Бир пиёла чой устида дўстона суҳбат

10 апрель куни Тошкентдаги кўркам ресторанлардан бирида, “Бирдамлик” ҳаракати ташкил топганининг 5 йиллиги муносабати билан байрам дастурхони ёзилди.
“Бирдамлик” аъзоларини табриклаш ниятида байрам дастурхонига “Эзгулик” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Васила Иноятова, ҳамда жамиятнинг Тошкент вилояти бўйича раҳбари Абдураҳмон Ташанов,

“Озод деҳқонлар” партияси котиби Нигора Ҳидоятова, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси вакиласи Нодира Ҳидоятова, “Демократик ташаббуслар” маркази директори Искандар Худойберганов ва бошқалар жам бўлди. Дўстона суҳбат тарзида ўтган тадбир давомида йиғилганлар “Бирдамлик” ҳаракатининг қисқа муддат ичида танилиб улгургани ва ўзининг муносиб ҳаракатлари билан мавжуд бўлишга ҳақли эканини исботлаб қўйганини таъкидладилар.

Хусусан “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова “Бирдамлик” томонидан амалга оширилиб келинаётган ҳайрия ёрдамларини тилга олиб, бу эзгу ҳаракатлар, арзимас туюлсада кўрсатилаётган эътибор, албатта таҳсинга лойиқлигини таъкилади.
Йиғилганлар шунингдек, “Бирдамлик” бошлаб берган яна бир ҳайирли ишни ўзаро ривожлантириш зарурати ҳақида гапирдилар.

Хусусан, “Демократик ташаббуслар” маркази директори Искандар Худойберганов ҳар қандай гина-қудуратни четга суриб мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бир дастурҳон атрофида йиғилишлари ва умумий мақсадлар йўлида биргаликда. Жипслашган ҳолда амалий ҳаракатлар олиб боришнинг фойдали томонлари ҳақида тўхталди.

Айнан шу куни “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари Дилором Исҳоқова, таниқли мухолифат намояндаси Мурод Жўраевга нисбатан у сақланаётган муассаса раҳбарияти томонидан янги жазо чоралари қўлланилаётгани ва бу ҳатто байрам кунлари ҳам ҳаракат аъзоларининг диққат эътиборида турганини айтар экан,

“Бирдамлик” ҳаракати яқиндан бери унинг аъзосига айланган М.Жўраевга ҳуқуқий ҳамда бошқа кўринишдаги барча ёрдамларни кўрсатишни ўз зимимасига олганини маълум қилди.

Н.К.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares