
Болалар бизнинг жонимиздан ортиқ кўрувчи қоракўз фарзандларимиз. Бизнинг келажак орзуларимиз ва зурриётимиз давомчиларидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти белгилаб берган бу кун, барча мамлакатларда болаларнинг катта байрамига айланиб кетган кунидир. Кичкинтойларимиз бу кунда нафақат ота-оналаридан, катта ёшдаги ака ва опалари, қолаверса яқин қариндошлардан ҳам совға-саломлар олишади, катталар билан қўғирчоқ театри, кино ёки ҳайвонот боғларига саёҳат қилишади. Бу тарзда болалари ардоқланган ҳолатни ер юзидаги кўплаб давлатларда кузатиш мумкин. Бизнинг Ўзбекистонда-чи?
Эътибор берсангиз, ўн болани тарбия қилган оналар “Қаҳрамон она” топилиб, тиллодан кўкрак нишони, навбатсиз енгил автомашиналар, текин кўп хонали уй ва ярим нарх билан мебел жихозлари берилиб, бундай оналар давлатнинг алоҳида иззат ва ҳурматларига эга бўлган советлар замонидан мустақилликка эришгач, ҳаммамизнинг фаровонлигимиз янада ортиб кетади, деб умид қилган эдик.
Лекин Ўзбекистонда мустақилликдан ўтакаси ёрилиб хурсанд бўлган халқ фарзандлари қорни тўқ, ғамлари йўқ ҳукумат амалдорлари томонидан зўр бериб ҳақоратланмоқдаки, совет давридаги ғамхўрликлардан асар ҳам қолмаган. Афсусларким, “меҳрибон юртбоши”нинг қарийиб 20 йиллик раҳбарлик даврига назар солсак,
Ўзбекистондаги аҳолининг умумий аҳволи йилдан-йил ёмонлашиб бораверди, ўз турмуш шароити ва болалари аҳволини очиқ айтолмаган миллионлаб ота-оналар ич-ичидан эзилиб яшаб келмоқда. Барча шаҳарлардаги ишбилармон ва тадбиркорлар қатори қишлоқларда қарзлари тоғ бўлиб кетганидан ерларини ташлаб қочишгача борган деҳқон фермерларга ҳокимлар томонидан босим ўтказилиб,
уларни 1 июнь куни болалар уйларига бериладиган совға-саломлар учун маблағ тўлашга мажбур қилинмоқда. 1 июнь, ҳар йили Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари болалар уйларига махсус рейд қилади, репортажлар уюштиб, анча кўпиртирилган маълумотларга тўла кампаниявозликка айлантирилган кўз бўямачиликлар содир этилмоқда.
Йилнинг 365 кунидан бир кунида, у ҳам бўлса халқ орасидаги бировлар елкасига тушадиган оғирликни, яъни халқнинг пули эвазига қилинаётган ишларни ҳам ҳукуматнинг ғамхўрлиги, “президент совғаси” деб кўрсатиш одатга айланган. 1 июнь кунини етимхонадагилар сабрсизлик билан кутади, зеро фақат шу “Болаларни ҳимоя қилиш куни”да улар турли таомлар ва концертлардан баҳраманд бўлади.
Ана шу тадбир баҳона, болаларга атиги ана шу бир кунда берилиши кўзланган байрам таомлари тоғдай йиғилади, моллар сўйилиб, ундан ортган гўшт, ёғ, қути ва яшикларга жойланган турли қандолатлар машина юкхоналарига ортилиб, маълум кишиларнинг холодильниклари ва дастурхонларидан жой олади. Бу юртда етимлар туфайли ҳам бойиш анъанаси бор.
Ҳокимиятлар қошидаги “Меҳр-шафқат”, “Наврўз”, “Камолот”, “Ниҳол”, “Саҳоват” “Булбулча” каби номлари фалон жамғармалар ҳамда ҳокимият раҳбарларининг корхона, ташкилот, муассаса ва айниқса ҳудуддаги кўплаб бозорлари олдиндан рўйхатга туширилиб оғзаки буйруқлар билан бу кун даромад йиғиш кунига айлантирилган.
Демак бу кунни нафақат етимхонадаги етимлар, ҳаётнинг завқли онларини яшаб юрган ҳокимиятдаги амалдорлар ҳам ҳаяжон билан кутади. Танганинг орқасига ва ҳақиқий ҳаётга қарасангиз тамомила аянчли ва даҳшатли манзарани кузатиш мумкин. Масалан президент Каримов томонидан ардоқланаётган ва ҳар вилоятда бармоқ билан санарли болалар уйидаги ўртача
70-80 болага кўрсатилаётган бир кунлик дабдаба ва ғамхўрликлардан бутун республикадаги беш миллиондан ортиқ болаларнинг оч ва юпун ҳолатига сариқ чақалик фойдаси тегмайди. Бундай сохта амалга оширилаётган ёлғон сиёсат Ўзбекистон ҳукуматининг асосий моҳиятини ташкил этади. Масалан қарияларга, аёллар ва ногиронларга,
кўзи ожизлар ва меҳнат ҳамда уруш фаҳрийларига кўрсатилаётган қалбаки “ёрдамлар”лари қанчалар карнай-сурнай қилинсада, алданган халқнинг қулоғига танбур чертишдай гап бўлиб қолган. Айнан шу кун оталари туҳматлардан қамоқларда азоб чекишга, миллиондан ортиқ тирик етимчаларнинг ота-оналари иш излаб узоқ юртларга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар.
Мамлакат ичкарисидаги четга чиқишга пул тополмаган ота-оналар эса оладиган зиғирча маошга болаларига кийим-кечакни олиш у ёқда турсин, зўрға қора нон ва шакарсиз чой билан кун кўришга мажбур. Умуман республикадаги минглаб оилалардаги миллионлаб болаларнинг аҳволи жуда оғир,
улар тўймаслик ва калориясиз сифати паст овқатлар билан озиқланиш натижасида анимия, туберкулёз ҳамда бошқа юқумли ва ошқозон-ичак хасталикларига чалинмоқда. Энди жаҳон жамоатчилигининг диққат эътиборини тортаётган Ўзбекистондаги болаларнинг мажбурий меҳнатга тортилиш сабабларига келсак, бу тўғрида жим қолишнинг ўзини жиноят деб айтиш мумкин.
Ўзбекистонда болаларнинг (мактаб ўқувчилари ва талабаларни ҳисобга олмаганда) мажбуран пахта далаларига олиб чиқилиши одатий ҳолга айланган. Ҳатто ўртаҳол мамлакатлар жамоатчилиги бу одатни ақлга сиғмас даражадаги зўравонлик деб қабул қилди. Жаҳондаги кўзга кўринган корхона ва компаниялар болалар қўли теккан ўзбек пахтасини сотиб олишни байкот қилдилар.
Англияда бошланган бу ташаббусига ўтган йили Европанинг бошқа давлатларидаги компанияларнинг ҳам қўшилиши ундаги инсонларнинг юксак маданияти ва ориятидан далолат беради. Бизда афтидан на маданият ва на орият бор. Аммо болалар кунида бироз чўнтакни тўлдириб олиш анъанаси бор, амалдорнинг боласини етимлар ҳақига семиртириш баробарида даладан олиб қолиш урфи бор, ана шу афтидан бизнинг олий ютуғимиз…
Ёдгор Турлибеков.



