Шундан буён биринчи қатор “Навбаҳор»лик фермерларники бўлди…

– Саида, сизга жуда қизиқ бир воқеани гапириб берай, – деб қолди, эндиликда собиқ фермер Убайдулла ака. – Илгари айтишдан чўчигандим. Чунки, фермерлик ерим бор эди. Энди ҳоким тортиб оладиган ҳеч нарсам қолмади. Эҳтимол мендан илгари бошқа бирон фермердан ҳам эшитгандирсиз, бу воқеа анча вақтгача фермерлар ўртасида кулги бўлганди.
Демак воқеа бундай бўлганди. 2007 -йилнинг июнь ойи бошлари эди. Сиз тўғрингизда бир қанча матбуотларимиз, жумладан “Пахтакор ҳаёти” номли туманимиз газетаси ҳам ўйдирмалар тўқиб, ҳар ҳил ёлғон айбларни сизга ёпиштириб, сизни қоралаш мақсадида жойларда мажлислар ўтказиб, умрида сизни кўрмаган, танимаган одамлар мажбурий равишда минбарга чиқарилиб, сизни сотқинликда айблаб, халқ хоини, деб қоралаётган пайтлар эди.
Пахтакор туманидаги “Улуғбек” номидаги маданият саройида туман бўйича фермерларга мажлис ўтказилаётганди. Ўзингизга маълум, фермерлар тонгги соат 04:00 да туриб ишга кетади. Ёз кунлари йилдек узун эмасми, кун бўйи тиним билмаган бечоралар чарчаган, баъзилари ҳатто уйига боришга улгурмай даланинг ўзидан тўғри мажлисга келганди. Шу боис уларнинг қоринлари оч, мажлис эса чўзилгандан чўзиларди.
Бундай пайт қулоққа гап ёқмайди ҳам, кирмайди ҳам. Тунги соат 01:30 ёки 02:00 лар бўлганди чамаси. Залдаги чироқларнинг кўпчилиги ўчирилган. Фақатгина президиумнинг чироқлари ёниқ. Чарчоқнинг зўрлигидан кўпчилик фермерлар ўтирган жойида мудрарди. Кутилмаганда кимнингдир қўли кўтарилиб президиумда ўтирганларни расмга тушириб олди.
Минбардагиларнинг кўпчилиги шартта бошини тирсаклари орасига яширди, кимдир қўлидаги қоғоз, китоблар билан юзини яширди. Миршаблардан бири дарҳол чироқларни ёқди. ИИБ бошлиғи ўрнидан туриб, “ким суратга олди?”, дея бақира бошлади. Залдагилар эса нима бўлганини тушунмай ҳайрон эди. Буларнинг бари кўз очиб юмгунча бўлиб ўтди.
Бир пастдан кейин ҳоким, “навбаҳорлик фермерлар ўрнидан турсин ва биринчи қаторга келсин, биринчи қатордагилар уларнинг жойига ўтсин” деди. Ҳаммамиз ўрнимиздан қўзғалиб, биринчи қаторга бориб турдик. Ҳоким ИИБ бошлиғига “уларнинг қўл телефонларини йиғиштириб ол”, дея буюрди. ИИБ бошлиғи ходимлари ёрдамида шу захоти қўл телефонларимизни йиғиштириб олди ва улардаги расмларни текшира бошлади.
Бироқ навбаҳорлик фермерларнинг ҳеч бирининг қўл телефонидан қидирилаётган сурат чиқмади. Бу ишни кимдир зерикканидан ўйнаб қилди, бироқ ўша кундан бошлаб навбаҳорлик фермерларга биринчи қатор ўриндиқлари “брон” қилинди. Ҳар сафар бирор мажлисга борганимизда албатта, хўжаликнинг қайсидир раҳбари томонидан биринчи қаторга ўтиришимиз назорат қилинарди.
Бошқа хўжаликлар фермерлари эса “бундай ҳурматга сазовор бўлганликларинг учун ҳамқишлоқларингга раҳмат айтяпсизларми?”, дея кулишарди… Эндиликда собиқ фермер Убайдулло ака шу воқеани ҳикоя қилиб бердию, ўзи ҳам кулиб қўйди.

Саида Қурбон, Жиззах вилояти Пахтакор тумани, “Навбаҳор” хўжалиги.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares