Ўзбекистонда мактаблар аҳволи

”Ўзбекистон болаларининг келажаги қандай бўлар экан билмадиму, лекин бугунги куни жуда аянчли”- дейди Ҳамза туманидаги 230- мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси.”Ўзингиз ўйлаб кўринг,- дея давом этади аёл, 2008- йилнинг ноябрь ойидан бери мактаб коллективи ва ота- оналар қўмитаси мурожат қилмаган жойимиз қолмади. МХКга ёздик, Спорт Қўмитасига ёздик, ҳатто Президентга шикоят йўлладик.

Лекин ҳамма шикоятимиз жавобсиз қолди. Наҳотки Ўзбекистонда адолатсизлик кундалик нормага айланган бўлса? “ҳамма яхши нарсалар болаларга” дейишадию аслида болаларнинг яхши нарсаларини тортиб олишади. Бизнинг бошимиздан ўтаётган воқеалар шунинг исботи.” Бу аёл бизга тақдим этган ҳужжатларга кўра 230- мактаб ҳудудининг қонуний қисми бўлган

футбол майдонини туман ҳокимияти “ахлатхона” деб расмийлаштириб “янгиўзбеклар” дан бирига(эски ўзбеклар учун мактаб муқаддас даргоҳ ҳисобланган ва ҳеч қачон уни “ахлатхона” деб сотишни хаёлига келтирмаган.) уй-жой қурулиши учун ажратиб берган. Ҳокимиятнинг бу ўғирлиги, янги ўзбекнинг қароқчилиги 2008- йилнинг июнь ойида чиқарилган 541- буйруқ билан тасдиқланган.

Бу ноҳақликга қарши чора излаган мактаб жамосининг, мактаб ўқувчиларининг ва ота-оналарнинг додига ҳеч ким қулоқ тутгани йўқ . Бугун мактаб ҳудудида ишлар қизғин кетмоқда – уй-жой қурулишига керакли материалларни етказиб турувчи юк машиналари учун йўл ҳозирлаш ишлари бошлаб юборилган. Демак 541- буйруқ ҳамон ўз кучида… Ўзбекда бир мақол бор- шармандага шаҳар кенг-деган. Наҳотки ҳокимиятли шармандаларга улар учун кенг шаҳарда мактабдан бошқа жой топилмаган бўлса.

«Бирдамлик» ҳаракатининг Тошкент шаҳар матбуот маркази.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares