Каримов АҚШ юкларининг ўтказилишига рози


Президент Ислом Каримов Қўшма Штатларга Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларни ўтказишга рухсат берилганини тасдиқлади.
Бу ҳақда Ислом Каримов Тошкентда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан ўтказган музокаралари ортидан маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон ноҳарбий юклар транзитига ўтган ҳафта у ва АҚШ генерали Петреус билан бўлган музокаралар чоғида рози бўлган.

Ислом Каримов Ўзбекистон орқали фақат «ноҳарбий юклар»ни ўтказишга изн берилганини айтди.

Президент Каримов Афғонистонга мўлжалланган юклар «фақат» Ўзбекистон орқали ўтиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Ислом Каримов у берган қарор аҳаммияти «ўта юқори» эканига ишонишини айтди.

«Айтингчи, Афғонистонга борадиган юклар Ўзбекистон ҳудудидан ўтмаса, у ерга қандай қилиб етиб бориши мумкин?… Юклар қаердан келмасин Афғонистонга ўтказиш нуқтаси фақат Термез бўлади», – деди Ислом Каримов.

Қирғизистон кутилмаганда Америка қўшинлари таъминоти учун муҳим бўлган «Манас» ҳаво базасини ёпиш ҳақидаги қарорини эълон қилиши ортидан Америка Қўшма Штатлари Ақғонистондаги қўшинлари учун янги таъминот йўлларни излаётганди.

АҚШ ҳарбий мулозимларига кўра, Вашингтон ҳафтасига 50 тадан 200 тагача контейнерни Ўзбекистондан Тожикистон орқали қўшни Афғонистондаги қўшинларга етказишни режаламоқда.

«Манас» Афғонистондаги НАТО амалиётлари учун ниҳоятда муҳим бўлиб, Американинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини таъминлаётган ягона базаси эди.

Америка Афғонистондаги Толибон гуруҳи қайта бирлашаётганидан ташвишда ва ўтган ҳафта Афғонистонга қўшимча 17 минг қўшин жўнатишга ваъда берган.

Бу билан Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сони 50 мингдан ортади.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares