Саиджаҳон Равоний
(вайсакилик хақида)

Нодон донишни гоҳо,
Ўлдиргани ё қасддан,
Ё ўзин билиб дахо,
Гапирар тўхтамасдан.
Бундан масал орқали,
Кулайлик-чи, бир, қани:
Нимадандир паришон,
Нимадандир сал хафа,
Қозонган кўп шухрат-шон,
Фазошунос жирафа
Сайр этаркан якка,
Йўлиқади эшакка.
Эшак олимни кўриб,
Учратгандек ўртоғин,
Саломатлигин сўриб,
Сўриб ача-аймоғин,
Тинмасдан кетди жавраб,
Осмонга гоҳ-гоҳ қараб:
Гапирди у жуда кўп
Соддароқ илмий рухда.
Бормикин, деб, хала-чўп
Зухалда ё Миррихда.
“Хаёт бор яна кайда,
Доғлар бор нега ойда,
Ким бу Самон йўлига
Шундай хунук ном берди,
Беда йўли, деб, нега
Аталмаган у”, дерди.
Тўхтамасди у сира,
Бир эшак-да у хира.
Бирдан лек тушди қулаб,
Жирафа оҳ-оҳ, дея.
Эшак хам улаб-улаб
Хангради: Ия, ия!
Хой, сизга нима бўлди!
Хой, ким бор, олим ўлди!



