“БИРДАМЛИК” ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧОРЛОВЧИ ҚЎНҒИРОҚҚА ЖЎР БЎЛИШГА ЧАҚИРАДИ
Дунё бўйлаб инсоният камолига орзуманд диллар, эзгулик байроғи остида муштарак кўнгилларни бирдамликка чорловчи “Бирдамлик” ҳаракати серқуёш Ватанимиз узра сингган оммавий ҳуқуқсизлик, эрксизликка исён ўлароқ озодликка ошуфта кўнгилларни муштаракликка чорлайди. Зотан, инсоният тарихида зулм, қабоҳат ва қонунсизликка қарши прогрессив кучларнинг бирдамлигидан аъло малҳам йўқ.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тотал қашшоқлик, чуқур иқтисодий-сиёсий бўҳрон кишиларга ўзига хос пессемистик кайфиятни юқтирган экан, бу ҳолат ўрта асрларга хос феодал идора услубларини ўзлаштирган ҳукумат учун қўл келмоқда. Ана шу тушкун кайфият исканжасидан қутулмоқ, келажакка ишонч, жасур, ҳурриятпарвар бобокалонларимиз маънавий кўмагига ноил бўлмоғимиз учун ҳам бирдамлик зарур.
Бу борада шу йилнинг 13 мартида ташаббус билан чиққан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг саъй-ҳаракати, уни қўллаб қувватлаган ҳамфикрларимизнинг баёнотлари олқишга сазовор. “Бирдамлик” ҳаракати демократик мухолифатдаги сиёсий кучлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, жамоат ташкилотлари, тузилмалар ҳамда шахсларни ўз вақтида янграган ҳамжиҳатликка чорловчи қўнғироққа жўр бўлишга чақиради.
Ўзбекистон ҳукуматига таъсир эта олиш механизмини шакллантиришнинг самарали усули илғор қарашдаги доираларнинг ўзаро бирлашишида, деб ҳисоблайди.
“Бирдамлик” ҳаракати.



