Таниқли театр ва кино актёри Афзал Рафиқов 1948 йил 21 августда Тошкент шаҳрида туғилган.
1967 йил Авиация техникумини тугатган. Бироз муддат самолётсозлик заводида ишлаган.
1974 йил Тошкентдаги Театр ва рассомлик институтини битирган.
1987 йилгача Миллий Академик драма театри, олдинги Ҳамза театрида фаолият юритган.
1987 йилдан шу кунгача Ўзбек Давлат драма театри(собиқ «Ёш гвардия», Аброр Ҳидоятова номидаги театр)нинг актёридир.
«Менинг дастлабки ижро этган ролим – уруш пайтидаги Брест қалъасининг ҳимоячиларига бағишланган «Рўйхатларда йўқ» спектаклидаги лейтенан Плужников роли бўлган», дейди Афзал Рафиқов.
Санъаткорни кўпчиликка танитган роли «Искандар» спектаклидаги Алишер Навоий роли бўлган.
Афзал Рафиқовнинг «Отелло»даги Яго, «Қирол Лир» спектаклидаги Лир ролларининг ижроси аксар томошабинлар ва театр намояндаларига манзур бўлган.
Актёр Равил Ботиров тасвирга олган «Жаннат қайдадир» бадиий фильмида Домла ролини ижро этган.
Аксар телетомошабинлар Афзал Рафиқов овозини Ўзбекистонда намойиш этилган телевизион бадиий фильмлар орқали яхши танийдилар.
У Ҳиндистоннинг «Маҳобхорат» сериали дубляжида қатнашган.
Ўзбекистонликлар Миср Араб республикасининг «Муҳаммадур Расулуллоҳ» телесериалини бир неча йил мобайнида Рамазон ойларида севиб томоша қилганлар, фильм дубляжида асосан Афзал Рафиқов овоз берган.
Шунингдек, у «Даллас» сериали, таниқли Ҳолливуд актёри Мел Гибсон бош ролни ижро этган «Шерюрак» филмларини ўзбекчалаштиришда иштирок этган.
Афзал Рафиқов Ўзбекистондаги қатор йирик байрам ва тадбирларнинг саҳналаштирилган тантаналарида овоз берган.
Тошкентдаги «Ориат-Доно» радиосида Афзал Рафиқовнинг «Фонус» деб номланган маърифий-маданий дастури эфирга берилган, ҳозир ҳам Рамазон ойида «Рамазон фонуси» дастурини тайёрлайди.
У уч ўғилнинг отаси.
Мубина: Таржимаи ҳолингиздан келиб чиқиб савол берсам: нега касбингизни(қизиқишингизни) авиациядан театрга алмаштирдингиз?
Афзал Рафиқов: Мен ёшлигимда актёр бўламан, деб орзу қилган эмасман. Қайтага бошқа касбларни орзу қилардим. Хусусан, ёшликка хос бўлган учувчилик касбига қизиққанман, кейин сал қаттароқ бўлганимда, математика-физика фанларини яхши ўзлаштирганимда, физик-математик олим бўламан, деб ўйлагандим. Кейин оғир касал бўлганимда, даволовчи шифокоримни яхши кўриб қолиб, шифокор бўламан, деб орзу қилганман. Хуллас калом, актёр бўламан деб орзу қилган эмасдим. Менинг наздимда, актёрлик касбига ўқиб бўлмасди. Бу касб эгалари Худодан шундай туғилган бўлса керак, унга ўқиб бўлмайди, деган тушунча бор эди.
Бир куни газеталарни ўқиб ўтириб, газетанинг сўнгги саҳифасида Тошкент институтларининг эълонларига дуч келиб қолдим. Айнан август ойи эди, кириш имтиҳонлари авж олган палла. Ўша пайтларда газеталарда эълонлар босиларди – қайси институт, қайси мутахассислик бўйича аризаларни қабул қилади, деган. Ўшанда тўсатдан Театр ва рассомчилик институтининг эълонини кўриб қолдим. У ерда ёзиб қўйилган эди: институт драма ва кино актёри мутахассислиги бўйича аризалар қабул қилинади. Шунда миямда фикр уйғонди: демак актёрликка ўқиса бўларкан-да. Шу-шу, шунга ўқийман, ана шу касбни ўқиб эгаллайман, деган хоҳиш жудаям чуқур ўрнашиб олди кўнглимда. Бу пайтда авиация техникумининг тахминан 4-курсида, техникумни битириш арафасида эдим. Шу-шу, актёр бўламан, деб ҳаммани куйдирдим.
Ота-онамни ҳам, қариндош-уруғларимни ҳам, мен учун қайғурган одамларни ҳам: “нима қиласан? Бу оғир касб. Ундай-бундай». У пайтда актёрларни мафкурасига нисбатан ҳам қандайдир бир салбий муносабат мавжуд эди жамиятда. “Уларнинг шахсий ҳаёти яхши эмас. У-бу”, деб ҳамма мени бу ишдан тўхтатишга ҳаракат қилган эди. Лекин иштиёқ ниҳоятда кучли бўлгани боис, ўқишга кираман, деб харакатга тушиб, ахийри учинчи уринишимда институтга кира олдим. Шунда ҳам сиртқи бўлимига илиниб қолдим. Энди бу касбни сиртдан қандай эгаллайман, деган тушунча билан дадамдан илтимос қилиб, ўзимизнинг Академик, ҳозирги Миллий академик драма театрига саҳна ишчиси бўлиб жойлаб қўйишларини илтимос қилдим. Ана шу ерда болға кўтариб, декорацияларни қуриб-бузиб, буюк актёрларимизнинг саҳнага чиқиши, ролни қандай ижро этишларини саҳна орқасидан туриб томоша қилиб, шу билан бирга институтда сиртдан ўқиб, актёрлик касбини эгаллаганман.
Афзал Рафиқов 1987 йилдан буён Ўзбек Давлат драма театрининг актёридир
Би-би-си: Кейинги савол – ўзбек дубляжининг бугунги аҳволи ҳақида
Афзал Рафиқов: Дубляж Ўзбекистонда санъат даражасига кўтарилган эди. Собиқ Совет Иттифоқи даврида «Ўзбекфильм” студиясида дубляж қилинган фильмлар ўша пайтларда Москва ва Ленинград шаҳарларида ўтказиладиган бутуниттифоқ дубляж қилинган фильмларнинг фестивалларида ҳамиша энг юқори ўринларни эгалларди. Чунки ўзбек дубляжининг мактаби мавжуд эди ва бу мактабни атоқли адибларимиз, истеъдодли режиссёрларимиз, буюк актёрларимиз яратишган. Адашмасам, 1989 йилнинг охирлари, 1990 йилларда “Прокат” деган ташкилот тугатилди. Илгари дубляж ана шу “Прокат” ташкилоти орқали мавжуд эди, “Прокат”нинг буюртмаси билан “Ўзбекфильм” студиясида йилига 60 га яқин фильм ўзбек тилига дубляж қилинарди. Ана шу “Прокат” ташкилоти йўқ бўлгандан кейин биз тушунган дубляж ҳам табиийки йўқ бўлди.
Ундан кейинги даврда, хусусан мен ўзим айнан шу даврда иштирок этганман, 1992 йилда телевидениедаги мутахассислар бизни – тўрт кишини – Римма Аҳмедова, Ойбарчин Бакирова, Ҳожиакбар Нурматов ва мени ҳинд киночиларининг “Маҳобхорат” деб номланган кўп серияли телевизион бадиий фильмини ўзбек тилига ўгиришга таклиф этишди. Ана шу илк бор уриниш эди. Энди телевидениеда қилинаётган ишларни дубляж деб бўлмайди. Шунинг учун бу нарсаларни таққослаб ҳам бўлмайди.
Чунки телевидениеда қилаётган ишимиз, бу –кадр ортидан синхрон таржима, бу дубляж эмас. Чунки телетомошабин фильмни кўраётганда унинг оригиналини эшитиб туради. Агар у ҳинд киноси бўлса ҳинд тилида, француз тилида бўлса француз актёрларининг овозларини эшитиб туради. Демак, у оригиналини тинглаб тургандан кейин кадр ортида ўзбекча матнни бераётган актёрларнинг вазифаси томошабинга фильмни қабул қилишда халақит бермаслик асосий вазифа қилиб олинади. Шунинг учун бу ерда қандайдир бошқача усул керак, қандайдир бошқача овозлар билан ишлаш керак. Телеведениеда фильмдаги ҳар бир персонажга алоҳида актёрни таклиф қилиб, ўтқизиб қўйиб бўлмайди. Телевидениеда қилинаётган нарса энди бошланди. Шунинг учун ҳам юқори талаб қўйиш нотўғридир, ким билади.
Бу нарсани юқори даражада бажара оладиган актёрларни ҳали тарбиялаш керак. Бунинг учун эса вақт талаб этилади. Шунинг учун мен дубляж соҳаси, дубляж санъати ҳақида гапирилганида, ҳақиқий дубляж билан телевизион кадр ортидан таржима қилишни бир-бирига таққосламаган бўлардим. Бу мутлақо бошқа-бошқа санъат турлари десам ҳам бўлади. Шунинг учун ҳозир Ҳамза Умаровлар йўқ, Римма Аҳмедовалар йўқ, деб ҳозир шу иш билан шуғулланаётган одамларни қора бўёқлар билан бўяш ҳам нотўғри. Менинг ўзимга ҳам ҳозир телевидениеда қилинаётган сериалларнинг ҳаммаси ҳам ёқавермайди. Жаранглаётган овозларнинг ҳаммаси ҳам ёқавермайди. Уларнинг ичида ишласа бўладиганлари бор, уларнинг ичида мутлақо яқинлаштириб бўлмайдиганлари ҳам бор. Энди бу нарсалар вақти келиб ҳаммаси, Худо хоҳласа, жой-жойига тушади.
Би-би-си: Энди Афзал ака, ўзингиз айтганингдек дубляж учун етук санъаткорларни тарбиялаш ишлари бўлаяптими? Дубляж соҳасида «Устоз-шогирд» мулоқотлари ҳозир борми?
Афзал Рафиқов: Албатта, бу нарса бўлмай иложи йўқ. Бундай нарсалар амалга ошмаганида, назаримда, ҳаёт ҳам тўхтаб қолган бўларди. Биз яшаётган эканмиз, меҳнат қилаётган эканмиз, албатта, ёшларнинг тарбиясига, улар малакасини ошишига, “Устоз-шогирд” муносабатларининг бардавомлигига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. Масалан, телевиденида ёш овозларни тарбиялаш билан шуғулланадиган ҳам бор, Худога шукур. Кейин бу ерда иқтисодий томони бор. Масалан, яна ўша эски дубляж ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда актёрларни “проба” қилиб, секин-аста, шошмасдан, вақт бериб, у билан бирга ишлаш имконияти бор эди. Телевиденида бундай имконият йўқ. Эфир деган нарса бор. Ҳар бир серияни вақтида эфирга узатиб туриш керак. Мана шундай қийинчиликлари бор. Бу ерда ёш актёрларни тарбиялашга вақт етишмайди. Чунки суръати ниҳоятда юқори телевидениенинг. Мана шу томонлари бироз халал бераяпти. Лекин булар объектив ҳолат.
Би-би-си: Афзал ака, ўзбекистонликлар севиб қолган кўп қисмли бадиий фильмларининг аксарини бевосита сизнинг овозингиз билан тасаввур қилишади. Сизнинг ўзингизга ўзбекчага ўгиришда ўзингиз иштирок этган қайси фильм ёққан?
Афзал Рафиқов: Албатта, актёрнинг ҳаётида ўзи учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган ишлари бўлади. Театрда ҳам, кинода ҳам, дубляжда ҳам. Вақт ўтгандан кейин авлодлар фалон бир актёрни эслаганда, “мана бу роли”, деб эслайди, битта ёки иккита ролни айтади. Ваҳоланки, у актёр ҳаёти давомида, масалан, 100 та рол ўйнаган бўлиши мумкин. Хусусан, мен учун ҳам дубляж соҳасида ўзимнинг эсимда қолган ишларим ҳам бор. Соф дубляж тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу – мен учун буюк рус кинорежиссёри Сергей Герасимовнинг “Лев Толстой”деган фильмидаги Лев Толстой ролига овоз берганим. Бу ерда қийинчилиги нимада бўлган? Мен ўшанда ёш эдим – 37 ёшда. Толстой экранда ўлими олдидан, демак у 70 ёшдан ошган, 80 га яқинлашиб қолган чол. Манна шу ҳолатни бериш, Толстойнинг буюклигини, идрокини, тафаккурини, даҳосини овоз орқали узатиб бериш ниҳоятда мушкул иш эди.
Ва Худога минг қатла шукур, манна шу қийин вазифани мен уддаладим. Чунки ўшанда дубляж билан шуғулланувчи мутасадди мутахассислар айтишган эди: «Афзал, баракалла. Эпладинг шу ишни». Шунинг учун мана шу нарса менинг эсимда қолган. Энди телевидениеда қилган ишларим ҳақида гапирадиган бўлсак, боя айтдим, биринчиси «Маҳобхорат” эди. Иккинчи уринган катта ишимиз Миср Араб республикаси томонидан Рамазон туҳфаси сифатида инъом этилган “Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб номланган сериал эди. Бу бизнинг бу мавзуга биринчи қўл уришимиз эди. Шунинг учун унинг устида ишлаш ниҳоятда қизиқарли бўлган. Айнан менинг зиммамга пайғамбарлар номидан айтиладиган матнлар тушгани боис, қандайдир бир мушкулот туғдирган. Авваламбор мен албатта қўрққанман мана шундай нарсага қўл уришга.
Лекин шу билан бирга, мана ҳалигача томошабинлардан эшитаман, ҳанузгача кўпчилик шу сериални эслайди ва айнан менинг овоз берган жиҳатларимни мақташиб, менга раҳматлар айтишади. Энди актёр сифатида мен учун бундан-да катта баҳо йўқ.
Лондондан Сардорбек Сарваров: Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг етакчи театр актёрлари етарли маош олаяптиларми? Умуман актёрнинг фақатгина ўз фаолияти билан жиддий шуғуллана олиши учун давлат томонидан етарли деб ҳисобланиши учун қанча миқдорда ўртача маош зарур деб ҳисоблайсиз?
Афзал Рафиқов: Энди бу ниҳоятда мураккаб савол. Мен театр актёри бўлганим учун театр ҳақида гапираман. Очиғини айтадиган бўлсак, театр санъат сифатида шаклланган даврданоқ ҳеч қачон даромад келтирадиган иш бўлган эмас. Мен пул, моддий бойлик нуқтаи назаридан айтаяпман. У ҳамиша маънавий бойликни тақдим этган. Театр ҳамма вақт меценатлар, ҳомийлар ёрдамида яшаб келган. Энди табиий совет даврида театрга давлат қараган. Энди бу менинг тушунчам – бизнинг меҳнатимизга яраша, яъни ҳозирги ҳаётимизни маълум бир даражада сақлаб қолиш учун етарли ҳақ олмаймиз. Совет даврида ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай. Буни ўзгариши ниҳоятда қийин. Бунинг учун жуда ҳам кўп вақт керак. Театрнинг тизимини ўзгартириш керак. Театрларни хусусийлаштириш керак.
Мана шу Ғарб театрларини бориб кўрганимизда, у ерда давлат театрлари жуда ҳам кам, кўпи хусусий театрлар. Улар, албатта, моддий томондан ўзини эплаши учун ўшанга яраша ҳаракат қилади ва ишини шу услубда қуради. Шунинг учун театр актёрлари дубляжга боришади, кинога боришади, радиога боришади, жуда бўлмаса бир тўгаракни олади болаларга ўргатиш учун. Ана шундай қилиб ўзининг орзу-ҳавасини қилади. Кейин яна бир нарса бор – қизиқ нарса шу: бир файласуф қизиқ жавоб берган экан қуйидаги саволга: Шоирни шеър ёзишга, рассомни асар яратишига, ҳайкалтарошнинг ҳайкални қилишига, меъморни, дейлик, бир обидани яратишига, бастакорнинг мусиқа яратишига нима мажбур қилади? “Қашшоқлик”, деб жавоб берган экан ўша файласуф. Бундай олиб қарасангиз, бу гапда ҳам қандайдир бирж он бор-да. Чунки қорнингиз тўқ бўлса, устингиз бут бўлса, ҳеч қанақа муаммоингиз бўлмаса, даврага чиқиб кимнидир ҳожатини олиш учун меҳнат қилгингиз ҳам келмай қолади-да. Балки шундандир, ким билади? Бу мураккаб масала, бу ҳақда кўп гаплашиш мумкин.
Хусусан, мен ўзим саҳнага қорнимни тўйғизиб чиқолмайман. Рол ўйнасам, мен оч қоринга ўйнашим керак. Шунда тузукроқ чиқади. Қорним тўқ бўлса, менинг уйқум келади, саҳнага чиққим келмайди. Шунга ўхшаб, санъаткорни моддий томондан жудаям ошиб-тошиб кетиши уни маҳоратига ва бадиийлигига ҳатто зарар келтириши ҳам мумкин, қай бир даражада.
Америка Қўшма Штатларидан Акром: Сизга саволим – раҳматли Ҳожиакбар Нурматов ҳақида, оиласи ҳақида ўз фикрларингизни билдирсангиз.
Афзал Рафиқов: Ўзи инсоннинг ҳаётида ҳақиқий дўсти битта бўлади. Ҳатто иккита ҳам бўлмайди. Ҳақиқий, асл дўст, агар шундай бўлса, биттагина бўлади. Мен айтолмайманки, Ҳожиакбар Нурматов менинг ҳаётимдаги ҳақиқий дўстим эди деб. Лекин мана шу касби-коримиз орқали биз у билан кўп йиллар ёнма-ён юрдик. У мендан 4 ёш катта бўлгани боис, албатта, саҳнага ҳам олдин келган, экранга ҳам олдин келган, микрофон олдида ҳам мендан олдин турган. Мен эндигина қадам қўйганда у шаклланган, уста, моҳир актёр эди. Лекин шунга қарамай, менга муносабати жуда илиқ эди. Биз ҳаётда ҳам яқин эдик, оиласини яхши билардим – аёлини, болаларини. Борди-келдимиз бор эди. Ҳожиакбарнинг менинг ишларимга берган баҳоси мен учун ниҳоятда қадрли эди. Актёрлар ўртасидаги бундай муносабат кам бўлади.
Чунки актёрлар, барибир, бундай олиб қарасангиз, рақиб. Мен уни ўзимнинг устозим деб ҳам бемалол айтоламан. Саҳнада ҳам, хусусан, дубляжда ҳам. Қизиғи шундаки, мен овоз берган биринчи актёрим Ҳожиакбар Нурматов бўлган. “Парень и девушка” – “Йигит ва қиз” деган Учқун Назаровнинг фильми бор эди. Ўша фильмда Ҳожиакбар бош қаҳрамон ролини ижро этган. Илгари фильмлар рус тилида чиқарди. Шу рус тилида Ҳожиакбарнинг охирги битта гапи негадир ёзилмай қолиб кетган экан. Ёки кейинчалик монтажда қўшилганми? Хуллас калом, мен ўша пайтда киностудияда киномеханик бўлиб ишлаб юрардим, одам тополмай, актёр тополмай мени чақиришган. Ўша пайтда мен киностудия қошидаги киноактёрлар студиясида ҳам ўқирдим-да.
«Буни ҳам хабари бор», деб, мени олиб тушишиб, “мана шунга овоз бериб кўргин-чи”, дейишган. Ўзи икки оғиз гап эди. Мен гапирганман, шу фильмга кириб кетган. Афсуски, ўлим вақтли бизнинг орамиздан уни олиб кетди. Баъзан туриб-туриб соғиниб ҳам қоламан. “Э, Ҳожи, қаттасан, Ҳожи”, деб қўяман ичимда. Мендан 4 ёш катта бўлишига қарамасдан, одобсизлик бўлса ҳам мен уни сансирардим. Ва у хафа бўлмасди. Ҳеч ҳам хафа бўлмаган – “Афзал, нега мени сансирайсан», деган эмас ҳеч қачон. Мен ўзимга уни шунчалар яқин тутганимдан ака ҳам деёлмасдим. Ниҳоятда яқин тутардим ўзимни. Ўз тенгдошимдай кўрардим. Жойи жаннатда бўлсин, илойим.





