“Озодлик” радиосига қарши бойкотни тиклаймиз!

Билдириш

“Бирдамлик” Ҳаракати “Озодлик” радиоси биносидан тарқатилган иғво хати юзасидан ўз норозилигини билдиради. Бир гуруҳ ўзбек мухолифати фаоллари томонидан “Озодлик” радиосига эълон қилинган бойкотдан сўнг тарқатилган бу хатда Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳдан ташқари барча мухолиф гуруҳлар камситилган, ҳақоратланган ва уларга нисбатан очиқдан очиқ туҳмат уюштирилган. Гарчанд бу хат мухолифат вакили Анвар Каримов номидан ёзилган бўлсада, аслида уни бу каби иғвога алоқаси йўқлиги тасдиқланди. Компютернинг сирли рақамлари – IP коди -193-111-133-82 рақамлар бу хат rferl – “Озодлик” радиосидан тарқатилганини ошкор қилиб турибди. “Озодлик”нинг бошқа бўлимлари мухбирлари ўзбекча ёза олмаслигини инобатга олсак, ушбу хат радионинг Прагадаги офиси ўзбек бўлимидан чиққанлиги аниқлашади.

Биз бу хатни ўзбек мухолифатига, хусусан, “Бирдамлик” ҳаракатига қилинган ҳақорат ва туҳмат деб қабул қиламиз. “Озодлик” радиоси раҳбариятидан ушбу масалага ойдинлик киритилиши ва мазкур хат қайси мухбирнинг компютеридан тарқатилганини аниқлаб, унга нисбатан жазо берилишини талаб қиламиз. Айнан шу сабабли “Озодлик” радиосини бойкот қилишни қайтадан давом эттиришни бошлаганимизни маълум қиламиз.

Биз бундан кейин ўзбек мухолифати вакиллари учун ягона минбар бўлган “Озодлик” радиоси олдига ўз қатъий талабларимизни қўйишга қарор қилдик. Радиода тарафкашлик, бирёқламалик давом этар экан, бу ҳолатда ўзбек мухолифати, жумладан “Бирдамлик” ҳаракати ўз олдига қўйган мақсадларни тўла бажара олмаслиги аён. Шу сабабли радиодан мухолифатдаги барча партия ва ҳаракатлар учун ҳар куни 10 дақиқалик вақт ажратиб берилишини талаб қиламиз. “Мухолифат минбари” деб номланган эшиттириш орқали ўзбек мухолифати вакиллари, жумладан “Бирдамлик” ҳаракати демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга ошираётган ишларини ўзбек халқига етказиш имкониятига эга бўлади.

Биз бу 10 дақиқалик эшиттиришни ўзимиз мустақил журналистлар иштирокида тайёрлаб “Озодлик” радиоси орқали эшиттирамиз. Бунинг учун имкониятимиз етарли. Мақсадимиз “Озодлик”ни бизга нисбатан ноҳақлигини бутунлай тўхтатиш ва ака – ука Бобожоновлар ташаббуси билан радио минбаридан маҳрум қилинган мухолифат фаолларини овозини яна халққа етказиш. Биз адолат тикланишини истаймиз ва албатта бу эзгу йўлдаги курашимизни охиригача давом эттирамиз. Ўзбекистондаги диктатурага қарши курашар эканмиз, аввалом бор демократик давлатлар, “Озодлик” радиосида ин қуриб олган кичик диктатор гуруҳларга қарши курашишимиз шартдир.

“Бирдамлик” ҳаракати барча мухолифат фаолларини ва эркин фикрли инсонларни “Озодлик” радиоси томонидан уюштирилган иғво хатга ўз муносабатларини билдиришга ва мухолифат учун ҳар куни 10 дақиқалик эфир вақтини қўлга киритиш учун ҳамкорликка чақиради.

Бу талаблар бажарилмаса “Бирдамлик” ҳаракатини раҳбарияти Вашингтон ДС шаҳридаги АҚШ Конгресси, Оқ уй Маъмурияти ва “Озодлик”ни АҚШдаги бош қароргоҳи олдида тўхтовсиз очлик амалиётларини ўтказишга тайёр эканлигини билдиради. “Бирдамлик” ҳаракатини Европа бўлими эса “Озодлик”ни Прага офиси олдида норозилик акцияларини бошлайди. Биз бошқа мухолиф гуруҳ вакиллари ҳамда сўз ва матбуот эркинлиги учун қайғурадиган барча юртдошларимизни ушбу норозилик акциясига қўшилишга даъват этамиз.

“Бирдамлик” Ҳаракати.
20 май, 2009 йил, Вашингтон.

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares