Ўзбек ҳукумати ҳайъати Тожикистонда

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Душанбега сафар қилган Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Рустам Азимов билан учрашган.
Бош вазирнинг 1-ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати ҳайъатининг Душанбега сафари Президент Ислом Каримовнинг қўшни мамлакатларда сув иншоотларини барпо этиш режалари борасида норозилигини билдирганидан бир неча кун ўтиб амалга ошмоқда.

13 феврал куни Тошкентдаги ҳукумат мажлисида Президент Каримов, Қирғизистондаги Қамбарота, Тожикистондаги Роғун сингари гидроэлектрстанцияларни барпо этиш атроф-муҳитга зарар келтирмаслиги зарурлигини таъкидлаган ёки Ўзбекистонда сув ҳажми камайишига олиб келмаслиги нуқтаи назариданхалқаро экспертиза ўтказиш зарурлигини айтган, агар бу лойиҳалар зарар келтирмаса, уларда ҳатто Ўзбекистон ҳам иштирок этишга тайёр, деганди.

Аксар кузатувчилар, расмий Тошкент билан расмий Душанбе ўртасида охирги пайтда ўзаро эътироз, гина-кудурат ва аразлар анча-мунча йиғилиб қолган, дейишади.

Булардан айримлари – фойдаланилган газ ёки электр қуввати ҳақлари тўланмагани важи кўрсатилиб, Ўзбекистоннинг Тожикистонга электр ёки газ узатишни қисқартириши, Туркманистон билан келишилган электр энергиясини ўз ҳудудидан ўтказмаётганликда Тожикистоннинг Ўзбекистонни айблаши, қаҳратон қишда ўзини ўзи энергетика манбаси билан таъминлаш эҳтиёжи билан Тожикистоннинг сув тўғонлари лойиҳаларига зўр бериши ва ёки Россия Президенти Дмитрий Медведевдан ўпкалаш ва ҳоказолар.

Шунинг учун ҳам юқори даражадаги мулоқот зарурлиги таъкидланади.

Душанбега борган Рустам Азимовни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қабул қилар экан, «икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш масалаларини мубоҳаса этдилар», дея хабар қилади Президент Имомали Раҳмон матбуот хизмати.

«Ҳукуматлараро йиғинда Тожикистон сув ва энергетик заҳираларидан фойдаланиш, икки мамлакат чегара чизиқларини аниқлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хавотирга сабаб бўлган баъзи масалалар, хусусан озиқ овқатлар транзити масаласига асосий эътибор қаратилди. Икки тараф ўртадаги баҳсли масалаларнинг ҳаммаси бир неча асрлик дўстлик ва ҳамкорлик анъаналарига асосланиб ҳал қилиниши кераклиги таъкидланди», дейилади Тожикистон президентининг расмий интернет саҳифасида.

Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Рустам Азимов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, демаркация ва делимитация масалалари бўйича тузилган ҳукуматлараро комиссиянинг Ўзбекистон томонидан раҳбаридир.

Душанбеда ҳайъатлар икки давлат чегараларига боғлиқ масалалар юзасидан музокара ўтказганлар.

Кузатувчилар мулоқотларда асосий мавзулар – газ, электр ва сув иншоотлари масалалари бўлганига ишонадилар, ва нима бўлганда ҳам, ўзбек ҳайъатининг Душанбега сафари кутилмаган ва айни пайтда кўнгилли бир воқеа эканини қайд этадилар.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares