Иймонсиз одамлар.

Ҳижрат сўқмоқларида ҳикоялари туркумидан

“Бирдамлик” ҳаракатининг Қирғизистон бўлими фаоли Қизлархон Хўжаева.

14-қисм

Мен чегара хизмати ходимининг ушбу гапларидан хайратда қолдим ва лекин қаттиқ қўрқув исканжасида қолганим учун мушоҳада қилиб кўрмасдан, “ёнимдаги хамма пулимни беришга тайёрман”-деб юбордим.
-Ёнингда қанча пулинг бор ўзи?
-500 евро, -дедим, зора мени тездагина қўйиб юборар деган умидда.
У ЕВРО сўзини эшитиб бирдан ўзгарди ва қўлимдаги кишанни ечиб олиб:
-Бўл тез, пулни чўз, -деди.
Мен жуда хам қаттиқ қўрқув исканжасида қолганим учун нималар қилаётганимни ўзим хам билмаган холда унга тишимнинг кавагида асраб келган ва чегаралардан бир амаллаб олиб ўтган барча ЕВРОларимни бердим. Фикр-у хаёлимда ягона сўз айланар эди:
“Майли, бошим омон бўлса пул топилар. Ёнимда қолаётган 300 доллар билан бир амаллаб уйимга соғ-саломат етиб олсам бўлгани”.

Ўта хам сифатли ишланган, бир четига Европа Иттифоқи байроғининг сурати туширилган ва яна бир четига Афина шахридаги айрим қадимий иморатлар сурати тасвирланган юзталик ЕВРО дан бештасини қўлга киритган чегара хизмати ходимининг кўзлари йилтираб кетди ва:
-Йўқол, кўзимдан. Агарда бирорта идорага шикоят қилсанг ўлдим деявер, -деб кичикинагина зах хоначадан мени чиқариб юборди. Мен эсон-омон дерпортациядан қутилиб қолганимга шукроналар айтиб, имкон қадар чегара постидан узоқлашишга харакат қилдим. Сал нарироқда терилиб турган ва чегарадан Тошкент шахри томон қатнайдиган “ДАМАС” русумли микроавтобуслар томон юриб, маршурутка хайдовчиларидан бири билан Тошкентгача йўл кира қанча эканлиги хақида сўзлашаётган эдим, кимдир менинг енгимдан тортгандек бўлди.

Ўгирилиб қарадим-да…. кўзларимга ишонмай қолдим. Енгимдан тортиб, менга хунук тиржайиш билан боқиб турган бу шахс ўша, Тардиқўғон шахрида мени турли хил сўзлар билан хақоратлаган ва Русияда мен билан бирга ишлаган қабих ниятли, қоқ суяк аёл эди.
-Қалайсиз энди?
Унинг сўзлари мени хайратда қолдирди.
-Худога шукур яхшиман. Нима эди?
-Хамма пулингизни чегарада олдирганингиз жуда хам зўр бўлди-да.
Мен унинг сўзларига ахамият бемаслик мақсадида, тезлик билан Тошкент шахрига борадиган маршурткага миниб олдим ва маршуртка эшигини ёпиб қўймоқчи бўлдим. Лекин халиги аёл бунга йўл қўймасдан “ДАМАС” эшигини ушлаб қолди ва:
-Мен хам кетаман, йўлимиз бир экан, -деди.
Мкроавтобус тўлишига айнан иккита йўловчи етмаётган эканлиги учун хайдовчи бизлар ўтириб олишимиз билан “ДАМАС”ни ўз ўрнидан жилдириб, Тошкент томонга қараб йўл олди.

Мен микроавтобус ўрнидан қўзғалганидан кейингина ёнимда қолган пулларимни ўзбек сўмига алмашиб олмаганим хаёлимга келди. Лекин хозир машинани бир минутга тўхтатиб, маблағимни сўмга алмаштириб олай десам, ёнимда ўтирган аёл яна бир макр ўйлаб топиб, шу охирги пулларимдан хам жудо бўлишимга имконият ярата олишидан чўчидим. Мен ўз-хаёлларим билан бўлиб, дерезадан ташқарини жимгина томоша қилиб борар эканман, қоқ суяк ва тубанлашиб кетган аёл шанғиллай бошлади.
-Хой, шопир нимага мана бу аёлни хам “ДАМАС” га ўтирғизиб олдингиз? Ахир унинг йўл кира учун берадиган пули йўқ-ку!
Хайдовчи микроавтобусни тўхтатиб менга юзланди. Нима ростдан хам пулингиз йўқми?
-Хавотир олманг. Мен албатта йўл кира хақини бераман. Фақат Тошкентга етиб олганимдан кейин.
Хайдовчи менинг ушбу сўзларимни тинглаганидан кейин яна йўлда давом этди.

Менинг сўзларимни тинглаган, паскаш аёлни эса жазаваси қўзиди:
-Нима, хали сени яна пулинг борми? Хали сен Россиядаги пуллардан бир қисмини ёнингда сақлаб қолдингми?
-Пулим борми, йўқми сизга нима фарқи бор?
Менинг бу сўзларимни тинглаган аёлнинг жазаваси баттарроқ қўзиди ва микроавтобусда бизлар билан бирга кетаётган бошқа йўловчиларга қараб гапира кетди:
-Хой одамлар, билиб олинглар бу аёл қотил. Россияда иккита одамни ўлдирди. Мен у билан бирга ишлаб, кимлигини билиб олганман. Мен уни чегарачиларга айтиб, қўлга олдирдим. Лекин у маккорлик қилиб яна қочиб қолди. Мана хозир сизлар билан бирга Тошкентга кетмоқда.
Унинг бу гапларини эшитиб ўтирган бир эркак йўловчи унга танбех берди.
-Нима қиласиз, бировни ўзгаларга ёмонлаб. Ким яхши, ким ёмон эканлигини Худонинг ўзи кўриб турибди. Ёмон одам албатта, этами кечми жазосини олади. Сиз салгина бўлсада одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилсангиз бўлар эди.
Мени тинимсиз равишда ўзгаларга ёмонлаб келаётган аёл бу гапларни эшитиши билан янада овозини баландлатиб гапира бошлади.

Давоми бор

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares