МАСАЛ

Саиджаҳон Равоний

Арслон ва бўри
(порахўрлик хақида)

Хайвонлар шоҳи арслон бир куни
Чақиртирипти қонхўр бўрини.

Чўзмасдан гапни депти шоҳларча:
“Танладим сени номзоддан барча.

Бугундан бўлдинг қўйларга бошлиқ,
Қиляпти улар тўқлиққа шўхлиқ.

Хоҳлаган ёққа кетяпти қўйлар,
Арслонни, чоғи, дейди “гўл” улар.

Майса-ўтларни еишмоқда кўп,
Бундай кетишда қолмас хала-чўп.

Оч қолиб кейин, бараб, тўзишар,
Ем бер, деб, келиб, мени сузишар.

Хуллас, сен ўзинг қўйларга қара,
Ёрдам-пордамни, ўзимдан сўра”.

Кетибди бўри таъзимлар қилиб,
Қўйларнинг катта бошлиғи бўлиб.

Уч-тўрт хафтада келибди қайтиб,
Арслонга арзин берибди айтиб:

“Ишладим, шоҳим, айтганингиздек,
Юрибди қўйлар ювошгина, тек.

Тўртта-бештасин қўйгандим бўғиб,
Қўчқорлари хам қўйяпти туғиб.

Кунда бир ховуч ем бердим ўлчаб,
Таҳсимлаяпман сувни хам тежаб.

Билди ҳар бир қўй ўзин ўрнини,
Ишларимга лек суқиб бурнини,

Атрофда юрган бир-икки эшак,
Деяпти менга: “Сен хам е хашак,

Ҳар куни ейсан қўзидан кабоб,
Қилмишларинга берасан жавоб…”

Қичқирди бирдан арслон: “Сен ўғри,
Айтибди жуда эшаклар тўғри!

Сени ўзингни гўштга тортаман,
Терингни шилиб, оёқ артаман”!

Қўрқувдан бўри қолди қалтираб,
Арслонга деди, аранг, валдираб:

“Шохим… халиги… хашак хам едим,
Ўнта қўй сизга келтирган эдим.

Ўтлашяпти, хўв, сал нарироқда,
Сизга тегишли кўм-кўк ўтлоқда”.

Арслон тушди сал жахлидан шунда,
Деди: “Сен шундан бошламапсан-да.

Шунақа де, хў-ўп, ишингни қил, бор,
Эшаклар учун бошқа бўри бор… ”.

Масал ғоясин қилмайман баён,
Менимча, бари шундоқ хам аён.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares