Фарғонада ана шундай гаплар

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги фермер хўжаликларинининг қўшиб юборилишидан норози бўлган бир неча фермерлар туман ҳокимига мурожаат билан чиқишди. Аммо ҳоким уларнинг эътирозларига жавобан, “қаёққа борсанглар бораверинглар, мен ҳеч кимдан қўрқмайман”, деб дағдаға қилган ва ҳокимиятдаги навбатчи милиционерга фермерларни ҳокимият худудидан ҳайдаб чиқаришни буюрган.

***

Фарғона Политехника институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Абдулҳамид Мирзаев институт биносининг бешинчи қаватидан ўзини пастга отди. Воқеа жойига чақиртирилган “тез ёрдам” машинаси проректорни шифохонага олиб кетар пайт у ҳаётдан кўз юмган. Абдулҳамид Мирзаевнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари ўрганилмоқда.

***

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ш. Иброҳимов Фарҳод исмли шахс орқали, бошқа бир кимсани Фарғона футбол мактабининг директори лавозимига тайинлаш учун 2000 АҚШ доллари миқдорида пора сўраган. Айтилган миқдордаги пулни қабул қилар пайт Ш. Иброҳимов вилоят миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Қизиғи шундаки, футбол мактабининг аввалги директори ҳам айнан порани қабул қилиб олиш пайти ҳибсга олинганди.

“Бирдамлик” ҳаракати Фарғона вилояти матубот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares