
“Ким бир кунда ўттиз сотих ердаги буғдойни ўрса, мукофотга битта нон берилади”. Тушда колхоз раиси Саримсоқ ака шуни эълон қилди. Кечқурун ҳар бир қизга ўттиз сотихдан майдон ажратилди. Шарофат ўзига берилган ерга термуларкан, ўйланиб қолди. Қуёш ботса ҳам ҳали қоронғилик тушмаган, кундуги иссиқ қайтиб, роҳатбахш енгил шабада эса бошлаган эди.
Бир кунда ўттиз сотих ўриш керак. Ўшанда битта нон беришади. – Буғдой нон! Буғдой нон жуда ширин бўлса керак, кўпдан бери таъмини тотмади. Йўқ-да, йўқ бўлгандан кейин нима қила оларди? Албатта ўради. Қандай бўлмасин, ўриши керак, кейин унга мукофотга битта нон беришади. Шарофат нонни дарров уйга олиб боради. Укаси касал, у анчадан бери нон бетини кўрмаган…
Тандирлари ўт ёқилмаганидан нураяпти. Кейинги кунларда тандирни тўлдириб нон ёпиш Шарофатнинг энг ширин орзуларидан бирига айланган. Унлари кўп бўлсап… нон ёпаверса, ёпаверса,.. иссиқ-иссиқ,… лўппи-лўппи,… қип-қизил. Тандирдан олганда қўлни куйдирса… Онаси ҳар куни эрталаб маккахўхори унидан атала қилади. Тўқ тутармиш. Ёлғон, қаёқда?! Ишлаб бошлагандан сал ўтмай, қорни та-талаб бошлайди.
Онаси эса унни яширгани яширган. Кечқурун ҳеч нарса бермайди. Ухланглар, очликни уйқу кўтаради, дейди. Ўрганиб қолишган. Қиш чиқишда жуда қийналишди. Кейин тут пишди, бошқамевалар… Ўшалардан тўйгунча еб, ётаверишади. Бари бир, ҳар қандай нарсани нон билан қўшиб емаса, дарров кўнгилга ураркан. Шарофат буғдойзор орасидаги ёлғизоёқ йўл билан уйига жўнади.
Кўнгли нохуш тортди. Отаси ўтган йили, урушнинг биринчи кунлариданоқ урушга сафарбар қилинган, қишга етмай, қора хат олишга ҳам улгуришган эди. Укасининг бадани шишиб кетган. Ўзи аввалдан касалманд эди. Раис Саримсоқ ака уриб, баттар қилди. Укасини аяб, ишга юборишмаган эди. Ҳовлида юрганини кўриб қолибдию, отда бостириб бориб, қамчи билан савалабди.
Кейин чирқиратиб, далага ҳайдабди. Шарофат қараса, укаси додлаб пилдираб келяпти. Орқада онаси етолмайди. Укаси ортига қайрилмоқчи бўлса, от устида Саримсоқ ака қамчинини ҳаволатади. Ишлаётганлар тақа-тақ тўхтаб қолишди. Шарофатнинг кўзларига ёш қалқиб, югурганча етиб, укасини бағрига босди. Қоч деяпман, қоч! – раис кўзлари қонга тўлиб бақирарди.
– Ҳамма ишлаётганда биқиниб, ўйнаб юришни мен бунга кўрсатиб қўяман. Яна “онангни…” деб сўкади. Урганингиздан кейин сўкади-да! – етиб келган онаси ҳам ўғлини қучоқлаб, Саримсоққа ўгирилди. – Битта етимчага кучингиз етдими? Отаси бўлганда ҳозир ургани қўймасди. Хонаси куйсин урушини! Отагинаси бўлганда бунақа қилиб уролмасдингиз! Етимча дедингизми?
– Ҳеч кимга ҳисоб бермайман, дедингизми? Раис бўлиб, давлатнинг бари қўлингизга тегиб қолдими? – Онаси йиғлаётган ўғлини Шарофатга топшириб, атрофдагилардан бирининг
белкурагини олиб, раисга ҳужум қилди. – Ўзим раис, ўзим ҳукумат, дедингми? Мана сенга! Мана! Мана!!! – Белкурак икки марта раиснинг биқинига, тиззасига тегди. От ҳуркиб, ўзини ортга отганди, раис йиқилиб тушди. Онаси раисни аёвсиз калтаклайверди. Раис қўллари билан ҳимояланиб, калтак зарбидан дод солиб қочди. Онаси яна югуриб келганча, ўғлини бағрига босди.
Кўйлагини ечди. Қамчи зарби узун-узун из бўлиб, бадани қизариб чиққанди. Онаси раисни қарғаб, юм-юм йиғлади. Усмон деган бригадирлари бор эди, отаси баравар урушга кетиб, бир қўлидан ажраб қайтган. Ўша раисга қаттиқ гапирди:- Ҳароми экансан, раис, ёш болани ҳам шунақаурадими? Бу воқеа баҳорда бўлганди, укаси ҳамон касал. Шарофат қишлоққа яқинлашганда Жўранинг ҳовлисидан йиғи овози эшитилди.
“Наҳотки!? Наҳотки Жўра ҳам?!… – Шарофат қалтираб кетди. – Наҳотки Жўрадан ҳам қора хат келган бўлса?!” Шарофат Жўрага унаштирилганди. Тўй қилишга улгуришмади, урушга кетиб қолди. Энди эса тамом.. Жўра йўқ!.. Эртага кетамиз, деган куни оқшом Жўра уни чақирди. Ўшанда Шарофат ҳамма нарсага тайёр эди. Майли, ўпадими, бошқа қиладими, ҳаммасига рози.
Аммо Жўра софдил, содда йигит эди. Ҳатто қўлини теккизмади. Фақат: «Шарофат, мен кетяпман, кутасанми?», деб сўради. Шарофат «ҳа» демоқчи бўлдию, айтолмай, ерга қаради ва бошини тасдиқ ишорасида қимирлатди. Кейин Жўра: «Агар мен ўлиб кетсам, кейин билганингни қил, сендан розиман», дея, бурилиб кетиб қолди. Ўшанда Шарофат Жўра қўрқинчли гапларни оддий қилиб айтганидан ҳайрон бўлиб, қалт-қалт титраганча қолаверди.
Ўзининг қатъияти етишмади. Қани энди, елкасига бош қўйсаю, ҳўнг-ҳўнг йиғласа, «сиз ўлмайсиз, қайтиб келасиз», деса. Айтолмади. Шарофат Жўра билан тўйлари бўлишини шунақа хоҳларди, шунақаямхоҳлардики. …Айниқса, кечалари бешик тебратиб, алла айтишни жуда орзу қиларди. Энди бари савил қолди. Жўра йўқ, отаси йўқ, укаси касал. Битта нон учун эртадан кечгача ишлаяпти.
Биттагина нон учун! У ҳам топшириқни бажарганга бор. Бажармаганнинг куни яна жўхори аталага қолади! Шарофат бор аламини ишдан олишга қарор қилгандай, тонг қоронғисида, ҳали ҳеч ким ўрнидан турмаган, қишлоқ уйғонмаган пайтдаёқ ўроғини олиб, далага чиқди. Тўхтамасдан ўришни ўйларди, ўраверса, ўраверса…У ҳеч кимга гапирмаса, ҳеч ким унга гапирмаса…
У ҳеч кимни ўйламаса, ҳеч кимуни ўйламаса… Ҳеч ким уни ишдан тўхтатмаса, халақит бермаса. Мияси бўм-бўш қовоққа ўхшарди. Дунёнинг ҳамма ташвишлари: Жўра, отаси, онаси, укаси, қайғу-ғамлари, ҳасратлари Шарофатдан узоқлашгандай. Олис-олисда, савлат тўкиб турган тоғдан ҳам нарида, кўзга кўринмайдиган олис денгизларнинг кўзга кўринмайдиган нариги қирғоқларида қолиб кетгандай.
Гўё бу кўргуликлар уни заррача ташвишлантирмасди. Гўё Шарофат дунёнинг адоқсиз ташвишларидан қўлини ювиб, қўлтиғига ургану, ҳиссиз, мақсадсиз, буғдойзор томон кетиб борарди. Шарофат карахт эди. Қаёққа боришининг фарқи йўқ – буғдойзоргами, дунёнинг нариги чеккасигами, урушгами, гўргами, ергами, бари бир, фақат қаергадир бориши керак. Айни пайтда борадиган жойи буғдойзор эди.
Қўлида ўроқ, кўзлари йўлдаю, ҳеч нарсани кўрмас, ўйламас, оёлари тагидаги кесакларга қоқилиб-суриниб, гандираклаганча, ўзига ажратилган майдонга борарди. Бу ерга ҳам онгсиз равишда, бу ишлар одат тусига айланиб қолгани учун бораётганди. Шу топда қизлардан биронтаси: «Кел, менга ёрдам бер, менга ҳам нон керак», деса, ҳеч ўйланмасдан ёрдам берарди.
Нимага ўз ишини қолдириб, бошқаларникига овора бўлиб юргани хаёлига келмасди. Унга ҳамма нарса бари бир эди. Фақат тирик жон бўлгани учун, юраги уриб тургани учун нимадир қилиши керак. Нимагалигининг эса фарқи йўқ. Энди Шарофат ўша битта ноннинг қанчалар кераклиги ҳақида бош қотирмас, укасининг касали ҳам унутилаёзган хотирадек, элас-элас ёдига тушарди.
Шунча кўргиликлари устига унинг елкасига оғир зарба тушган эди. Неча вақтлардан бери қалбида ардоқлаган, севинчига севинч қўшадиган энг буюк орзулари чилпарчин бўлганди. Шарофат ўн саккизга қадам қўйганди. У бутун меҳрини, сеҳрини, ўзлигини хаёлан бир кишига бағишлаганди. У – Жўра эди. Энди Жўра йўқ! Жўра ўлди. Шу кунгачаШарофат номаълум ва сирли, оҳанраболи ва қўрқинчли,
латофатли ва битмас-туганмас сеҳрларга бой орзулар оғушида руҳи тушмай, қийинчиликларни назар-писанд қилмай келарди. Шарофат кутиш бахтига ноил эди, олдинда умид бор эди. Уни ҳам кимдир кутаётганди, кимдир унинг умиди билан жангга кираётганди, душман билан олишаётганди, ўша умид у йиқилаётганда суяб қолгувчи устун эди. Энди устун йиқилди…
Ҳамма ёқ буғдойзор. Кўз илғамас томонларгача чўзилиб кетган. Ўртада бир қиз. Атроф қоронғи, ўроқдай ингичкалашган ой осмоннинг бир бурчагида ҳеч қанча ёруғлик беролмай, юзи сўлғин қизнинг ишини кузатарди. Шарофат қоронғиликка эътибор бермайди. Бари бир эмасми? Қолаверса, кундузи ўрганда ҳам ерга қараш шарт эмас. Бошоқни чап қўл тутамласа
бўлди, ўнг қўлдаги ўроқ керакли жойга бориб тушаверади. Шарофатнинг ўроғи буғдой поялари орасига жуда тез кириб чиқар, тез ўраётганини ўзи пайқамасди. У дунёдан ажраганди, дунё ундан ажраганди.. Ўроғини кўтариб келган Жўра Шарофат бир ўзи ишлаётганини кўриб, ҳайрон бўлди. Нимага бунча ҳовлиқади? Ҳали ҳеч ким далага чиқмаган-ку?! Эл қатори буғдой ўрса ҳам етади. Чарчаб қолмадимикан?
– Шуям ишми? – деди Шарофат илжайиб, буғдой ўримидан тўхтамай. – Ҳозир ишлаётгандай эмас, мен ўзимни худди булутлар орасида сузиб юргандай ҳис қиляпман. Агар билсангиз буғдой ўриш иш эмас, ҳордиқ чиқаришнинг ўзгинаси… – Шарофат яна гапирмоқчи эди, аммо ўзига тикилаётган Жўранинг нигоҳига бардош беролмай, бепарво бўлишга уриниб, ўришда давом этди.
Кишига ажойиб қараб қўяди-да, Жўра! Қарашларида қандайдир ҳарорат бор. Ундан доим Шарофатнинг ичи илигандай бўлади. Кучли меҳр бор, қувонтиради, синчковлик бор, уялтиради, жозибали сеҳр борки, ўйларини буткул ағдар-тўнтар қилиб юборади. Ҳозир Жўра худди ўшанақа қараш қилаётган эди. Ўзини сезмаганга олгач, Жўра ўроғини қўйиб, Шарофатни ёш болани ўйнатгандай, даст кўтариб олди.
Шарофат “вой” дедию, эрининг қилиғидан баттар хижолатга тушган бўлса-да, қандай қилиб, бўйнидан қўл ўтказганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Қўйинг, қўйиб юборинг, – деди Шарофат типирчилаб, лекин қўллари бўйнига янада маҳкамроқ чирмашди. – Вой, қўйиб юборсангизчи, буғдой ўришимиз керак, эсингиздан чиқдими? Бир кунда ўттиз сотих! Бунақа қилиб ўйнаб юрсак, кунлик топшириқни бажара олмаймиз!
