Ўзбекистон республикаси президенти И. Каримовга.
Нусхалари:
Ўзбекистон республикаси бош вазири Ш. Мирзёевга
Ўзбекистон республикаси мхх раиси Р.Иноятовга
Ўзбекистон республикаси бош прокурори Р.Қодировга
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари буйича вакили омбудсмен С.Рашидовага
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори А.Саидовга
Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор А.Жалоловга
Сирдарё вилоят прокурори А.Эргашевга
Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча демократик давлатлар элчихоналарига
Барча оммавий ахборот воситаларига
Барча ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга
Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидаги бир гуруҳ
жабрланган фермерларидан
О Ч И Қ М У Р О Ж А А Т
“Қайси ерда қонун ишламаса, шу ерда шикоят кўпаяди” И.Каримов
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Яқин ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, давлатимиз Мустақилликка эришгач, Сизнинг раҳнамолигингизда, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида катта ишларни амалга оширдик, шу жумладан қишлоқ хўжалигида катта ютуқларга эришилди. Жаҳон андозасига таянган ҳолда ўз Конституциямизни яратиб, шундай кучли қонунларни ҳаётга тадбиқ этдикки, агарда ушбу қонунларимиз ижроси тўғри олиб борилганида эди, биз оддий, меҳнаткашлар босқичма-босқич, шикоят устига шикоят йўллаб юрмаган бўлар эдик.
Тўғри, қонунларимизни ҳурмат қиламиз, аммо улар мансабдор шахслар томонидан ҳурматсизларча, оёқости қилиниши, нотўғри талқин қилган ҳолда бир томонлама ижросини ўз манфаатларига буриши, ёзин-қишин ўз манфаатидан давлат манфаатини устун қўйиб меҳнат қилаётган оддий фуқароларни “экспулатация” қилиб, иккинчи даражали шахсга,
яъни ўз қулларига айлантиришларига нисбатан давлат назорат органлари, мустақил СУД органлари томонидан, қонун бузилишини содир этаётган МАНСАБДОР шахсларнинг манфаатини ҲИМОЯ қилишлари натижасида биз оддий фуқаролар дардимизни КИМГА айтишни ҳам билмай қолдик. Ўзбекистон республикасининг “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига асосан босқичма-босқич қилган шикоятларимиз ўз тасдиғини топмаганлиги муносабати билан,
Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 93-моддаси 1-бандига асосан охирги НАЖОТ ўзингиз деб билиб, Сиз томон мурожаат устига мурожаат йўлладик. Афсуски мурожаатларимиз Сизгача етиб бормай изсиз йўқолиб кетаверди… Сизнинг 2008 -йил 6 октябрдаги “Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонлари ҳажмини муқобиллаштириш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия ташкил этиш ҳақида” қабул қилган
Р-3077-сонли Фармойишингиз бизнинг Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани ҳокими К.Сулаймоновга ниҳоятда қўл келиб, туман фуқароларининг охирги “қони”ни ичишга шайланди. Ҳатто Фармойишдан кейин туман фермерлари билан ўтказилган йиғилишда хурсандчилигини яширолмай, ўз “ҳиссиёт”ларини очиқ айтиб юборди. “Оғайнилар, фермер ерининг кенгайтирилиши президентимизнинг жуда тўғри таклифи,
бу бугунги ва эртанги ҳаётимиз, фермерлик тараққиётимиз зарурати. Анчадан буён мана шу одил сиёсатни кутиб, тайёргарлик кўриб юрган эдик. Ҳеч қачон гап сонда бўлмаган, катта мақсад сифатда бўлади. Ҳар бир сардор ўз ҳудудида бирор фермернинг дилини оғритмайдиган, ишсиз қолдирмайдиган, энг муҳими, ғавғо-ғурбатсиз, менга ва юқорига “шикоятчи”ларни жўнатмайдиган, ақлли иш тутингларки, аҳиллик, муроса, яхшилик йўқолмасин.
Қисқаси ўзларинг ўзаро келишиб, тўғри хулоса чиқаринглар”, деган эди (Оқ олтин тумани ҳокимининг бу нутқи тўлиқ, ўзгаришсиз ҳолда, “Коинот гултожи” ижтимоий-маърифий газетасининг 25 декабр 2008 -йилги 6 (17)-сонида чоп этилган). Ҳақиқатдан ҳам Оқ олтин туман ҳокимининг йиғилишда айтган сўзи билан иши бир чиқдими? Афсуски йўқ! Фармойишдан бошқа катта мақсадларни кўзлагани ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, ўзини намоён қила бошлади.
Сизнинг 2008 -йил 6 октябрдаги Фармойишингиз оммавий ахборот воситаларида чоп этилмай туриб, ҳокимликларга хуфия тарқатилиши муносабати билан, туман ҳокимлари ўзларига ёқмаган фермерлардан мажбурий тарзда, босим остида узоқ муддатли ер ижара шартномасидан “ихтиёрий воз кечиш тўғрисида” аризаларини олиб, ер майдонларини туман заҳирасига қайтариш бўйича қарорлар қабул қила бошлашди.
Бу ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли биз меҳнат қилиб келаётган оддий фуқароларни “мулки”дан маҳрум қила бошлашди. Ҳаттоки Оқ олтин тумани ҳокими К. Сулаймоновнинг бу қароридан норози бўлиб қабулига кирганимизда, “хоҳлаган ерингга шикоят қилавер, бу ерда қонунни мен яратаман, мулк эгаси менман, хоҳласам ерни сенга бераман, хоҳласам бошқага.
Президентгача ёзганингда, барибир додингни ҳеч ким эшитмайди”, деб жавоб қайтарди. Давлат контрактация шартномаси юзасидан олган мажбуриятларимизни тўлиқ бажаришимизга қарамай, ер майдонларимиз тортиб олиниб, туман ҳокимининг қарори билан тендер ўтказилмай шартнома мажбуриятларини ҳаттоки 50 фойизга ҳам бажармаган фермерларга қўшиб берилиши туфайли шундай фикрга бордикки,
муқаддас қонунларимиз яратилибдию аммо ижроси ҳақиқатдан ҳам мансабдор шахслар манфаати учун белгилаб берилибди. Сирдарё вилояти Оқ олтин туманида Сизнинг Фармойишингизни бажариш жараёнида ҳатто фермернинг аризасини олишга ҳам ҳожат қолмай, мансабдор шахсларнинг ўзлари фермерлар номидан ариза ёзиб, маҳкама муҳрини босиб, қарор қабул қилишган.
Шунингдек, ариза туман ҳокимининг қарори қабул қилингач берилди, деб кўрсатилмокда, аслида туман ҳокимининг қарори 2008 -йилнинг 30 октябрида қабул қилинган бўлса, фермер хўжалиги бошлиғининг 2008 -йил 31 октябрда ёзган аризаси инобатга олиб қарор қилинмоқда. Бундай ҳолатларни биз оддий, ўқимаган, кетмон ва билагимиз кучи билан меҳнат қилиб келаётган фуқаролар тушунмай қолдик.
Бу Оқ олтин тумани ҳокими ва унинг қўл остидаги мансабдор шахсларнинг саводсизлигими ёки амалдаги қонунларимизни қасддан ғайриқонуний тарзда ҳурматсизларча бузишми? Лекин шундай қарорларни қабул қилиши замирида “катта манфаатдорлик”ка эга бўлишмокдаки, биз меҳнат қилаётган оддий фермерлар ёзин-қишин меҳнат қилишимизга қарамай, энгимиздаги “қирқ ямоқ” чопонимиз янги бўлиши ўрнига, давлатдан қарзга ботиб кетаябмиз.
Ҳокимлар эса бизнинг меҳнатимиз эвазига 85.000 АҚШ доллари қийматига тенг чет элнинг автомашиналарида жавлон урмоқда. Сирдарё вилояти Оқ олтин туманида бизга ўхшаган ер майдони олиб қўйилган фермерлар сон-саноқсиз бўлиб, сарсон саргардон.
Мухтаррам Ислом Абдуганиевич
Ушбу ҳолат юзасидан Сизнинг номингизга ва давлатимизнинг муқаддас қонунлари ижросини назорат қилувчи орган раҳбари муҳтаррам Рашиджон Хамидовичга 2009 -йилнинг 3 февралида, 16 мартида, 5.майидаги ва бошқа мурожаатларимизга нисбатан бирор жавоб бўлмагач, Оқ олтин тумани ҳокимининг “бу ерда қонунни мен яратаман, додингни хоҳлаган ерингга айт” деган сўзлари минг карра тўғри эканига ишонишдан бошқа иложимиз қолмади.
Сизнинг 2008- йил 6 октябрдаги Фармойишингизни асос қилиб ер майдонларимизни туман ҳокими тортиб олар экан, ушбу ерга қилган меҳнатимиз, сарф харажатларимиз инобатга олинмади, чунки ер майдонларимиз олиб қўйилишига ҳеч қандай асос йўқ бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунларимиз бузилиши қуйидаги ҳолатлар билан ўз тасдиғини топиши муқаррар:
1. 2008 -йил 28 октябрда туман ҳокими Оқ олтин тумани, Сардоба қишлоқ фуқаролари йиғини раиси, Ўзбекистон республикаси халқ депутатлари Сирдарё вилояти Оқ олтин туман Кенгаши депутати, ер майдони 47,2 гектар, давлат контрактация шартномаси бўйича режаларини мунтазам бажариб келган, шу жумладан 2008 -йил ҳосили бўйича ғалла режасини 109,2 фойизга,
пахта маҳсулотлари етиштириш режасини 107,0 фойизга бажарган “Сардоба” ФХХУси “Эсергап али” фермер хўжалиги раҳбари Эсергапов Зарпуллага ажратилган ернинг ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан қарор қабул килмокда. Ушбу қарорда ҳоким “Эсергап али” фермер хўжалиги бошлиғи Эсергапов З.нинг 2008 -йил 29 октябрдаги туман ҳокими номига
“ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида ёзган аризаси”ни кўриб чиқиб, Ўзбекистон республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан демоқда, аммо маълум бўлишича, Ўзбекистон республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасида давлат контрактация шартномаси бўйича режа мажбуриятини бажарган фермернинг ер майдони тортиб олинсин ва қарор қабул қилинганидан кейин аризасини “ихтиёрий” ҳолатда олинсин деб кўрсатилмаган.
2. Оқ олтин тумани “Андижон” ФХХУси “Мирзоҳид Шахзод” фермер хўжалиги бошлиғи Б.Кўчаров, Оқ олтин тумани ҳокимининг 2008 -йил 18 февралдаги 242 – сонли қарорига асосан ташкил этилган, давлат контрактация шартномасига асосан ғалла режасини 107,4 фойизга бажарган, пахта маҳсулотлари бўйича режани маълум сабабларга кўра 85,9 фойизга бажарган бўлишига қарамай, туман ҳокимининг
2008 -йил 30 октябрдаги 1253 – сонли қарорига асосан бир йил ҳам фаолият юритмаган “Мирзоҳид Шахзод” фермер хўжалиги ер майдонлари туман заҳира ер ҳисобига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилмоқда. Асос сифатида “Мирзоҳид Шахзод” фермер хўжалиги бошлиғи Б.Кўчаровнинг 2008- йил 31 октябрдаги ёзган “ихтиёрий” аризаси кўрсатилмоқда ва унга тегишли ер майдонлари давлатдан 45.000.0000 (кирк беш миллион) сўм қарзлиги мавжуд бўлган, мунтаззам мажбуриятларини бажармай келаётган“Дилнаво Достон” фермер хўжалигига бириктириб берилмоқда. Аммо аслида “Мирзоҳид Шахзод” фермер хўжалиги бошлиғи томонидан бундай ариза ёзилмаган.
