиз биринчи ўринни олганлигини, шунинг учун маданият ишлари вазирлиги томонидан “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланганлигимизни гапириб, ҳозир шуни топширмоқчилигини айтганда, мен гуруҳимиз қандай муваффақиятларга эришганлигини билиб қалбим қувончга тўлди.
Ҳоким “Фахрий ёрлиқ”ни топширди. Қўлимни маҳкам сиқиб узоқ табриклади. Сўнгра бир фокус кўрсатгин деб илтимос қилди. Асбоб-анжомларим уйда, нима қилиш керак? Шунда ДАН ходими билан бўлган воқеани такрорламоқчи бўлдим. Ҳокимдан 100 сўм сўрадим. У кулимсираб залга имо қилди. “Тараққиёт” ширкатлар уюшмасининг директори Абдумажид Эргашев 200 сўм чиқариб берди.
1997- йилларда 200 сўм анча катта пул саналарди. Шунинг учун 100 сўмини қайтариб бердим. Ҳамманинг кўз олдида юз сўмликни дастрўмолга ўраб, кафтларимда эзғиладим. Кафтимни очиб, дастрўмолни залдагиларга ёзиб кўрсатдим. Пул ғойиб бўлганди. Кейин ҳокимнинг столи устида турган газетанинг четидан бир парча йиртиб олдимда, ҳамманинг кўз ўнгида ярмини ёндириб, кафтларимда эзғиладим.
Кафтимни очганимда 100 сўм яп-янги ҳолда турарди. -Э, отангга балли,-деди ҳоким қўлларимни маҳкам сиқиб. –Сенга яна бир гап айтмоқчиман. Уч-тўрт кундан сўнг Қўқонда бўладиган республика кўрик-танловида иштирок этасан. Мана йўлланма. Бориб келишларинг учун текин овқат, машина. Бундан ташқари. У шундай деб залга юзланди.
-Туманимизда шундай талантлар янада кўпаяверсин. Буларга бир ёрдам қўлларимизни чўзсак, шунга нима дейсизлар? Ишонасизми, ўн беш дақиқада 15 минг сўм йиғиб беришди. Икки кундан сўнг Қўқонга йўл олдик. Қўқон шаҳар солиқ инспекцияси бизнинг гуруҳимизни хомийликка олган экан. Энг яхши меҳмонхонадан жой тайёрлаб қўйишибди. Хуллас биз Қўқондан катта муваффақиятлар билан қайтдик. У видеога кассета қўйиб тугмачани босди. Худоёрхон қароргоҳининг ҳовлиси. Саҳнада Хайдар Пўлатов гуруҳи.
Абдурахмон Умурзоқов микрофонда ҳаяжонланиб гапираяпти. У ахли Қўқон халқини Жиззахликлар номидан қизғин табриклади. Сўнгра сеҳргарлар гуруҳини таништиради. Жозибали мусиқа янграб, саҳнага Хайдар Пўлатов чиқади. У мусиқага монанд ҳаракатлар қилиб, ўз махоратини намойиш эта бошлади. Аввал у катта афиша қоғозини у ёқ-бу ёққа айлантириб одамларга кўрсатди.
Сўнгра уни юмалоқ қилиб ўраб, мусиқа оҳангига мос ҳаракат қилганича ичидан ранг-баранг ленталар чиқара бошлади. Саҳнани қизил, кўк ленталар босиб кетди. Кейин бир даста қоғоз парчалари устига қизил рўмолни ёпиб очганида, бир даста юзталик доллар пайдо бўлди. Унинг маҳоратига қойил қолган тамошабинлар қарсаклар билан уни узоқ олқишлашди.
Гуруҳ аъзолари ўзлари ихтиро қилган кир ювиш машинаси лавҳаси бир оз киноя ва юмор билан суғорилган эди. Хайдар Пўлатов кир ювиш машинасининг “хислатларини” аввалига бир-бир санаб берди. Кир ювиш машинаси шундай ясалганки унга одам бемалол кира олади,-деди у. –Сизга ҳеч қандай зиён захмат етказмай устингиздаги кийимларингизни ювиб қўяди.
Тугмаларингизни қадайди, йиртиқ жойларингизни ямайди. Хуллас, дазмоллаб чиқариб юборади. Хали дунёда бундай машина ихтиро қилинган эмас. Машина ичига Абдурахмон Умурзоқов киради. Хайдар машинанинг мурруватларини бурайди. Қизил чироқ ёнади. Сўнгра машина тутай бошлади. Машина ичидан овоз эшиталади: “қизиб кетаяпман”. Хайдар машинанинг яна бир мурруватини бураган эди,
машина қалтираб-титраб кетди. Ичидан додлаган овоз эшитилди. Эшиги шартта очилиб, уст-бошлари тутаб, йиртилиб кетган Абдурахмон отилиб чиқиб ношуд ихтирочига ташланади. Хайдар зўрға қочиб қутулади. Тамошабинлар уларни яна қарсаклар билан олқишлайдилар. Мен Хайдарга анъанага айланиб қолган саволлардан бера бошлайман:
-Сизнинг ҳам устозингиз бўлганми? -Бўлган. Қўқонлик сеҳргар, цирк санъати устаси Йўлдошхон Арслонов мен туғилиб ўсган Чинозга гастролга келиб қолди. Ўшанда мен 8 синфда ўқирдим. Ўша тамошадан сўнг менда цирк устаси бўлиш орзуси пайдо бўлганди. Тошкент Давлат цирк эстрада билим юртига кирдим. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг Қўқонга бориб Йўлдошхон Арслоновни қидириб топдим.
Хайдар Қўқон шахрида беш йил яшади. Беш йил устозининг цирк гурухида хизмат қилиб, сехргарлик сирларини чуқур ўрганди. Ўша томонлардан уйланди. Қўшни Тожикистоннинг Ашт қишлоғида туғилиб ўсган тожик қизи Халқинисо Чинозга келин бўлиб тушди. Ўғиллари Ғайрат туғилди. Эндигина саккиз ёшга тўлган Ғайрат тамошаларда бир нечта мураккаб машқларни бажаради.
Ойна синиқлари устида ётади, ёниб турган қоғозни оғзига тиқади. Лаган, ликопча сингари жихоз буюмларини мохирлик билан ўйнатади. -Ғайрат, ёниб турган қоғозни оғзингга тиққанингда ёки шиша синиқлари устида ётганингда оғриқ сезасанми ё йўқми? У кулиб дадасига қарайди. Хеч нима демайди. Сирни ошкор қилиш мумкин эмас. Удум шунақа.
Бу сеҳрли санъат фақат ўз фарзандлари, яқинлари айрим шогирдларгагина мерос бўлиб қолади. -Тўғриси, олти-етти йил бўлди, санъатни ташлаб кетган эдим,-деди Хайдар ўйчанлик билан.-Бахор пайтида Зарбдор тумани маданият ишлари бўлими боўлиғи Бахтиёр Элмуродов кутилмаганда уйимга ташриф буюриб қолди. “Жон дўстим, сехргар экансиз,-деб эшитдим.
-Вилоятда ана шу соҳа бўйича кўрик-танлов бўлади. Шунга бир қатнашиб беринг,”- деб қаттиқ илтимос қилди. Санъатнинг сехри шунчалик бўларкан, тинч тура олмадим. Дардим янгиланди. Машинаси билан келиб Жиззахга олиб кетди. Мана энди Бўстон шахарчасидаги хайхотдай “Олтин Водий” маданият саройининг бадиий рахбарлигини ол, сехргарлигингни юрит,-деб турибди.
Қўқонда республика кўрик-танлов жюрисининг раиси Эркин Тошкенбоев менга қимматбаҳо эсдалик совғасини топширар экан, шундай деган эди: -Сенинг катта зафарлар қучиб, шон-шухрат чўққисини забт этишинга ишонаман.-Яна шу нарсага ишонаманки, сен арзимас шон-шухрат асири бўлиб қолмайсан. Доимо олға интиласан, камтар, хассос санъаткор бўл.
Хайдар Пўлатов 1964- йилда туғилган. У шу кунгача ўзи билганича кун ўтказиш учун яшаб келди. Кўп вақтларини бесамар, бекор хам ўтказди. Бозор иқтисодиётининг залворли юки уни кўнглини турли кўчаларига кириб чиқишга мажбур қилганди. Энди билса кун ўтаверар экан, яратган эгам шундай қобилиятни берибдими, уни одамлар эзгулиги йўлида ишлатиш лозим экан.
-Жюри раиси, машхур цирк устаси Эгамберди Тошкенбоевнинг ўғли Эркин Тошкенбоевнинг бу даъватлари зиммамга катта маъсулият юклади,-деди Хайдар. –Энди мен бошқачароқ ишлашим керак. У менга цирк тамошаларида кийиши лозим бўлган турли хил кийимларни кўрсатди. Уларни катта харажат эвазига тиктиртирди. Ўғлига хам, шерикларига хам. Хайдар хайрлашиш олдида менга шундай деди:
-Одамлар, ун, ёғ учун туп-туп бўлиб дўконлардга югуришади. Бизнинг тамошаларга эса унчалик хушлари йўқ. Балки бу вақтинчаликдир. Ўша пайтда Хайдарнинг бу гаплари мени чуқур ўйга толдирган эди. Кейин Хайдар Чирчиққа кўчиб кетди. Мана шунга беш йил бўлди. Телефон рақамлари ёзилган дафтарчани варақлаб ўтирар эканман, Хайдарнинг манзилгоҳи битилган ёзувга кўзим тушди.
“Чирчиқ шаҳри, Алфёрова кўчаси 2-уй. Телефон рақами 8-371-6-01-73”. Уйига қўнғироқ қилиб, хол-ахвол сўрамоқчи бўлдим. Лекин қўнғироқларимга хеч ким жавоб бермади. Кейин танишларимдан бири кутилмаганида шундай деди: -Хайдар оиласи билан Россияда ишлаётган экан. Топиши тузукмиш. -Демак, у ёқда хам цирк сеҳргарлигини қилаётган экан-да. Зўр тамлшалар кўрсатаётган бўлса керак?
-Қаёқда дейсиз? Ошхонада ишлаётганмиш. Турли хил овқатлар пишириб сотади дейишади. Истеъдодли санъаткорга нисбатан юрагимда бироз хижиллик пайдо бўлган бўлса хам, бу тезда ўтиб кетди. Хозирги тирикчиликнинг анча оғирлашиб қолган залворли юки Хайдарни бироз қийнаб қўйган бўлиши мумкин. Аммо бу, қийинчиликлар вақтинча эканлигига негадир ишонгим келарди.
Чунки хаёт ва мухаббат сингари санъат хам шеърият хам ўлмайди. Хайдар бу кунларнинг вақтинчалик эканлигини билади. Одамларга сехр улашиб, уларнинг олқишлари оғушида яшайдиган кунлар Хайдар Пўлатовга тезроқ яна насиб этишига ишонаман. Чунки инсон бу дунёга фақат тирикчилик, қорин ғами учун эмас, балки одамларга эзгулик ва қувонч улашиш учун келган. Шу умид менга таскин беради.
Абулфайз БАРОТОВ.




