Мустақил журналист

Тошкентнинг марказий бозорларидан бирида 60 ёшли рус аёл Чимённинг тоза тоғ асалини сотар экан, молиявий инқироз бошлангандан буён бозорда ҳам савдо суст кетаётганидан нолийди.
“Бозорнинг мазаси йўқ. Янги йилдан кейин икки ҳафта давомида бозорда сотувчилардан бошқа ҳеч ким бўлгани йўқ. Ҳозир харидор бор, лекин аввалгидек гавжум эмас,
одамлар жуда кам бозор қиляпти.
Бунинг сабаби молиявий инқироз
бўлса керак,” дейди у.
Унинг айтишича, кейинги бир ой ичида бозордаги маҳсулотлар нархи кўтарилиши тўхтади, ҳатто 15-20 фоиз арзонлади ҳам. Бироқ бунинг сабаби молиявий инқирозми ёки одамларнинг шундоқ ҳам камбағаллашиб кетаётганими, ўзи ҳам аниқ билмаслигини айтади.
Ўзбекистон иқтисоди ташқи оламдан турли маъмурий чоралар билан мустаҳкам иҳоталангани ва ундаги кўрсаткичларнинг деярли ёпиқлиги туфайли кенг жамоатчилик инқироз таъсири ҳақида фақат “кўча гаплари” билан турли тусмолларга таянади, холос.
Расмий матбуот ва телевидение эса мамлакат “иқтисодининг кундан-кун юксалиб бораётгани ва бу турли мамлакатлар мутахассислари томонидан кенг эътироф этилаётгани” ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошган. Авваллари расмий янгиликлар дастуридаги хорижий хабарлар дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган табиий офатлар ва ҳалокатлар билан тўлдирилар эди. Энди бунга молиявий инқироз ҳам қўшилиб, ҳар куни АҚШ, Британия ва ёки Япониядаги компаниялар иш ўринларини қисқартаётгани ҳақида эшитиш мумкин.
Дунёдаги ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаётган инқирознинг эса Ўзбекистон иқтисодига ҳаттоки эҳтимолий таъсири ҳақида ҳам гапирилмайди. Чунки Ўзбекистон бу бошқа олам, дейди одамлар бироз киноя билан. “Агар жаннат кўкда бўлса, остидадур Ўзбекистон, агар жаннат ерда бўлса, устидадур Ўзбекистон,” деган сатрлар эса бугун мактаб ўқувчилари орасида ҳам шиорга айланган.
Кўплаб маҳаллий иқтисодчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ривожланган мамлакатлардаги каби манзаранинг кузатилмаслиги табиий ҳол. Чунки, минглаб ишчиларга эга йирик корхоналар 1990 йиллар бошларидаёқ синиб бўлган. Масалан, Тошкентдаги бир пайтлар машҳур бўлган “Малика” фабрикаси биноси ҳозирда савдо марказига айланмоқда. Самолётсозлик заводининг Ўрда яқинидаги филиал заводи шу кунларда ер билан битта қилиб текисланди. Завод ўрнида эса тез орада пойтахтнинг энг қиммат уйлари қад ростлаши мумкин.
Мамлакатда иш кўраётган аксар қўшма корхоналар эса ўта йирик эмас ва уларга киритилган сармоялар давлат томонидан кафолатланган. Ўтган йил охирида Президент Ислом Каримов экспорт учун ишловчи корхоналарга имтиёзлар берувчи фармонга имзо чеккан эди. Январ ойи охирида эса ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган яна бир фармон чиқарди.
Ўзбекистонда хорижий қарзлар эвазига аҳоли учун кредит тизими жорий этилмаган ва шу боис қўшни Қозоғистондаги каби кредит можароси ҳам кузатилмайди.
Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон учун ниқирознинг салбий оқибатлари жорий йилда экспорт тушумининг камайишида кўриниши мумкин. Бошқа жиддий муаммо эса Россиядан йилига миллионлаб доллар жўнатаётган мардикорларнинг юртига қайтишидир. Бу ҳатто йирик ижтимоий муаммо келтириб чиқариши мумкинлиги тахмин этилмоқда. Бироқ ўзбек расмийлари бундай муаммо юзага келиши мумкинлиги ҳақида сукут сақламоқда.
Тошкентдаги «Авесто» тадқиқот гуруҳининг маълум қилишича, январ ойида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 15 йиллик иш тажрибасига эга ўрта ёшли кишилар ҳам пайдо бўлган. Аввалги ярмаркаларда талабалар, битирувчилар ва 30 ёшгача бўлганлар қатнашиб келган. Тадқиқот гуруҳи бу ўзгаришни молиявий инқироз билан боғламоқда. Ўзбекистондаги айрим қўшма корхоналарнинг ёпилиши ёки иш ўринлари қисқариши ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин, дейди тадқиқот гуруҳи.
Ўтган йилнинг кузидан бошлаб уй-жой ва автомобил нархларидаги ўсишнинг тўхташи четдан келаётган пулларнинг камайиши билан изоҳланиши ҳам мумкин, дейди бошқа кузатувчилар. Уларнинг айтишича, одамларнинг харид қуввати тобора камайиб бормоқда, нархларнинг бироз ортга қайтишини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.
Тошкент бозорларида бир литр кунгобоқар мойи куз ойларида 4 минг сўмгача чиққан бўлса, ҳозир расталарда 3300 сўмдан териб қўйилган. Айни пайтда эса бозорнинг ўртасида уч хил савдо белгисидаги кунгабоқар мойи 2500 сўмдан сотилмоқда. Бу бутун Тошкент бўйича ҳам энг арзон нарх. Бундан арзон мой фақат талонга сотиладиган пахта ёғи, унинг баҳоси 2100 сўм.
Растага Тошкент шаҳар ҳокимининг фармонидан кўчирма ёпиштириб қўйилган. Унда “28 январдан 28 февралга қадар Тошкент шаҳар бозорларида “Золотая семечка”, “Злато”, “Аведов” мойлари арзонлаштирилган нархда сотилсин!” деб ёзиб қўйилган.
Бозорда ҳеч ким бунинг сабабини тушунтириб беролмайди. Баъзилар молиявий инқироз туфайли бюджет бўшаб қолаётгани, унга тушумни ошириш учун товарлар арзонлаштирилган ҳолда сотилмоқда, дейди. Бошқалар эса бу одамларни харидга қизиқтириш учун қилинаётганини айтади.
“Чунки бозор сустлашиб кетди-да,” дейди олма сотиб ўтирган аёл ва бекорчиликдан яна мудрашни бошлайди.



