1980 –йиллари, Горбачевнинг қайта қуриш сиёсати даврида ошкоралик ва демократия шабодаси Ўзбекистонга ҳам эса бошлаган эди. Ана шу туфайли Ўзбекистонда катта мансаб эгалари ўртасида йиллар давомида ҳукм сурган порахўрлик, коррупция ва бошқа иллатлар ошкор бўлганди. Бугунги кунда ўша даврни яхши билган кишилар ошкораликни соғиниб эслайди.
“Агарда бугун ҳам ошкоралик бўлганда, амалдорлар ўғирлик қилиш ва пора олишдан оз бўлсада чўчиган бўларди. Оз бўлсада халқ дардини ўйлаган бўларди”-, дейди одамлар. Сабаби шундаки, ошкоралик оддий халқ учун умуман қўрқинчли эмас. Нимадан қўрқишсин, очликданми? Бу оддий ҳолга айланган. Ишсизликданми, бу ҳам одатий ҳол. Қўрқса ҳам, қўрқмаса ҳам иш тополмай юраверади.
Қашшоқликданми? Халқ аллақачон қашшоқликка кўникиб бўлди! Тўғри бугун халқ ўша 80-йллардан фарқли бир нарсани ошкор айтишга қўрқади. Ўз фикрини ошкор билдирса, хақиқатни айтса, худо кўрсатмасин, қамалиб қолиши хеч гап эмас! Аммо мансабдорлар учун ошкоралик мутлақо керак эмас. Қатор-қатор қасрларни қайси пул эвазига қураётгани ошкор бўлсами…
Олаётган маошига қандай қилиб невараси учун ҳам машиналар олиб қўйгани ошкор қилинсами… Анави жазманига уй-жой, бриллиант тақинчоқларни халқ ҳисобига олиб бераётгани оммага билинсами… Албатта, бунинг мутлақо кераги йўқ…
“Бирдамлик” ҳаракати Фарғона вилоят бўлими матбуот хизмати.