Унда чақалоғимизга нима берамиз? “Чақалоғимиз” дегани Шарофатнинг ўзига таъсир қилиб, ҳаяжонли орзуларга берилди. Жўра ҳам беихтиёр тинчиб, хотинини секин ерга қўйди. Ўғилчамиз худди ўзингизга ўхшайди, – деди Шарофат пичирлаб. – Ўғлимиз улғайганда уруш бўлмайди. Биз уни Самарқандга ўқишга юборамиз. Кейин Барлоснинг энг чиройли, энг дуркун, энг ақлли қизини олиб берамиз, хўпми?
Икковлон бахтиёр жимиб қолишди. Энди, – деди Шарофат қатъий, – кўп эркалавермай, чегарангизга ўтинг-да, ўримга тушинг. Ўғлингизга буғдой нон олиб борамиз.“Ўғлингизга” сўзини бошқача оҳанг, бошқача ички ҳарорат билан айтдики, ўз сўзидан ўзи тўлқинланиб кетди. Бешикда беозор пишиллаб ухлаётган паҳлавондек чақалоғини кўз олдига келтириб, кулимсиради.
Шарофат эрининг қучоғидан чиқиб, ўримга тушди. Жўра эса шошилмасдан ўзига биркитилган майдонга ўтиб, аввал ўроғини бамайлихотир қайради. У доим шунақа қилади, эринмайди. Шарофатнинг бунга сабри чидамайди. Бир ишга киришгандан кейин одам тез-тез ишласа экан. Жўра эса, парво қилма, дегандай, очиқкўнгиллик билан, хушнуд кўз қисганди, Шарофат кулиб юборди.
Жўранинг жаҳлини чиқариш осон эмас. Ҳозир ҳам бемалол ўримга тушаркан, Шарофатга яна кулимсираб қўйди. Шарофат ҳам ўримга тушди. Қўллари пояда, кўзлари Жўрада бўлгани учун ўроғини бехосдан тошларга уриб олар, лекин эътибор бермас, эридан ортда қолмасликка ҳаракат қиларди.
Чунки ўзини Жўранинг мос жуфти ҳалоли деб ҳисоблар, буни уйда ҳам, далада ҳам исботлашга уринарди. Ўтмаслашиб қолган ўроқ поядан сирғалиб, бошоқ тутган қўлига урилдию, кафтининг чинчалоқ томонини кесиб кетди. Аввалига билинмади, кейин қаттиқ оғриқ турди. Шарофат кесилган жойни иккинчи қўли билан қисиб, қонни тўхтатишга уринди. Ҳар нима бўлганда ҳам кулгили ҳолатини эрига кўрсатишни истамасди.
Шарофатдек илғор ишчи учун қўлини кесиш – уят! Аммо қон яна оқавергандан кейин қўрқиб кетдию, “Жўра ака, тез келинг!” деб қичқириб юборди. Лекин Жўра уни мазахлагандай, бўйнини буриб, тилини бир чиқариб қўйди-да, хохолаб кулганча, ўришда давом этди. Зумўтмай хохолаш Шарофатнинг қулоғи тагида гумбурлаб эшитилди. Шарофат қаттиқ қўрқиб, ўзини четга отди.
Кулги жуда ваҳимали эди. Бир қулоғи тагидан эшитилса, бир узоқлашиб кетар, кейин акс-садо бўлиб, қайтадан гумбурларди. Аввалига аста-секин такрорланган бу ҳолат тобора тезлашиб, Шарофатни карахт қилиб ташлади. Жўра эса ёрдам бериш ўрнига бепарво бир ҳолатда ўрим билан машғул. Ҳар замонда ишшайиб қараб қўяди. Лекин энди тамом бошқача. Аввалги далдали, кишига қувонч бағишлайдиган хушнудлик эмас.
Нимага дарров ўзгариб қолди? Яна бир қараганда Шарофатнинг нигоҳи унинг кўзларига тушдию, даҳшатдан қотиб қолди. Жўранинг юзи оқарди, кўкарди, қизарди, кейин кўзлари алангаланди, бурнидан, оғзидан тутун бурқсиди. Гавдаси ҳам ўзгарди. Бадбашара махлус тусини олиб, қўлидаги ўроқни отиб юборди-да, Шарофат томонга югурди. Кўзларида олов ёнарди, кўзларидан, озғидан тутун буруқсарди.