3. Оқ олтин тумани “Андижон” ФХХУси “Элмуродов Сайдалим” фермер хўжалиги бошлиғи С.Элмуродов ер майдонлари 25,7 гектар бўлиб, мунтазам мажбуриятларни 100 фойиздан ортириб бажариб келган. Шу жумладан, 2008 -йил ҳосили бўйича пахта маҳсулотлари режасини 107,0 фойизга бажаришига қарамай, ер майдонлари туман ҳокимининг 2008 -йил 30 октябрдаги 1107 – сонли қарорига асосан олиб қўйилмокда.
4. Оқ олтин туман “Андижон” ФХХУси “Нурмон набираси” фермер хўжалиги бошлиғи, туман ҳокимининг 2003- йилдаги қарорига асосан ташкил бўлган, мунтазам мажбуриятларни бажариб келган, шу жумладан, 2008 -йил ҳосили бўйича ғалла режасини 110,0 фойизга бажарган, пахта маҳсулотлари режасини 113,1 фойизга бажарган бўлишига қарамай, туман ҳокимининг 2008 -йил 1060-сонли қарорига асосан ер майдонлари туман заҳира фондига олиб қўйилмокда.
5. Оқ олтин тумани “З.М.Бобур” ФХХУси “Жондори ота” фермер хўжалиги бошлиғи Х.Абдуллаев, туман ҳокимининг 2003 -йилдаги қарорига биноан ташкил килинган, шахсий қишлоқ хўжалик техникаси МТЗ – 80 трактори мавжуд, ер майдони 51 гектар, оилавий 14 ишчи кучига эга, мунтазам мажбуриятларни бажариб келган. Шу жумладан,
2008- йил ҳосили бўйича ғалла режасини 116,1 фойизга, пахта маҳсулотлари режасини маълум сабабларга кўра 86.1 фойизга бажарган бўлишига қарамай Оқ олтин тумани мансабдор шахслари томонидан Х.Абдуллаев номидан “ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш” тўғрисидаги аризани қалбакилаштириб, туман ҳокимлиги маҳкама муҳри билан тасдиқлаб, сохта имзо билан расмийлаштириб, туман ҳокимининг 2008- йил 30 октябрдаги 1248-сонли қарорига асосан ер майдонлари мажбурий олиб қўйилмокда.
6. Оқ олтин туман “Фаргона” ФХХУси “Қурбонали невараси Икром” фермер хўжалиги бошлиғи М.Кодирова, ер майдони 115 гектар бўлиб, Оқ олтин тумани ҳокимининг манфаатида Сирдарё вилоят прокуратураси қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи И.Умаровнинг берган хулосасига биноан вилоят прокуратураси томонидан 2008- йил 5 май кунги тақдим қилинган даъво аризасига биноан
Сирдарё вилоят хўжалик судининг 2008 -йил 6 май кунги хўжалик иши бўйича Ўзбекистон республикаси номидан қабул қилган ҳал қилув қарорига асосан “Курбонали невараси Икром” фермер хўжалиги фаолияти тугатилмокда. 2008- йил режаси бўйича экилган ғалла ва пахта маҳсулотлари ҳосилини йиғиштириб олишга имконият берилмаяпти.
Ушбу хатти ҳаракатлар туфайли фермер хўжалиги ер майдонларига экилган ҳосилни барбод қилиб, фермер хўжалигини 24.450.000 сўм қарзга ботирди. ”Қурбонали невараси Икром” фермер хўжалиги 6 гектар ер майдонига полиз маҳсулотлари етиштирганлигини асос қилиб олинмоқда, аммо ушбу полиздан олинадиган даромад ҳисобига кейинчалик тўлаш шарти билан олинган
К-700 русумли техника сотиб олганлигини инобатга олишмаган, шунинг билан 2008 -йил ҳосили учун давлат контрактация шартномасига биноан экилиши лозим бўлган ер майдонларидан Оқ олтин туман “Фаргона” ФХХУси “Қурбонали невараси Икром” фермер хўжалиги ён атрофидаги 500 гектар ер майдонининг 198 гектарига туман ҳокимининг кўрсатмасига биноан ноқонуний, режадан ташқари полиз маҳсулотлари экилишига қарамай, вилоят прокуратураси ходимлари бундай ҳолатга панжа орасидан қарашган.
Оқ олтин туманида шундай ҳолатлар мавжудки, фермер ўз эҳтиёжи учун ер майдонининг арзимас ерига экилган полиз маҳсулотлари туман ҳокимлиги, прокуратура ходимлари томонидан ноқонуний топилиб, шудгор қилиб ташланмоқда. Аммо фермер майдони пахта режаси учун ажратилган ер майдонининг ўн, йигирма ҳаттоки ўттиз ва ундан ортиқ гектарида мансабдор шахслар томонидан ёлланган, ерни нақд пулга сотиб олган деҳконлар томонидан экилган полиз маҳсулотлари майдони бузилмай келинмоқда.
Бундай ҳолатнинг ўзи Оқ олтин тумани мансабдор шахслари фуқароларга нисбатан икки ҳил кўз билан қараши эмасми? Оқ олтин туманида кучли коррупция авж олганки, эртага ҳосил берадиган экинларимизга ажратилган ўғитлар далаларимизга тушмай, Қозоғистон билан чегара қилиб белгиланган зовур орқали қўшни республикага тонна-тонналаб ўтиб кетмоқда.
Шундай ҳолатлардан туман раҳбарлари огоҳ бўлишига қарамай, парвойига ҳам келмайди, чунки бунинг ортида катта шахсий манфаатдорлик мавжуд. Биргина Оқ олтин туман “Андижон” ФХХУда 2009 -йилда 700-800 гектарга полиз ва бошқа экин маҳсулотлари экилган бўлиб, бирон киши экилган полиз учун банкка кирим қилмаган. Чунки йил бошидаёқ туман ҳокими гумашталари билан ҳар бир гектар майдон учун 1.000.000 (бир милион) сўмдан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиб бўлган.
Бундай ҳолат Оқ олтин туманининг ҳар бир хўжалигида мавжуд бўлиб, далилий асос даланинг ўзида, аммо ушбу масалаларни ўрганадиган орган йўқ. Демакки бизнинг туман давлатимиздан ажралиб чиққан, амалдаги қонунларимизга бўйсунмайдиган АВТОНОМ туман эканда? Бу туманда ҳатто вилоят раҳбарлари ҳам полиз маҳсулотларини экишга ошиқманд, чунки
Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Ойбек Ашурметовга қарашли “ёлланма” деҳқонлар “Г.Ғулом” ФХХУсида фаолият олиб бораётган “Миср ҳусни Муборак” фермер хўжалиги ер майдонида плёнка остига 15 гектарига полиз маҳсулотлари экканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу дегани вилоят ҳокими ўринбосари О.Ашурметов жойида ўтириб биргина буйруқ билан 15.000.000 сўмни қуртдай киссасига солиши демакдир.
Шундай бўлишига қарамай ер майдонлари олиб қўйилган, режасини бажармаган фермер қўлида қулдек ишлаётган, собиқ ер эгалари, мулкдорлар ер майдонида бирор гектар ҳам ноқонуний маҳсулот экилганлиги кузатилмай, туман ҳокимлиги томонидан “ноқонуний” деб топилган полиз маҳсулотлари “ғайриқонуний қарор”лар қабул қилиб, ноқонуний олиб қўйилган ер майдонлари ҳисобидан мансабдор шахсларнинг манфаатига хизмат қилмокда.
Оқ олтин тумани ҳокимининг бундай содир этган ҳолатлари таъсирида, ер майдонлари ноҳақдан олиб қўйилганлиги сабабли сарсон саргардон юрган фуқаролар Оқ олтин туманида юзлаб топилади, аммо уларнинг дардларини тинглайдиган раҳбар топилмаяпти. Энг қизиғи шундаки, бизлар мажбуриятларимиз тўлиқ бажарилишига қарамай, туман ҳокимининг қарорига асосан,
бундай қарорлар ҳақиқатда ғайриқонуний тарзда қабул қилингандир, чунки ушбу қарорларнинг 5-бандида вилоят ер ажратиш (реализация қилиш) бўйича комиссиясининг тасдиғини сўралган бўлишига қарамай, вилоят комиссиясининг ҳеч қандай хулосаси мавжуд эмаслигига қарамай, ер майдонларимиз олиб қўйилиб, мажбуриятларини бажармаган фермерларга берилиши,
шунингдек ушбу ер майдонларида ўзимиз оила аъзоларимиз билан фаолият юритиб, ғалла ва пахта маҳсулотларини етиштириб келмоқдамиз, аммо экилган ғалламизга бирор марта рағбатлантирилиб, иш ҳақи берилмаган. Шунингдек, етиштирилаётган пахта маҳсулотлари бўйича шу куннинг ҳолатига ҳар бир гектар пахта ер майдони ҳисобидан 54.000 (эллик турт минг) сўмдан давлат томонидан иш ҳақи ажратилган бўлишига қарамай, ер майдонлари бириктириб берилган фермерлар томонидан ўзлаштириб юборилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан иш ҳақларимизни талаб қилишимизга биноан, ишчи кучимиздан фойдаланиб келаётган фермер хўжалиги раҳбарлари ҳам иш ҳақларимизни ўзлаштириб юбориб, ҳам Оқ олтин туман ички ишлар бошкармасига қилган мурожаатларига биноан, туман ИИБ бошлиғи подполковник Э.Саидов томонидан тазйиқ ва зўрлик остига олинмоқдамиз.
Шундай ҳолат “Мирзоҳид Шахзод” фермер хўжалиги бошлиғи вазифасини бажарувчи У. Қуватовда кузатилиб, “Дилнаво Достон” фермер хўжалиги раҳбари Р.Шодмонов томонидан 30 гектар пахта маҳсулоти учун ишчиларга бериши лозим бўлган 1.650.000 (бир миллион олти юз элик минг) сўм иш ҳақи ўзлаштирилиб юборилиб, туман ИИБ бошлиги Э.Саидов номига қилган шикоятига биноан
туман ИИБ бошлиғи томонидан масалани чуқур ўрганилмай туриб, У.Қуватовга нисбатан босим ўтказилган. Шунинг билан бирга ўз ўринбосарига У.Қуватов далага яқинлашса олиб келиб қамаш ҳақда кўрсатма берган. Шундай ҳолатлар замирида меҳнат қилаётган фермерларнинг қалбида қўрқув, зўрлик, босим кучи ишлатиш ҳолатларини яққол намойиш этишмоқда.
Давлат режаси бўйича етиштираётган ғалла маҳсулотларимиз ўримга келиб қолди, уруғлик ғалла биз томондан олинган, экилган, етиштирилган, аммо туман ҳокимининг ғайриқонуний қарори билан “ўроқда йўқ, мошоқда йўқ, хирмонда ҳозир” дея халқ мақолида айтилганидек ғалланинг эгаси чиқмоқда ва бизларни меҳнат қилаётган жойимиздан ҳайдаб чиқаришмоқда.
Бизларни бир савол қизиқтирмокда, эртага ўрим пайтида ўзимиз етиштирган ҳосилга эгалик қилишга ҳуқуқимиз борми? Амалдаги муқаддас қонунларимизда белгилаб берилган ваколатларга биноан эгалик қилиш ҳуқуқига эгамиз, аммо Сирдарё вилояти назорат, ҳуқуқ-тартибот, суд органларининг паноҳида иш юритаётган, амалдаги қонунларимизни тан олмай,
ўз қонунини яратаётган Оқ олтин тумани ҳокими К.Сулаймоновнинг сиёсатига қараганда етиштирган маҳсулотимиздан маҳрум бўлишимиз аниқ. Ушбу ҳолат юзасидан ёрдамингизга муҳтожмиз. Агарда ўзимиз етиштирган маҳсулотимизга эгалик қила олмасак, болаларимиз оч қолиши аниқ, чунки шу кетишда туманимизда бирор бир ишлаб чиқариш йўқлиги муносабати билан барчамиз ишсиз бўлиб қолишимиз муқаррар.
Ҳақиқатдан ҳам Оқ олтин туманида ишлаб чиқариш таназзулга юз тутгани аниқ, чунки бор корхоналарни ҳам яксон қилиб бўлишди, яксон қилиб, бир уюм аҳлатнигина қолдиришди, аммо биронта қурилиш ишлари бажарилмади, бўлса ҳам қоғозда кўрсатилиб, ушбу қурулишларга ажратилган маблағлар талон-тарож қилинди.
Ҳурматли Ислом Абдуганиевич
Туманимизда содир этилаётган шундай талон-тарожни кузатар эканмиз, раҳбарларнинг нақадар кўзи очлигидан тавба деб ёқамизни ушлаймиз. Чунки Сизнинг “янгисини қурмай туриб, эскисини бузма” деган сўзларингиз қулоғимиз остида жаранглаб турар экан, бу яксонгарчиликларни кўриб, наҳотки юртбошининг кўрсатмалари туман раҳбарларига таалуқли бўлмаса деган фикрга борамиз.
Оқ олтин туманида яксон этилган пахта тозалаш заводию ҳар бири минг бошли “голландия” қорамолига мўлжалланган фермалар, катта-катта иншоотларнинг аччиқ қисмати тўғрисида тўлиқ расмлари билан шахсан девонга 16 март 2009 йилги 18-сонли иловада 67 варақ ва фоторасмлар билан шикоят аризаси тақдим қилган бўлишимизга қарамай, афсуски ҳеч қандай натижа чиқмади.
Ҳурматли юртбошимиз, отахонимиз
“Кимки фермерни хафа қилса, мени хафа қилган бўлади” деган эдингиз, лекин ушбу сўзларингизни ҳаттоки туман раҳбарлари ҳам инобатга олмай қўйган. Демак Сизники шунчалик ҳурмат қилишмас экан, бизларни назар-писанд қилмасликлари аник. Биз ҳуқуқлари паймол қилинган фермерларнинг ушбу мурожаатимиздан кейин Сирдарё вилояти
Оқ олтин туманига озгина бўлса ҳам ўз эътиборигизни қаратасиз деган умиддамиз, акс ҳолда биз оддий фуқаролар, ёзин – қишин давлатимиз экономикасини кўтарилишида ўз хиссамизни қўшамиз деб, фидоийлик билан меҳнат қилиб келаётган, Ўзбекистон республикаси Конституцияси билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва эркинликларимиз Оқ олтин тумани ҳокими
К.Сулаймонов ва қўл остидаги мансабдор шахслар томонидан паймол қилиниб, уларнинг қулига айланишга бир баҳя қолган. “Иккинчи даражали шахс”лар, ердан чиққан “қўзиқоринлар” каби ер билан яксон қилинмоқдамиз. Оқ олтин тумани ҳокими ва мансабдор шахслар томонидан содир этилаётган хатти-ҳаракатлар туфайли ҳуқуқлари паймол бўлаётган
Сизнинг халқингизни дод-фарёдини тинглаб, ҳақиқат қарор топишида шахсан ўзингиз раҳнамолик қиласиз деган умиддамиз. Мурожаатни тасдиқлаб имзо чекувчи Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани бир гуруҳ, гуруҳ ҳам эмас жамоа тарзда жабрланган сон саноқсиз, ҚОНУНларимиз билан белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган фермерлар.
«Бирдамлик» ҳаркатининг Сирдарё матбуоти маркази.




