Фермер ўзини сўйиб қўйди

“Бирдамлик” ҳаракати Сайхунобод туман бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, Сайхунобод туман “Ўзбекистон” фермер хўжалиги ҳудудий уюшмасида фаолият юритиб келаётган бир фермер хўжалиги раҳбари ўзини сўйиб қўйиб, вилоят реанимациясига келтирилган.

Фермер ўз хўжалигига қарашли ер майдонида 2009- йил ҳосили учун давлат контрактация шартномаси бўйича режалаштирган маҳсулотлардан ташқари 10 гектар ер майдонига полиз экинлари эккан. Маҳсулотлар баравж ривожланиб, гулга кирган пайт, туман ҳокими А.Турдиев ва туман прокурори
Б.Джумадилов томонидан босим ўтказилиб, полиз экилган ер майдони ҳайдаб шудгор қилиб ташланган. Бунга дош беролмаган фермер ўз жонига қасд қилган. Айни ҳолат туман ҳокими, назорат органи раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар
Ўзбекистон республикасининг “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа амалдаги қонун кўрсатмаларига ҳурматсизларча муносабатда бўлаётганини исботлаш билан бирга, фермерларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари айнан шу раҳбарлар томонидан мунтазам равишда, мутлақо бемалол топталинаётганини ҳам кўрсатади.
Зеро, фермер хўжалиги ўзига узоқ муддатли ижара шартномаси билан тасдиқланган ер майдонларида давлат томонидан зиммасига юклатилган шартномаларни бажариш бараварида ўз мақсади учун полиз маҳсулотлари экиши тақиқланмаган. Ўзбошимчалик билан амалга оширилган зўравонликка чидай олмай ўз жонига қасд қилган фермер хўжалиги бошлиғи шу кунларда ўлим ёқасида вилоят шифохонасида ётибди.
Бундай зўравонлик ва ўзбошимчаликни содир этган туман ҳокими ва прокурорига жазо бормикан? Қайдан. Бундан баттар оғир жиноятларни содир этаётган раҳбарлар ҳеч бир қийинчиликсиз муқаррар жазодан қутилиб кетаётган шундай пайтда булар жазога тортилармиди. Зеро, давлат учун оддий фермер ҳеч ким эмас, назарга илинмайдиган бир оддий ялангоёқ, холос.

“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё вилояти матбуот маркази.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares