Тошкентнинг «қора бозор»ида АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати кескин кўтарилган.
11 феврал, чоршанба куни 1 АҚШ доллари 1800 ўзбек сўмига сотилган.
Бир ҳафта аввал бу нисбат 1600 ўзбек сўмини ташкил этаётган эди.
Долларнинг Ўзбекистон Марказий Банки чоршанба куни белгилаган расмий қиймати 1404 сўм.
Сўнгги йилларда нисбатан барқарор бўлган сўмнинг қадрсизланиши ўтган йил декабрида бошланган ва мутахассисларга кўра хали давом этади.
Айни ҳолат минтақанинг барча давлатларида миллий валюта қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.
Аммо Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ, Россия ва Қозоғистонда бу қадрсизланиш Марказий Банкларнинг қатъий назорати остида кечмоқда.
Россия Марказий Банки ўтган ҳафта мамлакат валюта заҳираларини рубл қийматини ушлаб туришга сарфлашдан воз кечишини маълум қилган.
Ўтган ҳафта Қозоғистон ҳукумати ҳам танга қадрини мақсадли равишда туширишни бошлаган.
Россия ва Қозоғистон мулозимлари миллий ваюталар қийматининг тушиши назорат остида эканини айтиб, аҳолини дефолтга йўл қўйилмаслигига ишонтиришмоқда.
Аммо Ўзбекистон Марказий Банки ҳозирга қадар сўмнинг қадрсизланиши юзасидан бирон расмий изоҳ бермаган.
Ҳукумат валюта алмаштиришни қаттиқ назорат қилади ва расмий курс долларнинг асл қийматини акс эттирмаслиги айтилади.
Ўзига хос ва ўзига мос
Дунё бўйлаб кўпгина валюталарнинг қадрсизланиши жаҳондаги молиявий инқироз манзарасида юз бермоқда.
Аммо ўзбек мулозимлари молиявий инқироз дунё молия тизимига интеграция бўлмаган Ўзбекистонни четлаб ўтганини айтишади.
Тошкентлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ўзбек сўми қадрсизланишининг ўзига хос сабаблари бор.
«Бу биринчи навбатда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россия ва Қозоғистондан олиб келаётган валюта оқимининг камайишидир», – дейди таҳлилчи.
Унинг сўзларига кўра, айнан меҳнат муҳожирлари ишлаб топган миллиардлаб доллар маблағлар сўнгги йилларда ўзбек сўмини бутунлай қулашдан асраб қолган.
Энди эса жаҳондаги иқтисодий инқироз манзарасида вазият ўзгармоқда.
Ўзбекистонлик таҳлилчилар яна бир омил ҳукуматнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автоуловларни АҚШ долларида сотиш ҳақидаги қарори бўлганини айтишади.
Ўтган йил ноябрида молиявий инқироз натижасида Россиядан қайтиб келгани айтилган «Нексия» автоуловлари Ўзбекистоннинг ўзида АҚШ долларида сотила бошланган.
Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, Ўзбекистоннинг ўзидаги маҳсулот ишлаб чиқарувчилар орасида ўзбек сўмига ишонч кам.
«Мамлакат иқтисодиётининг импортга таяниб қолаётгани ҳам сўмни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани йўқ», – дейди иқтисодчи.
Ўзбекистон собиқ шўро давлатлари орасида хориж валютасининг «қора бозори» сақланиб қолаётган ягона давлатдир.




