Кундалик янгиликлар, Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа давлатларида бўлаётган ўзгаришлар ҳаммани қизиқтирса керак. Шу тариқа мен ҳам ҳар куни Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситаларини, радио ва телевиденияда бўлаётган кўрсатувларни ҳамда интернет сайтларини мунтазам кузатиб бораман. Яқинда Россия телеканалининг “Вести” ахборот дастурида Тула вилоятининг Ефремов шаҳрида 15 ёшар Екатерина Артемованинг фарзанд кўргани, шундан сўнг Катя ва Евгенийлар “ЗАГС”дан рўйхатдан ўтганлиги,
Катя болағат ёшига етмасада, бунга маҳалий ҳокимият рухсат берганлиги, лекин тўйдан сўнг куёв бўлмиш Евгенийнинг устидан маҳалий прокуратура жиноий иш қўзғаб, уни 3 йилга қамагани ҳақида ахборот тарқатишди. Орадан 2 кун ўтар-ўтмас “ДТВ” телеканалининг “ЧП” (Черезвечайный положение) дастурида шу воқеага бағишлаб алоҳида кўрсатув тайёрлашди.
Куни кеча эса “Пусть говорят” теле-шоу дастурининг бошловчиси Андрей Малахов Екатерина Артемова ва унинг қариндош уруғларини ўз кўрсатувига таклиф қилиб, Евгенийнинг фавқулотда қамалишини Россия Давлат Думаси депутати ва мутахасислар ўртасида муҳокама қилиб, Ефремов шаҳар прокуратурасининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатини бутун дунё бўйлаб тарқатди.
Бу билан Россиялик журналистлар ўзларининг ҳозиржавоблигини, адолатпарварлигини, ким бўлишидан қатъий назар инсон ҳуқуқи бузилдими ёки ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилдими ҳақиқатни қарор топтириш учун ҳаракат қилаётганини намойиш этишди. Умуман Россиянинг “Вести”, “Новости”, “Время” ва бошқа инфармацион дастурларини кузатган киши
Россия Президенти В.Медведовнинг халқи учун ҳақиқий хизмат қилаётганининг гувоҳи бўлади. Нафақат Президент Вице-президент В.Путиннинг ҳам россия давлати ва халқи учун жонини жабборга бериб меҳнат қилаётганини кузатиш мумкин. Газ таъминоти дейсизми, тиббиёт дейсизми, ижтимоий таъминот ва спорт масалалари дейсизми, Европа иттифоқи вакиллари билан учрашув,
Олий ўқув юрти талабалари дейсизми, хуллас Россия Давлатини ижтимоий-иқтисодий ривожланишда Президент В.Медведовнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Буни россиялик журналистлар ҳаққоний ёритмоқдалар. Хўш, бу борада Ўзбекистонлик журналистлар нима каромат кўрсатишмоқда? Қайси бир журналист маҳаллий газета ва журналда бўлсин ёки телерадиокомпанияда бўлсин ноҳақ қамалган,
ҳуқуқи бузилган инсон тўғрисида мақола ёзди ёки кўрсатув уюштирди? Ёки Ўзбекистонда ноҳақ қамалган инсонлар йўқми? Бор албатта. Бўлганда ҳам 80 фоиз аҳоли ноҳақ турмада ётибди. Ички ишлар ва прокуратура органларининг терговчилари жиноят ишини вақтида ёпиш учун судьялар билан ўзаро келишиб айбланувчининг айби ашёвий далиллар билан исботланадими-исботланмайдими қатъий назар орқасида ҳеч кими йўқ инсонларни қамаш бугунги кунда одатий ҳолга айланди.
Буни ҳаммамиз биламиз, лекин нимагадир бунга қарши курашишни истамаймиз? Нима учун? Андрей Малаховнинг “Пусть говорят” кўрсатувида қатнашган Россия Давлат Думаси депутати адолатни қарор топтиришда ваъда берди. Бизнинг депутатларимиз-чи? Қонун қабул қилишдан нарига ўтишмайди. Қабул қилинаётган қонунлар терговчи, прокурор, суд органи ходимлари томонидан хоҳлаганча топталиб, бузилаверса, кимга керак улар қабул қилган қонунлар?!
Ўзбекистон телеканалларидаги “Ахборот”, “Таҳлилнома”, “Давр” “Янгиликлар” каби информацион дастурларни кузатсангиз Президент И.Каримовни мақташдан нарига ўтишмайди. Янгиликларни Президент номи билан бошлаб, яна Президент номи билан тугатади. Улар тарқатаётган янгиликлар халқни умуман қизиқтирмайди. Фақат давлат ташкилотлари раҳбарлари учун кўрсатувлар тайёрланаётгани шундоқ сюжетдан билиниб туради.
Наҳотки, Ўзбекистонда мустақил фикрлайдиган, ўзининг ақл-заковати билан мақола ёки кўрсатув тайёрлайдиган март журналист топилмаса?! Ахир журналист биринчи ўринда ким учун хизмат қилади, кимларга Ўзбекистонда бўлаётган ҳаққоний янгиликларни тарқатади? Албатта халққа-да! Халқ бой бўлса, давлат бой бўлади. Ўзбекистонда давлат бойю, халқ қашшоқ эканлигини бутун дунё билади.
“Касалингни яширсанг, истимаси ошкор қилади” деган нақл бекорга айтилмаган. Назаримда Ўзбекистонлик журналистлар аллақачон “Оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутишга ўтиб олган кўринади. Ўзбекистон Ҳукумати вакиллари ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида турли хил ҳақ, ноҳақ маълумотлар тарқатилмоқда.
Нима учун Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотларининг матбуот маркази ходимлари бу масалада сукут сақламоқдалар. Ким уларнинг оғзини ёпиб, қўлини боғлаб қўйибди? Президент аппаратида ўтирган мутасадди раҳбарларми ёки бош муҳаррирларми? Цензура Ўзбекистонда йўқ бўлганига анча бўлди-ку! Биз гапни бекорга россиялик журналистларнинг ҳозиржавоб,
адолатпарвар ва ҳақиқат учун ҳеч нарсадан қўрқмасдан вақтида кураша олишидан бошламадик. Чунки, биз ҳам Ўзбек журналистларининг россиялик ҳамкасблари каби мард, жасур, адолат учун керак бўлса жонини беришга тайёр турадиган журналист сиймосида кўришни хоҳлаймиз. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашадиган вақт етиб келди. Уйғон ўзбек журналисти, ғафлатда қолма!
Раҳмон Берди.



