Шу кунларда Сирдарё вилоятида қайга назар ташламанг ҳамма ерда халқ хашари, ободонлаштириш ишлари авж олган. Биров йўл четига гул экса, бошқа бировлар эски томларни шпаклёвка қилиш билан овора, чунки саноқли кунлардан сўнг вилоятда “Умид ниҳоллари 2009 -йил” спорт ўйинлари очилади. Хуллас тайёргарлик қизғин паллада, буларнинг барчаси
Гулистон шаҳар марказига олиб борувчи асосий магистрал бўйлаб то шаҳар стадионига қадар кузатилмоқда. Аммо шаҳар четида, четида ҳам эмас, шаҳарнинг иккинчи қисми яъни, аҳоли зич бўлган “Фарҳод”, “Муқимий” ва “Маданият” номли маҳаллаларга бундай юмушлар етиб келмаган. Чунки раҳбарларнинг бу томонга ўтишига вақтлари йўқ, ҳамма банд.
Энг қизиғи шундаки, давлатнинг 2,5 миллиард сўм маблағига қурилган “Академик лицей”, 1,5 миллиард сўмга барпо қилинган “Санъат колежи”га кириб келишга ҳеч кимнинг юраги бетламайди. Зеро “етим қўзи”дай бошқа иншоотлардан ажралиб қолган бу масканларга кириш учун катта магистралдан бир километр ичкарига кириш зарур,
боз устига бу ишоотлар томон бир марта юриш қилган раҳбарларнинг хизмат машиналари бир ой таъмир талаб бўлиб ётади. Ҳа, бу масканлар сари олиб келадиган йўл энг долзарб муаммо. Ўз вақтида зўр шижоат билан иншоотлар тикланиб фойдаланишга топширилдию лекин йўлни ҳеч ким ўйлади. Қани эди, “Наштар” бўлсаю таълим масканларида билим олаётган ўқувчилар номидан масъул раҳбарларнинг
“юмшоқ” жойларига санчиб-санчиб олинса, балким давлат келажак авлодни ўйлаб, муносиб инсонлар бўлиб етишишларига умид қилинаётган кейинги авлод олдидаги масъулиятни сезишлари учун туртки бўлармиди. Ўйинлар муносабати билан вилоятимизга ташриф буюрган меҳмонлар бажарилган ишларни кўриб, кўзлари қувониб, ўзларини гўё тўйга келгандек хис қилган ҳолда яхши кайфият билан қайтар чоғи адашиб, ўша учта маҳалла кўчаларига кириб қолишса борми?..
Бир тарафдан ёмон бўлмас эди, майли меҳмонлар кўчаларимизнинг ўнқир-чўнқиридан асабийлашсин, майли уларнинг ҳам машиналари бирор ой таъмир талаб бўлиб ётсин, аммо балким, шу кўргуликлар эвазига кўчалар асфальтланиб, ўқувчи ёшларнинг кўнгиллари бироз бўлсада кўтарилиб қолармиди…
Чакан бургути.



