Судьялар ҳам баъзан…
Бугунги кунда ўзбек қонунчилиги бутунлай бошқа издан бормоқда. Масалан, бозор иқтисоди бошланган пайтда Адлия вазирлиги бевосита судларни назорат қилган бўлса, энди Адлиянинг таъсир доираси чеклаб қўйилди ва у ҳозир фақатгина фермер хўжаликлари билан шуғулланадиган маҳкамага айланди. Аввалги шамширдек ўткир Адлиядан соя қолди…
Суд қонунчилиги ва тизимида ҳам бошқа йўл танланди. Собиқ Иттифоқ даврида барча судлов ишларини ЖИНОИЙ суд ҳал қилган бўлса, ҳозир суд тизими уч мустақил тармоққа бўлинди: жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича алоҳида – алоҳида судлов олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида катта қийинчиликларни келтириб чиқарди.
Оқибатини ўйламай жорий қилинган бу янгиликка суд тизими ҳали тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди. Фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича суд маҳкамаларига қонунчиликдан хабари бўлмаган ёки етарлича маълумотга эга бўлмаган, баъзида эса судлов ишларига бутунлай бегона кишилар бу мураккаб тармоқни бошқара бошладилар.
Умрида судлов амалиётидан бехабар ўқитувчилар, оддий нотариуслар… Кўп ўтмай танланган йўл элу – халқнинг шўри эканлиги билиниб қолди… Оқни – қора, қорани – оқ дейиш одат тусига айланди. Тизимда назорат йўқлиги учун порахўрлик авж олди. Жабр кўрганларнинг сон – саноқсиз шикоят аризаларидан сўнг кадрларни нотўғри танлагани учун фуқаролик ишлари бўйича
Сурхондарё вилояти судининг раиси Хўжамурод Тоғаев вазифасидан бўшатилди. Хўжалик судларида аҳвол бундан ҳам ачинарлироқ. Бундан 2 ой муқаддам Сурхондарё вилояти Хўжалик судининг судъяси Ш. Ҳайдарова ғайриқонуний ишни “ҳал” қилиб беришни ваъда бериб, 20 миллион сўм пора олаётганда Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари томонидан қўлга туширилиб, қамоққа олинган эди.
Бу воқеа вилоят судидаги ҳамкасбларига мактаб бўлмаган кўринади, худди шу жамоада 24 – судъя Б. Мўминов ҳам пора билан қўлга тушиб, МХХ ертўласидан жой олди. Бундан қўрқиб кетган Хўжалик судининг раиси Шавкат Ашуров ариза бериб, истеъфога чиққан. Балки у қамоқда ётган ҳамкасбларининг ўзига кўрсатма беришидан қўрққандир. Ким билади дейсиз.
Бугунги кунда бир вилоятнинг Хўжалик суди эгасиз ҳувиллаб ётибди. Демак, жабр кўрган фуқароларнинг даъво аризалари холис кўрилмаган экан. Бу ерда афсус камлик қилади!
“Бирдамлик” ҳаракатининг Сурхандарё матбуоти маркази.