Шарофат кўзларини чирт юмди. Махлуқ атрофида ирғишлаб юрганини сезар, жойидан қимирлай олмасди. Даҳшатли овоз шундай кучайиб кетдики, Шарофат бўйнини эгиб, қулоқларини беркитди. Кейин шовқин пасайди. Шарофат кўзларини очганда махлуқнинг ўрнида пайдо бўлган Саримсоқ раис важоҳат билан Шарофатга муштини ўқталганча, алланималарни бақирар, баъзи гаплари қулоғига элас-элас чалинарди:
“Мен нима қилсам Совет ҳукумати учун, ўртоқ Сталин учун қиляпман!… Совет давлатимизнинг содиқ посбониман. Қаерда бўл деса – ўша ерда бўламан! Қаерга бор деса – ўша ерга бораман! Шунинг учун мени колхоз…”, деб олдинга юрмоқчи бўлар, лекин қандайдир кўринмас куч уни тобора ортга судрарди. У мушт ўқталиб, нималарнидир бақирар, аммо энди овози етиб келмас, атроф худди сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолганди…
Қон ҳамон оқар, ушлаб туриш бефойдалигини сезган Шарофат ўроқчилар усулини қўллаб, жароҳатга майда тупроқ босди-да, бошидаги рўмолини олиб, танғиб боғлади. Салқин шабада эсиб, бадани жунжикди. Шундагина қаттиқ терлаганини ҳис қилди. Ҳозиргина хаёлида кўрган Жўрани, сўнгги ваҳималарни эслаб, кўнгли бузилди. Ўроқчи қизлар келганда Шарофат ҳамон шу ҳолатда ўтирар,
ҳатто дугоналарининг ҳайрон бўлиб, атрофида айланишаётганига аҳамият бермасди. Қизлар эрталабнинг ўзида Шарофат ўрган майдонни чамалаб, ёқа ушлашарди. Майдон баъзи қизлар кун бўйи ўрадиган меёрдан зиёд эди. Ниҳоят Шарофат лоқайд кўзларини қизларга тикди. Томоғи қуруқшаб кетган, жароҳатланган қўли чидаб бўлмас даражада оғриб, азоб берарди. Сув, – деди пичирлаб, – сув беринглар.
Сув тутишганда ютоқиб ича бошлади. Бечора! – деди қизлардан бири қаттиқ ачиниш билан. Бу сўз оҳиста, меҳрибонлик билан айтилди. Шу сабабли Шарофат тоқат қилолмади. Ичаётган суви бўғзига тиқилиб, йиғи билан қўшилиб, қайтиб отилиб чиқди. Карахтлик вақти ўтган, юрагидаги дардлари жунбушга келган эди. Дугоналари келиб, ёнига ўтиришди. Бири елкасини, бошини силади.
Шарофат чидамади. Ўкириб, ўзини дугонасининг қўйнига отди. Қизлар уни сўз билан овутишмади. Ўзларининг ҳам кўзларидан қуюлиб келаётган ёшларини артишиб, сукут сақлашди. Қизлар қайғулари билан бўлиб, Усмон бригадирнинг келганини пайқашмади. Бригадир ҳам аввал индамай турди, кейин шу ердалигини билдириш учун йўталди. Ишга тушиш керак эди. Қизлар тарқалишди.
Шарофат ўроғини олди. Энди чап қўлини яхши ишлатолмас, иши юришмасди. Бунинг устига ўроғи тошларга урилавериб, аллақачонлар ўтмаслашиб қолганини тушга яқин сезди. Кўп оғирлик тушгани туфайли ўнг кафти ҳам шилиниб кетибди. Ўроғини ўткирлаб, қайта ишга тушганда шилинган кафти ўроқни ушлаб бўлмас даражада азоб берар, қип-қизил гўштга айланган эди…
Кун сўнгида ғолибларга биттадан нон улашилди. Шарофатнинг номи айтилганда раиснинг кўзлари ола-кула бўлиб, юзи ўзгарди. Нимадир демоқчи бўлганди, бригадир Усмон ака унга ёмон қаради. Жудаям ёмон қаради. Саримсоқ раис дош беролмай, кўзлари бесаранжомланиб, нигоҳини олиб қочди. Нон иссиқ эди. Буюртма билан ҳозиргина ёптириб келишипти. Ҳиди бирам ёқимлики, ҳидлаб-ҳидлаб тўймайсан киши.
Оҳҳ!! Ейиш мазза бўлса керак. Нонни укасига олиб боради. Ишқилиб, тезроқ тузалиб кетсин. Буғдой нон ейдию, тузалмайдими? Шарофат иссиқ нонни кўксига босганча, уйига шошилди.
Абулқосим Мамарасулов.



