Сиёсий маҳбусларга озодлик!

“Бирдамлик” ҳаракати фаоллари томонидан Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида Ўзбекистон қамоқхоналарида ноҳақ жазо муддатини ўтаётган сиёсий махбусларни озод этишни талаб қилиб ўтказилаётган узлуксиз пикет 3 март куни соат 10 дан кеч соат 18 гача давом этди.

Пикет иштирокчилари 2 март куни халқаро ҳамжамиятга Мурожатнома қабул қилишди. Улар мазкур Мурожатномани Швеция Қироли қароргоҳига, Швеция Парламентига (Риксдак), Швеция бош вазири Фредрик Рейнфелдга ва Швеция Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этдилар. Шунингдек. пикет ўтказилаётган майдонга йиғилган маҳаллий аҳолига ҳам Мурожатнома тарқатилди.

Қуйида Мурожаатнома матни билан танишинг:

“Бирдамлик” Матбуот Маркази.

****

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига
Европа Иттифоқига
Инсон ҳуқуқлари бўйича барча халқаро ташкилотларга
Халқаро Журналистлар Уюшмасига

МУРОЖААТ

Биз, 2009 йилнинг 2 март куни Стокҳолм шаҳрида бошланган Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар озодлиги учун ўтказилаётган акция иштирокчилари, ушбу мурожаатнома билан яна бир марта Ўзбекистон расмий ҳукумати Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва унинг тамойилларига фақат сўздагина амал қилишига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Аслида эса мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ачинарли даражада ёмон, ўзбек маҳбусхоналарида сиёсий айблар ва диний эътиқоди учун юзлаб маҳбуслар сақланади, ўз фуқароларига нисбатан қийноқлар ва зўравонликлар қўллаш давом этаётгани халқаро даражада муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини қабул қилиш билан бирга БМТ томонидан 1984 йилнинг 10 декабрида имзоланган қийноқлар ва шахсни таъқирловчи ноинсоний муомала турлари ва жазоларга қарши Конвенцияни қабул қилган. Бироқ ҳукумат инсон ҳуқуқлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини оёқ ости қилишда давом этмоқда. Биз худонинг берган куни турли жазо калонияларида қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги хабарни эшитамиз. Сиёсий сабаблар ва диний эътиқоди учун қамалган маҳбуслар оила аъзолари маҳбусхоналарда қийноққа солинган ва таъқирлаб ўлдирилган ўз яқинлари мурдасини олишда давом этишмоқда. Шунингдек, биз янгидан янги ҳибсга олишлар, дунёвий мухолифат аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари ёки мамлакатдаги қандайдир диний фаол фуқарони қамаб қўйилгани ҳақида маълумот олмоқдамиз. Ўзбекистонда ҳеч бир айби йўқ журналистларни қамоққа олиш одатдаги ҳолга айланиб қолди.

Ислом Каримов ҳукумати иқтидорга келган дастлабки кунларидаёқ ўзбек халқига қатағон ўтказишни бошлаган эди. Режимга қарши чиққан кишиларни қонли бостиришдан сўнг, ҳукумат маълум бир режа асосида оммавий тартибсизликларга учинчи бир мамлакатни айблаб чиқади ва табиий равишда Ўзбекистондаги ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилиш кампаниясини кучайтиради. Бу режим ўз ҳақиқий башарасини яшириш мақсадида вақти вақти билан бу гуруҳларни Ўзбекистондан ташқаридан ташкилий ва молиявий кўмак олиб конститутсиявий тузумга қарши ҳаракат қилганликда айблаб навбатдаги террорчиликни ёки ғоявий ҳийла ўйлаб топади. Яқинда Тошкентда “Ирмоқ” номли диний журнал нашр этгани ва “Нур” ташкилотига аъзо бўлганликда айбланиб 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилган 5 журналист билан бўлиб ўтган маҳкама бунга мисол бўла олади.

2005 йилннг 13 май куни Андижон шаҳридаги тинч аҳолини оммавий қирғин қилиниши Ислом Каримов ҳукуматини нималарга қодир эканлигини жаҳон ҳамжамиятига ошкор қилди. Ўз халқига нисбатан бу каби оммавий қирғинни такрорламаслиги учун халқаро ҳамжамият Ислом Каримов билан муносабатларни давом эттиришга қарор қилди. Бугун эса агар ўзбек диктатори истамаса мамлакатдаги аҳвол яхши томонга ўзгармаслиги аён бўлиб қолди. Ҳақиқатда Ислом Каримов бу даврда дунёвий мухолифатни йўқ қилиб бўлди, мамлакатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш ачинарли аҳволга келиб қолди, шунингдек, мамлакатдан сўз эркинлиги қувғин қилинди.

Ислом Каримов ҳукумати билан музокара қилиш мақсадида бир стол атрофида ўтиришдан олдин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва демократия учун курашаётганларни кўз олдингизга келтиринг, мухолифат вакиллари, мустақил журналистлар ва шунингдек фақат диний эътиқоди учун жазо муддатини ўтаётган кишиларни эсланг. Унутманг, ҳукумат бу фуқароларга нисбатан қийноқлар қўлламоқда. Фақат ўшандагина Каримов режими билан ҳар қандай мулоқот ва муносабатлар инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ бўлиши кераклигига ишонч ҳосил қиласиз.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Биз Ислом Каримов ҳукуматини Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини топташига ва юзлаб айбсиз одамларни сиёсий қарашлари, диний эътиқоди ва ўз фикрини эркин ифода этгани учун қамоққа тиқиш ва қийноққа солинишига йўл қўймаслигимиз керак.

Ислом Каримов режими Европа Иттифоқи санкцияларини бекор қилинишини халққа қарши амалга ошираётган ўз сиёсатини халкаро ҳамжамият розилиги деб қабул қилишини ва дунёвий мухолифат вакиллари, диний ташкилотлар , журналистлар ва оддий кишиларни таъқиб қилишда давом этиши мумкинлигини Сиз тушуниб етишингизни истардик.

Унутманг, Ўзбекистонда диктатуранинг давом этишига биз сиз билан ўз виждонимиз олдида жавобгармиз!
Биз умид қиламиз ва Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини мамлакатда сиёсий вазият яхшиланиши, шунингдек, юзлаб диний ва сиёсий айблар билан қамалган инсонларни озодликка чиқариш чақириқларини қўллаб қувватлашга ҳаракат қиласиз деб ишонамиз,

Тўхта, диктатор Каримов!

Яшасин демократия!

Сиёсий маҳбусларга озодлик!

Ҳурмат билан: Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти вакиллари.

Стокҳолм, Медборгеплатс майдони.
4 март, 2009 йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares