Туркман Президенти Тошкентга сафар қилмоқда

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ўзбекистонга сафарини бошлаган. Бердимуҳаммедов жаноблари ҳамкасби Ислом Каримов билан учрашадиган.

Иккала давлат ҳам энергия заҳираларига бой ва Оврўпо Иттифоқи ҳамда Россиянинг иқтисодий қизиқишлари марказидадир.

Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ўтмишдаги муносабатлар тарихига назар ташланса, бу муносабатлар доим ҳам илиқ бўлмаган.

Аммо, сўнгги йиллар Ашхабод ва Тошкентнинг муносабатлари яхшиланишига Хитой кўпроқ ҳисса қўшаётгани айтилади.

Ҳамма гап энергия заҳиралари экспорти, хусусан туркман газининг Ўзбекистону Қозоғистон орқали Хитойга етказишда…

Би-би-си суҳбатдоши Марказий Осиё масалаларида Британиядаги Ташқи Сиёсат тадқиқотлари маркази Чатам Ҳоусдан Аннет Бор:

Аннет Бор: Менимча, Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатлари марҳум Туркманбошига ҳужумдан кейин мисли кўрилмаган даражада ёмонлашганди. Ўшанда Туркманистон ҳукумати Тошкентни ўз Президенти жонига қасд қилиш амалига аралашишда айблаганди. Аммо орадан кўп ўтмай, ҳали Туркманбоши тириклигидаёқ алоқалар бир қадар яхшиланганди. Бердимуҳаммедов жаноблари даврида эса, ана шу алоқалардаги яхшиланиш давом этди. Албатта, асосий омил бу энергия масаласида ҳамкорликдир. Туркманистон ўз энергия заҳираларини Хитойга чиқармоқчи ва бу ўринда Ўзбекистон жуғрофий жиҳатдан транзит мамлакат ўлароқ жуда муҳимдир. Ашхабоднинг Россияга энергия заҳиралари экспорт қилишни ошириш режалари ҳам қўшни мамлакат билан боғлиқ…Шунинг учун ҳам икки мамлакат ўртасидаги яхши алоқалар ўрнатилиши ҳаётий муҳим масалага айланган дейиш мумкин.

Би-би-си: Одатда бу минтақада давлатаро алоқалар кучли рақобатчиликка қурилади. Ўзбекистон кузатувчиларга кўра, бу каби муносабатларда – айниқса иқтисодий соҳада – таъбир жоиз бўлса анчайин инжиқ давлатлардан бири – Сизнингча, Туркман-Ўзбек муносабатлари ана шундай қусурлардан ҳоли, соф ҳамкорлик даражасига чиқиб олганми?

Аннет Бор: Рост, айниқса Президент Каримов минтақанинг сиёсий буқаламунидир. Қисқа бир пайтда Ислом Каримов муносабатларни бир бузиб, бир қайта қуриб чиқаверади. Аммо, ҳозир ўзаро муносабатларнинг яхши бўлиши иккала давлатга ҳам жуда, жуда манфаатлидир ва токи ана шу манфаатлар бор экан, муносабатлар яхшиланиб бораверади деб ўйлайман. Хитой бу ўринда минтақадаги ўзаро ҳамкорликка туртки берди – очиғини айтиш керак, ҳозирга қадар минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳеч ким Хитойда муваффақиятли бўлмаганди. Мустақиллик йилларида Марказий Осиёнинг энергия заҳираларига бой уч давлати, Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйолмай келди. Хитой ўртага кирди ва газ лойиҳаларини бошлаб бу уч давлатнинг бошини таъбир жоиз бўлса қўшишга муваффақ бўлди. Энергия заҳиралари юзасидан Хитой сармоялари ва Хитой бошлаган лойиҳалар бу уч давлатни қайсидир маънода бирлаштиради.

Би-би-си: Аннет, оддий одамлар учун бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар нимани англатади? Масалан, икки ўртада чегараоша муносабатлар анча танг қолаётир, ҳамон қариндош уруғлар бир бирлари билан кўришишлари учун турли қоғозбозлик тўсиқларни кесиб ўтишлари керак.

Аннет Бор: 2000 йилда Иккала давлат ўртасида делимитация борасида шартнома имзоланганига қарамай, муаммолар қайтага кўпайганди. Кейинроқ 2004 йилда чегараоша масалалаларни соддалаштирувчи келишув имзоланди. Иккала мамлакат раҳбарлари чегараоша алоқалар борасидаги масалада гаплашишлари эҳтимолдан холи эмас, аммо улар бу масалада бирор бир ислоҳотга қўл уришадими, нималарнидир ўзгартиришадими деган саволга аниқ жавоб бериш мушкул.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares