“Янгисини қурмай эскисини бузма” деган сўз Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга тегишли. Албатта, президент бу сўзни айтганида системани сақлаб қолишни назарда тутган бўлсада, аммо уни кўпчилик тўғри маънода ҳам қабул қилди. Айниқса шу кунларда Қашқадарёликлар “янгиси қурилмай туриб эскиси” сифатида бузилаётган уйларга қараб
Ислом Каримовнинг ўша пурмаъно сўзини ёдга олаётган бўлишса ажаб эмас.
Вилоятда шу кунларда “ноқонуний қурилмалар”, деб аталаётган бино ва бошқа шу каби кичик иншоотларни бузиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Аҳоли ўз тирикчилиги учун қурган савдо дўконлари борми, нонвохоналарми ҳаттоки, кўп қаватли турар-жой бинолари атрофида қурилган ҳожатхоналар, тандирхоналар ҳам бузиб ташланди.
Аслида ана шу кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар коммунал хизмат тизими, сув таъминоти ва ҳаттоки оддий канализация тармоқларидаги тузалмай келаётган муаммолар туфайли ўзларига зарур бўлган шароитни яратишга мажбур бўлганликлари асло инобатга олинмаяпти. Қаршиликлар бу муаммолар маҳалла ва ширкатларнинг ўз ишларига маьсулиятсиз бўлгани туфайли юзага келган, деб билмоқда.
Совет даврида қурилган аксар бинолар фақат ташқи томонидан таъмирланиб, “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” ҳолатига келиб қолган. Биноларнинг айни кўринишдаги сифати бирор инстанция назоратчилари ҳисобига тушмаган ҳам. Вилоят ва шаҳар ҳокимиликларига аҳоли томонидан узлуксиз аризалар келмоқда, аммо натижа қандай бўлиши ҳозирданоқ аёндек. Аҳоли талаби афтидан инобатга олинмайди!
Гулшан Қораева.Қарши.ш



