Бугунги кунда касб танлаш арафасида турган мактаб ўқувчиларидан “Катта бўлсанг ким бўласан? – деб сўрасангиз 90 фоиз ўқувчилар бир овоздан “Милиционер бўламан”- деб жавоб беришади. Тўғрида, нима қилади бошини оғритиб? Хат-саводи бўлмасада милицияга ишга кириб форма кийиб, гувоҳнома олса бўлди. Бу ёғига пичоғи мой устида бўлади.
Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган мутассади раҳбарларнинг ҳатти-ҳаракатига ҳам ҳайрон, тўғрироғи “қойил” қоласан. Бунчалик саводсизларни қаердан, қандай қилиб топишади? Менинг фикримча танлов асосида танлаб олишса керак. Ҳа, ҳа, танлаганда ҳам ота-онасининг чўнтагини “қоқиб-қоқиб” танлашади-да, шаввозлар! Шунинг учун ҳам уларни “Милиция тўғрисидаги Низом” борми-йўқми қизиқтирмайди.
Милицияда ишлайдиган барча терговчиларнинг: “Ўзингни оқлайдиган далил-исботинг борми-йўқми мени қизиқтирмайди. Қўлингдан келса айбсизлигингни исботла, лекин мен бари бир ўз билганимдан қолмайман!” деган бир ажойиб шиори бор. Биз ҳам уларнинг шиоридан фарқи ўлароқ, ёзганларимизни осмондан олиб эмас, ашёвий далилларга таяниб ёзишга ҳаракат қиламиз.
Биламизки, бу ёзганларимиз на Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирини, на Президент аппаратидаги мутассади раҳбарларни қизиқтиради. Шундай бўлса-да, биз яқин кунларда бўлиб ўтган воқеаларни ёзишда давом этамиз. Бир тижоратчи дўстим бор. Исми Маъмуржон. Ўзи яхши киши-ю, лекин сал мақтанчоқроқ. Бўлар бўлмасга мақтанаверади. Бир ёмон одати бор.
Машинасини маст бўлса ҳам бошқараверади. Яқинда учрашиб қолдик. Мақтанишни бошлаб юборди. -Кеча ошна-оғайинлар билан самоварда “қиттак-қиттак” олиб мазза қилиб ўтирдик. Кечга томон аста-секин уйга кетаётсам Катта халқа йўлида Шимолий темир йўл вокзалига етмасдан “Бўрилар” “радар” ушлаб турган экан. Таёқчасини кўтарди. Тўхтадим. Ҳужжатларни сўради бердим.
Ичганмисиз? деди. Командир, узр, ошна-оғайинлар билан азгина ичгандик, – дедим. Биласанми, зўр бола экан! Учта вариант бор, Маъмуржон ака, деди худди Олий математика курсида дарс бераётган домладай. Биринчиси, 50 грамм шампан виноси ичганман деб тилхат ёзиб берасиз. Ҳайдовчилик гувоҳномангизни олиб қоламиз. Машинангизни миниб кетаверасиз.
Иккинчи варианти, сержант жиддийлашди. Агар тилхат ёзишдан бош тортсангиз сизни тиббий экспертга олиб бориб ичганингизни ашёвий далиллар билан аниқлаб, сўнг далолатнома тузамиз, ҳайдовчилик гувоҳномангизни судга оширамиз ва машинангизни жарима майдончасига топширамиз. Ҳафсалам пир бўлиб учинчи варианти қанақа? деб сўрадим.
Учинчи варианти, деб “профессор” лексиясини овозини пастлатиб давом эттирди. Биласиз, ичиб қоидани бузган ҳайдовчи катта миқдорда жарима тўлайди. Шу жариманинг атига 50 фоизини бизга тўлайсиз, вассалом. Эй, командир бормисиз, шу вариантдан бошламайсизми? деб қичқириб юборибман. Бўлмаса, “ҳужжат”ларингизни олиб, орқада турган “Жигули”га бориб ўтиринг.
Тушундим командир, тушундим. Машинам бардачегидан 100 минг сўмни олдимда “Жигули”нинг орқа ўриндиғига ўтирдим. Кабинанинг олдинги ўриндиғида ўтирган катта лейтинант: “Қўлингиздагини полга ташланг” деди. Ташладим. Ҳаммаси тўғрими? – полга ишора қилиб сўради офицер. Келишганимиздек, 100 минг… Офицер ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтариб берди-да, кетишингиз мумкин, деди.
Машинадан тушиб кетаётсам, ҳалиги сержант бошқа бир ҳайдовчига ўзининг “лексия”сини тушунтираётганди. Қоидани бузган ҳайдовчи “закончи” эканми, сержантнинг гапига кўнмади. Сержант менга қараб: “Ҳамма ҳам сизга ўхшаган тушунадиган одам эмас экан. Кўнмаяпти, энди ўзидан кўрсин” – деб мен билан худди қариндошлардек хайрлашди.
“Правам”ни олдириб қўйган тақдиримда ҳам “Глинка”да маъмурий-хўжалик бўлими бошлиғи ўзимизнинг “акахонимиз” бўлади. Ўзимиздан. Қибрайда данғиллама участкаси бор. Биринчи бор ичиб “правам”ни олдирганимда бир оғайним у киши билан таништириб қўйган эди. Бир соатга бормай “правам”ни олиб чиқиб беришди. “Салом-аликдан” сўнг,
“Ака, мана танишиб ҳам олдик. Энди унда-бунда олдингизга келиб турамизда” десам, “Сизга бир маслаҳат, ичиб тушдингизми, “иш”ни жойида ҳал қилинг” дейди. Мен “Салом-алик”ни нима қиламан бегона қилиб” десам, “От айланиб қозиғини топади. “Салом-алигингиз” қаёққа ҳам борарди, аста-секин оқиб шу ерга келади” дейди. Тўғён ака икки-уч йил олдин тўй қилди.
О, у тўйни кўрганингда оғзинг очиларди. Шунда билдим йўлдаги таёқ кўтарган милиционерларнинг бизлардан олгани қаёққа боришини. Мен ҳам 100 доллар тўёна қилдим. Ҳар қалай ёрдами тегиб турибди-ку! Мелицаларнинг тўёна бераман деб навбат кутиб турганини кўрсанг эди! Ана ҳаёт, мана ҳаёт! Сен ҳам юрибсан-да, бу дунёда яшаяпман, – деб.
Лекин ҳалиги шофёрга ачинаяпман. Ҳозир чопиб юргандир машинасини жарима майдончасидан олиб чиқаман деб. Майли, оғайни ман кетдим, шошиб турибман. Дўстим кетди. Яхши-ям шошиб турган экан. Бўлмаса, билмадим кечгача гапирармиди. Ўзи бола-чақасининг рисқини “ДАН” ходимига қўш-қўллаб берганига ачинмаяпи-ю, яна ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган ҳайдовчига раҳми келаяпти.
Наҳотки, бу дунё пул, бойлик, таниш-билиш билан ўлчанмаслигини, виждонини, иймонини пулга сотганлар охир-оқибатда албатта жавоб беражагини ўйламаса.
Раҳмон Берди.



