Мустақил журналист
Ўзбекистон
Иқтисодий инқироз туфайли Ўзбекистондаги собиқ ДЭУ, ҳозирги Ўзбекистон GM заводида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар бир неча ой аввал ички бозорда АҚШ долларида эркин сотувга чиқарилган эди. Бироқ кейинги пайтда машина олиш орзусида бўлган одамлар мавжуд кучли коррупция туфайли эндиликда автосалонларда ҳатто долларга ҳам эркин бозор йўқлиги ҳақида гапиришмоқда.
Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистондан Россияга эскпортга юборилган автомобилларнинг бир қисми мамлакатга қайтиб келган эди. Россияда сотилаётган автомобиллар кредитга бериб келинган, бироқ молиявий инқироз туфайли Ўзбек дилерлари кредит топа олмаганидан сўнг иш ортга кета бошлаган.
Бир неча ой аввал ҳукумат автомобил экспорти дастури тўла амалга ошмагани ҳисобига бу автомобилларни ички бозорда валютага сотиш учун рухсат берган.
«Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Гарчанд бу амалдаги қонунларга зид бўлса-да, ишлаб чиқаришни қўллаш учун истисно тариқасида қўлланган чора эди. Чунки Асакадаги завод ҳукуматнинг валюта тушуми учун зарур бўлиши билан бир пайтда аксар бутловчи қисмлар ҳам валютада сотиб олинади,» дейди мустақил иқтисодий шарҳловчи.
Исмини айтишни истамаган бу шарҳловчига кўра, долларга нақд пул тарзида эмас, балки пластик карточка орқали сотишга рухсат берилган.
Бироқ бошқа кузатувчига кўра, Ўзбекистонда автомобилга эҳтиёж шу қадар кучлики, бугун Тошкентдаги Асака заводи маҳсулотлари учун долларда ҳам эркин савдо йўқ. Ўзбекистон хорижда ишланган автомобиллар учун божхона тўловини жуда ошириб юборгани учун ўзбекистонликлар Асака заводи маҳсулотлари учун ойлаб навбатда туриши ёки бозордан қимматроқ нархга сотиб олишга мажбур.
«Мен шу кунларда Тошкентдаги икки йирик автосалонда бўлдим, Роҳатдаги ва Сирғалидаги. Вазият ҳафтасига ўзгаради. Ҳеч қанақа эркин савдо йўқ. Фақат текширувчилар босган пайт бир иккита машина долларда очиқ сотувга чиқарилар экан,» дейди тошкентлик кузатувчи. Унинг айтишича, бу ўта чуқур илдиз отиб кетган коррупция туфайлидир.
«Давлат автомобилларнинг бир қисмини навбатсиз валютада сотишга рухсат берган. Бироқ савдо пластик карточкада амалга ошгани учун автосалондагиларга бундан улуш қолмайди. Улар бундан манфаатдор эмас. Шу боис ўртага воситачи тушади. Сиз воситачига долларда нақд пул берасиз. Улар эса тўловни давлат курси билан сўмда амалга ошириб, ўртадаги фарқни ўзларига олиб қолади, » дейди у.
Асака заводи ишга тушганидан буён завод ва харидор ўртасида ўта мукаммал коррупция тармоғи юзага келганки, буни давлат назорати ҳам бартараф қила олгани йўқ. Ўтган йили автомобил савдосини амалга оширишдаги тартибларни ўзгартирувчи қонун ҳам қабул қилинди, бироқ бу ҳам автомобил бозорида жиддий ўзгариш ясай олмади.
Тошкентлик ўрта ёш бир аёлнинг айтишича, у яқинда воситачи орқали автосалондан 8 минг долларга «Матиз» русумидаги машина олган. «Минг доллар шапкаси учун бердим,» дейди. Агар бу аёл навбатга ёзилиб 6 ёки 7 ой кутганида, шу машинани воситачига камроқ улуш берган ҳолда 7 минг долларга олиши мумкинлигини айтади.
Расмий минбарлар ёки матбуотда автомобил бозоридаги бу вазият ҳақида сукут сақланади, гарчанд Асака заводи маҳсулотлари мустақилликнинг энг катта ютуғи сифатида ҳар куни такрорланса-да.
Жаҳон молиявий инқирози эса, ҳар қалай ўзбек харидорлари учун бироз енгилликлар яратди, яъни, автомобил учун навбат кутиш вақти сезиларли даражада қисқарди, шунингдек, ўртадаги воситачилар учун бериладиган «шапка» миқдори ҳам. Айни пайтда эса, мамлакатда Асака автомобиллари учун талаб ҳамон юқори даражада қолмоқда. Ҳатто долларга ҳам эркин савдо ҳамиша мавжуд эмаслиги буни яққол кўрсатади, дейди кузатувчилар.
Ўтган бир неча ой ичида ўзбек сўмининг долларга нисбатан жиддий қадрсизланиши ва натижада давлат курси билан қора бозордаги курс ўртасидаги фарқнинг тобора катталашиб бориши ҳам коррупция учун автомобил савдосида қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Хориждан, хусусан, Оврўподан келтирилган автомобиллар нархига камсонли одамларнинг қурби етади. Россия автомобилларининг бозори ўта чаққон эмас ва юқори божхона тўловлари уларнинг савдосини янада сустлаштирмоқда.




