Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
Давоми
э с с е
Аслида, орамизда ким талантли, ким талантсиз, ким ифлос ёки ким тозалигини вақт кўрсатади.
Сен ёз, сен ёзма, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, Фалончи ёзмасин, деб ҳукм чиқаришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.. Ҳозирча халқ фақат Одил Ёқубовни, Абдулла Ориповни, Омон Матжонни, Эркин Воҳидовни тан олади. Усмон Азим, Мирза Кенжабоев десангиз, мактабларда елка қисишади. Бу бор ҳақиқат. Ҳар биримизнинг талантлилик даражамизни ана шу тахлит халқ ўзи аниқлаб беради.
Мен ҳозир Александр Солженициннинг «Архипелаг ГУЛАГ» асарини таржима қиляпман. Бу менинг биринчи таржима ишим. Солженицин бизлардек амал талашмаган, кимларнингдир устидан ҳукм-хатлар ташкиллаштириб, уни мунофиқона йўллар билан матбуотда ёритишга бош қўшмаган, мажлисларда: мен фалончидан талантлироқман, деб ўз афзалликлари рўйхатини тузмаган, кўча-кўйда, пана-пастқамда фисқу-фасод билан шуғулланмаган. Аксинча, Солженицин ҳаммасини фидойиларча ёзди ва уни бутун дунё тан олди.
Биз, қўлимиздаги паттага биноан расман ёзувчи деб ном олган бўлсак, буни оқлаш керак. Энди бақириқ-чақириқ билан иш битмайди. Нима, бизда Солженицин даражасида кўтаргулик соф миллий муаммолар йўқми? Масалан, босмачилик . (Бу сўзни Солженицин қўштирноқ ичида ишлатади). Аёлларимизнинг бугунги фожиаси паранжи ташлаш йилларига бориб тақалади. Катта Фарғона канали қурилиши. Ёки Қозоғистон КП МК биринчи котиби Назарбеков ибораси билан айтганда, Сталин даврида бизнинг Ўзбекистон ҳам миллатлар ва элатлар сургун қилинадиган ГУЛАГга айлантирилган эди. Ёки дейлик, Орол фожиаси асоси бугун, кеча ўйлаб топилмаган. Орол фожиасининг илдизи 1918 йилги Мирзачўлни ўзлаштириш ҳақидаги Декретга бориб тақалади. Илдизи қирқилмаган дарахт эса бот-бот кўкариб чиқаверади.
1989 йил 18 декабрда ҳарбий хизматдаги амаки-укамнинг ўлигини олиб келишди. Укам Барнаулда ҳарбий хизматда, тинч замонда ҳалок бўлди. Улар: «уканг поезд билан тўқнашиб ўлди», деб хулоса чиқаришипти. Ҳатто тузукроқ ёлғон тўқишни ҳам ўзларига эп кўрмаптилар. Биз бу гапга ишонмадик. Мажбуран, қанчадан-қанча жанжал-ғурбатлар эвазига эксперт чақиртирдик, мурдани, ундаги жароҳатларни суратга олдик. Бу фактлар билан укамни уриб ўлдиришганини исботладик. Аммо буни ҳамон маълум доиралар тан олишмаяпти. Мана, биқинимиздаги Тошкент ҳарбий гарнизони ҳарбий прокуратурасига боринг, менга ўхшаш кимидир ўлганларни истаганча топасиз.
Мана сизга миллий муаммолар. Ёзинглар. Бугун чиқмаса эртага чиқади, бир йилдан кейин чиқади, ўн йилдан кейин чиқади, бари бир чиқади. Илло, биз ўша кунларга етажакмиз.
1990 йил 16 феврал.
Ҳинд кинофильми «Бир лаҳза» («Один момент»)ни Бўстон шаҳарчамизнинг санъат саройига бориб томоша қилдик. Эру-хотин беш яшар Шоира, тўрт яшар Дилдора қизларимиз билан бирга. Фильм ўта зерикарли эди. Кино тамом бўлиб, кўчага чиққанимизда ҳаммамиз хурсанд бўлиб кетдик.
– Зўр кино кўрдиг-а, – деди Дилдора қизим.
– Ҳа, – деди онаси кулиб.
– Зўрға кино кўрдиг-а, – деди Дилдора.
Биз дастлаб англамадик. Дилдора яна такрорлагандан сўнг кулиб юбордик.
Тунда (соат тонг олди 3 да) Шукур Содиқ, Мурод Абдуллаев, Ғаффор Ҳотамов учовлон келишди. ЎзССР халқ депутатлигига номзоди қўйилган ёзувчи, «Ленин учқуни» бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовни ҳимоя қилиш учун Ургутга боришаётган экан. Озроқ суҳбатлашиб, кейин ухладик. Маълум бўлишича, А.Кўчимов сайланаётган округга қарашли хўжаликлар раисларига, қишлоқ советларига, округ комиссияси раисига Тошкентдан телеграмма борипти: «Абдусаид Кўчимов кўпгина нопок ишларга қўл ургани сабабли ҳозир КПСС аъзолигидан ўчирилиш арафасида.
Шунингдек, А.Кўчимов жиноий жавобгарликка тортилиб, устидан тергов кетяпти. Биз бундай одам ЎзССР халқ депутатлигига нолойиқ, деб ҳисоблаймиз. «Ленин учқуни» газетаси коллективи номидан Ё. Раҳимова» . Ургут район партия комитети биринчи котиби Ўлмас Маҳмадмуродов Абдусаид Кўчимовга қарши. А.Кўчимовга альтернатив тарзда картошкачилик бригадири Номоз Баратов қўйилган, райком котиби ўша одамни ўтказишга уринаётган эмиш. Шу сабабли Абдусаид Кўчимовга бор имконияти даражасида қаршилик кўрсатаётган эмиш Шу сабабли Абдусаид Кўчимовни кўпчилик бўлиб қўллаш керак.
1990 йил 17 феврал
Эрталаб мен ҳам қўшилиб, Самарқандга жўнадик. Оближроқўм раиси Тошбўри Қиличев Шукур Содиқнинг оғайниси экан. Тўртовлон Тошбўри аканинг қабулида бўлдик. Танишдик. Ўзимизга ўхшаган оддий, қишлоқ йигити экан. Яхши суҳбатлашдик. Жиззах области қайта тиклангани ҳақида қарор чиққан газетани бизга кўрсатди. «Абдусаид Кўчимов масаласи оғир, райкомнинг биринчи котиби унга қарши», деди.
– Тошкентдан тазйиқ борми? – сўради Ғаффор ака.
– Йўқ. Тошкентдан ҳам, вилоятдан ҳам ҳеч кимнинг иши бўлгани йўқ. Фақат Ўлмас Маҳматмуродов қаттиқ қарши. Ўтиши қийинга ўхшайди.
– Абдусаид Кўчимовни ишдан бўшатишга уринишлар бўлган эди, – деди Ғаффор ака.
– Мен бу масалани Ўз ЛКСМ биринчи котиби Азиз Носиров билан гаплашдим, – деди Тошбўри ака. – Тепадан ҳеч ким аралашмаган. Азиз Носиров билан Ўлмас Маҳматмуродов қалин дўст. «Бошқа ишга ўткизамиз»десак, Абдусаид Кўчимов депутатлик даъвосидан воз кечадими, деб ўйлаган эдик», деди Азиз Носиров.
Абулқосим Мамарасулов.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчаси Ҳ.Олимжон кўчаси 29 уй 1-хонадон
Тел.: (372) 512-15-57, (372) 227-49-46
e-mail: abulqosim@inbox.ru




