Дилмурод САЙЙИД

Маним орзум: бир коса май, яна хушқад санам бўлмиш,
Минг бир кеча янглиғ бир тун, ожиз нурли шаъм бўлмиш.
Деди зоҳид: “ Ўткинчи бу олам ғамин йироқ ташла!”
Гар май, санам, туну шаъм бор, бу оламдин не ғам бўлмиш!
Айди зоҳид: “Нозанинлар нози бир сиртмоқ бўлур!”
Мен дедим: “Ҳар кеча шу сиртмоққа осилгим келур!”
Айди зоҳид: “Охиратда ёндирурлар ўт аро!”
Мен дедим: “Осилганларнинг ёниши осон эрур!”
Айди зоҳид: “Ташла фоний бу жаҳоннинг фитнасин!”
Мен дедим: “Берди Аллоҳ, бир нафас беҳуд ўтмасин!”
Айди зоҳид: “Бу дунёда ўйла у дунё ғамин!”
Мен дедим: “ Қўй, икки дунё бир-бирин еб кетмасин!”
Айди зоҳид: “Юрма кўп дилдораларнинг қасдида!”
Мен дедим: “Сўз айтмағил дилпораларнинг қасдида!”
Айди зоҳид: “Тангри бергай охиратда зўр жазо!”
Дедим: “Наҳот, Тангри мендек бечораларнинг қасдида?!.”
Ўтли бўсалар олдида дўзах ўтин унутдим,
Оташ нигоҳлар қатлиға жону танимни тутдим.
Қилма, эй зоҳид, маломат! Бу корим ила, билсанг,-
Ўзиммас, бир ожизани туни бўйи овутдим!



