АҚШнинг илк таъминот поезди Марказий Осиёга етиб келган


Американинг Афғонистонга ноҳарбий юклар ортилган илк поезди Россия чегарасини кесиб ўтган.
Таъминот у ердан Ўзбекистон орқали Афғонистонга етказилади.

Бу Москва ва Вашингтон ўртасидаги Болтиқ денгизидан Марказий Осиёгача бўлган йўллардан Афғонистондаги Қўшма Штатлар
ва НАТО кучлари учун таъминот юкларини етказиб беришда фойдаланиш борасидаги келишув ортидан амалга оширилмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, бу муҳим ёки фавқулодда хабардек жарангламаслиги мумкин, аммо ҳозирда Марказий Осиё давлатлари оралаб бораётган поезд Американинг Афғонистондаги уруш ҳаракатлари учун катта аҳамият касб этади.

Ўтган ҳафта Латвиянинг Рига бандароҳидан Россия томон йўл cолган поезд сешанба куни эрталаб Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган.

Бу икки жиҳатдан муҳимдир. Ҳозирга қадар Американинг асосий таъминот йўли Покистондан ўтар эди.

Аммо, сўнгги ойларда ушбу йўлдан ўтувчи юк карвонларига ҳужумлар кўпайган.

Бундан ташқари, Америка Афғонистондаги қўшинлари сонини яна 17 мингга кўпайтиришни режаламоқда.

Қўшинлар кўпайиши таъминотнинг ҳам ортишини англатади.

Келаётган ойларда озиқ-овқатдан тортиб, қурилиш жиҳозларига қадар юкланган юзлаб поездлар Россия ва Марказий Осиё орқали Афғонистонга ўтади.

Бу эса, мухбиримизга кўра, Вашингтон ва Москва ўртасида ҳарбий соҳадаги янги ҳамкорлик истагининг белгисидир.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares